Линклар

logo-print

Ўшликларга берилган товон пулига милиция ҳам шерикми?


Ўш ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ўшликларни талашнинг янги усулларини ўйлаб топишмоқда.

Ўш ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари ўшликларни талашнинг янги усулларини ўйлаб топишмоқда.

Ўш қирғинида жабрланган ва яқинларини йўқотган ўшликлар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан таланмоқда.

Ҳукумат томонидан Ўш қирғини пайтида яқинларидан ажраган ўшликларга бир миллион сўм, яъни тахминан 22 минг доллардан товон пули берилмоқда. Ўшдаги “Эдвокаси центр” ҳуқуқ марказининг билдиришича, ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг нопок ходимлари 2010 йил қирғинида жабрланган ва яқинларидан ажраган ўшликларга ҳукумат томонидан берилаётган товон пулларига шерик бўлаётгани ҳақида аризалар келиб тушмоқда..

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Иззатулло Рахматуллаевнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан таланаётган ўшликларнинг асосий қисми ўзбеклардир.

- Бизга ўнга яқин одам оғзаки мурожаат қилди. Уларнинг ҳаммаси ўзбеклар. Улар қирғинда ҳалок бўлган қариндошлари учун ва мол-мулклари учун компенсация олган эканлар. Уларни милицияга чақиришиб, турли баҳоналар билан 50 мингдан 200 минг сўмгача, яъни тахминан 1100 доллардан 4500 долларгача пул талаб қилишибди. Бизга оғзаки мурожаат қилганлар ариза ёзишдан ҳам қўрқишмоқда, -деди Иззатулло Рахматуллаев.

Ўшлик ҳуқуқ ҳимоячиси Содиқжон Маҳмудовнинг айтишича, бундай товламачилик билан кўпроқ шаҳар ҳуқуқ-тартибот тузилмалари ходимлари эмас, вилоят даражасидаги тузилмалар шуғулланаётгани ҳақида арзлар бўлган.

- Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўлганларнинг қариндошларига “Эксгумация қилинганда нотўғри қилинган. Сенинг қариндошинг воқеа пайтида ўлмаган” қабилидаги гаплар билан уларни қўрқитиб, кейин “мана шунча пул олиб келасан, бу ёғини ўзимиз тўғрилаб юборамиз”, дейишаяпти экан.

Озодлик: Бу масалада прокуратура, милиция раҳбарияти билан гаплашдингларми?

- Бизга кўпроқ шаҳар структуралари устидан эмас, вилоят структуралари устидан арзлар бўлаяпти. Ундан кейин қуруқ гапни гапиришдан фойда йўқ. Шикоятчилар эса расман ариза ёзишдан бош тортишмоқда.

Озодлик: Нега энди шикоятчилар арзиа ёзишдан қўрқишаяпти?

- Бундан ҳам ёмонроқ кунларга мубтало бўлмайлик, деб қўрқишади-да. Ҳозир ҳуқуқ-тартибот ҳодимлари беспредел қилишаяптику, ҳоҳлаган ишларини қилишаяпти. Одамлар кимга бориб арз қилишни билишмаяпти, -деди Содиқжон Маҳмудов.

Ўзини Содиқжон деб таништирган ўшликлардан бир эса шаҳарнинг Черемушки мавзесида нафақат ҳуқуқ-тартибот тузилмлари ходимлари, балки оддий аскарлар ҳам талончилик билан шуғулланаётганини айтади:

- Черемушкадаги ҳарбий қисмдан тўртта ҳарбий чиқиб, кўчада турган ўсмирларни ушлашиб, касалхонанинг ҳовлисига олиб киришибди. Кейин ҳарбийлар ўсмирлардан телефони ва флэшкаларини тортиб олишга ҳаракат қилишган. Ўсмирлар у ердан қочиб кетишга муваффақ бўлишган. Ўсмирларнинг айтишларича, ҳарбийлар уларни тўппончалари билан қўрқитишган. Бу каби ҳолатлар қачонгача давом этиади ўзи?- дейди Содиқжон.

Ўш шаҳар милицияси матбуот котиби Замир Сидиқов бу каби ҳолатлар содир бўлаётганини ва бу ишларда ҳуқуқ-тартибот тузилмаларининг айрим нопок ходимлари қўли борлигини яширмайди. Айни пайтда расмий бу борадаги шикоятларнинг кўпчилиги ўз тасдиғини топамаётганини ҳам айтади:

- Беш қўл баробар эмас, шунинг учун ҳамма ўз вазифасини сидқидилдан бажараяпти дейишдан ожизман. Бахтга қарши ходимларимиз орасида нопоклари ҳам учраб турибди. Аммо ҳуқуқ-тартибот ходимларига нисбатан билдирилаётган шикоятлар ва арз-додларнинг ҳаммаси ҳам ўз тасдиғини топаётгани йўқ. Шунинг учун оғзаки гапдан кўра, аниқ фактларга асосланган далилларни аҳоли ҳам, ҳуқуқ фаоллари ҳам бизга тақдим қилсалар, бу борада албатта чора кўрилади, -деди Замир Сидиқов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG