Линклар

Умрага талабгорлар Тошкентдаги Новза масжидидаги рўйхатга олиш жараёнида коррупция авж олганига норозилик билдирди.

Озодлик манбаларига кўра¸ Ўзбекистондаги Умра зиёратига бормоқчи бўлганларни рўйхатга олишнинг ягона маскани бўлган Тошкентдаги Новза масжиди олдида 16 январдан бошлаб, ҳар куни мингдан ортиқ одам йиғилмоқда.

Умрага боришни ният қилган зиёратчиларнинг айтишларича, рўйхатга олиш жараёнининг адолатсиз ташкил қилингани норозиликка сабаб бўлмоқда.

Ўзи ҳам Умра зиёратига боришни ният қилган Эзгулик инсон ҳуқуқлари жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими фаоли Шоира Содиқбековага кўра, 17 январ куни тушдан кейин навбатга ёзилишдаги адолатсизликларни кўргандан сўнг одамларнинг тоқати тоқ бўлган:

- Уч йилдан буён навбатга ёзилолмаган одамлар шикоят қилишвотти. Кеча соат 4 ларга бориб оломон кўтарилиб кетди. Бақир-чақир қилиб юборди, одамлар. Киришга навбатга ёзилган бўлса ҳам, навбати биринчи ўринда турган бўлса ҳам таниш-билишчилик қилиб ўзларининг одамларини орқа эшикдан киритишяпти, дейди Шоира Содиқбекова.

Ҳуқуқ фаолига кўра, масжид ичкарисига ким киришини фақат бир киши, Зулҳайдар деган одам назорат қилаяпти. Бироқ, бу одамнинг тўғрилигига одамларнинг ишончи қолмади, дейди Шоира Содиқбекова.

- Ҳаво жудаям совуқ, скамейка деган нарса умуман йўқ. Одамлар ўзлари уйдан олиб кетган стулларда ўтирибди. Яхшиям аёлларга масжидни подвалига жой қилиб беришган экан. Лекин унга ҳам ҳамма сиғмайди, навбат билан кириб-чиқишяпти. Халқ масжидга киришда қоровул турган Зулҳайдар деган йигитдан жуда ҳам норози бўлди, одамлар сен Зулҳайдар эмассан, сен Зарарҳайдарсан деб тўполон қилди. Чунки, у ўз одамларини навбатсиз киритаётган эди, дейди ҳуқуқ фаоли.

Шоира Содиқовага кўра, зиёратчиларни рўйхатга олиш ишлари фақат кимларнидир манфаати учун мос бўлаётганлиги, бу ердаги ташкилий ишлардан ҳам маълум бўлиб қолган:

- Ҳеч кимни ичкарига қўяётгани йўқ, фақат ўз одамлари киряпти. Бир кунда, ўзимиз кўрдик, 10-15 одам кириб чиқди. Бироқ кечқурун рўйхатга олинганлар сони 100 дан ортиқ эканлиги эълон қилинади.
Битта ёш йигит бир сўмка паспорт олиб кириб кетаётганини ўзим кўрдим. Шундай улуғ даргоҳда ҳам пора билан иш битяпти¸ шекилли, деган фикр пайдо бўлади, одамда, дейди Шоира Содиқбекова.

Умра ва Ҳажга зиëратчиларни танлаш жараëнидан яхши хабардор тошкентлик пенсионер Абдуманнон Холжўраевнинг айтишича, Ҳаж ва Умра зиёратларидаги навбатни тезлаштириш учун пора билан иш битириш оддий ҳолга айланган:

- Бу иш порасиз битмайдику, бу Ўзбекистонку. Умранинг нархи навбатнинг қанчалик тезлаштиришига қараб нархи 300-1000 доллар. Буни маҳалладан Ҳажга талабгорлардан билиб олдим. Энди бизда шунақа, қўшниси очдан ўлаётган бўлса ҳаму пора бериб Ҳажга боради. Бу ҳам зиёрат, ҳам тижоратда, дейди Абдуманнон Холжўраев.

Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг ўзини таништирмаган ходими микрофонсиз суҳбатда Умра зиёратига бориш учун пора олинаётгани фактини кескин инкор этди ва Новза масжиди телефони ишламаётгани сабабли Умра зиёрати бўйича маълумот олиш учун мазкур идоранинг халқаро бўлимига мурожаат қилишимизни маслаҳат берди. Бироқ халқаро бўлимнинг 240 18 58 телефони гўшагини кун бўйи ҳеч ким олмади.

Ҳар йили Умра зиёратига 6000дан ортиқ ўзбекистонлик боради.

Мусулмонлар 30 миллионга яқинлашиб қолган Ўзбекистон аҳолиси учун бу жуда ҳам кам эканидан шикоят қиладилар.

Ўзбекистондаги Дин ишлари бўйича қўмитадан олинган маълумотга кўра, ўтган йилда 6 000 дан ортиқ ўзбекистонлик Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида Умра зиёратини адо этиб қайтган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG