Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:39

Тожик темирйўлчилари яна Тошкентни айбламоқда


“Тожикистон темир йўллари” расмийлари иддаосича, Тожикистонга ўтадиган юк транзити ҳажми кескин қисқарганига Ўзбекистон ҳукумати олган яширин қарор сабаб бўлган.

Тожик мулозимларига кўра, Ўзбекистон томони Тожикистондан “Москва-Кўлоб” йўловчи поездлари ҳаракатини батамом тўхтатишни ҳам сўраган.

Ўзбекистонга юкланаётган янги айблов қанчалик асосли?

Тожикистонга ўтадиган юк транзити ҳажми айнан Ўзбекистон ҳукуматининг яширин қарори асосида қисқаргани ҳақида 18 январ куни “Тожикистон темир йўллари” ширкатининг 2011 йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида айтилди.

- 2011 йилда 30 миллион 903 минг тонна транзит юк ташилди. Бу кўрсатгич 2010 йилга нисбатан 1 миллион 32 минг тоннага, 2009 йилга нисбатан эса 5 миллион 127 минг тоннага кам. Ёки шу йилнинг 17 кунини олсак, Ўзбекистон ҳудудидан ўтадиган юк транзити ҳажми ўтган йил шу вақтига нисбатан 50 фоиз қисқарган, - дея маълумот берди журналистларга “Тожикистон темир йўллари” ширкати раис муовини Усмон Қаландаров.

“Тожикистонга юк транзити ҳажми айнан Ўзбекистон ҳукуматининг яширин қарори билан қисқарганига оид фикрингизни нима билан асослайсиз, бундай қарор қабул қилинганидан қандай хабар топдингиз?” дея сўрадик Қаландаровдан.

- Ўзбекистон юк транзити ҳажмини қисқартириш борасида қарор қабул қилганини интернетдан билдик. Ва юқорида 2010 ва 2011 йилларга оид келтирган маълумотларимиз ҳам буни исботлаб турибди, - дея жавоб берди Тожикистон ҳукумат расмийси Қаландаров.

Аснода тожикистонлик мустақил таҳлилчилар “Тожикистон темир йўллари” ширкати расмийсининг интернет сайтларига асосланиб, Ўзбекистон ҳукуматини айблаётганини унинг ўз ишида профессионал эмаслиги исботи, дея баҳоламоқда.

- Темир йўл ширкатининг юқори даражали расмийси Ўзбекистон ҳукуматининг расмий хабарига эмас, балки қайсидир сайт хабарларига асосланиб, шундай хулоса қилиши, биринчидан унинг ўз ишида профессионал эмаслиги, иккинчидан эса, икки қўшни республика темир йўл ширкатлари ўртасида ҳамкорлик мутлақо йўлга қўйилмаганининг исботидир. Зеро, Интернетда нашр қилинаётган ҳамма маълумотлар ҳам ҳақиқат эмас. Менимча, бу идора ўша маълумотни бевосита Ўзбекистон томони билан бўлмаса ҳам, республика Ташқи ишлар вазирлиги орқали тасдиқлатиб олиш мумкин эди, - дейди мустақил таҳлилчи Хуршед Атоуллоев.

Мавзу юзасидан “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати масъуллари билан боғланишга уринишларимиз натижа бермади.

“Ғалаба-Амузанг” темир йўлининг ёпилиши сиёсий масала...ми?

Тожикистон темир йўлчиларининг бир йиллик фаолияти якунларига бағишланган бугунги матбуот анжуманида асосан Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида юзага келган юк вагонлари билан боғлиқ муаммолар хусусида сўз бўлди.

“Тожикистон темир йўллари” ширкати раисининг биринчи муовини Владимир Собкалов “Амузанг-Қўрғонтепа” темир йўли ҳамон берк қолаётгани ҳақида сўзларкан, “бу масала темир йўл муаммоси эмас, балки сиёсий муаммодир”, дея таъкидлади.

Расмий ўз фикрини “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати бу томонга икки хил мазмунда телеграмма йўллагани билан асослади. Яъни дастлаб ўзбек темир йўлчилари “Ғалаба-Амузанг” темир йўли ўтган кўприк устунлари яроқсиз ҳолатга келиб қолганини маълум қилган бўлсалар, кейинчалик улар темир йўлда террорчилик хуружи содир этилганини билдирганлар.

- Ҳар бир нарсани ўз номи билан аташ лозим. Бу – қамал, ундан бошқа нарса эмас. Ўзбекистон бизнинг жанубий ҳудудимизни қамал қилган кундан буён Хатлон вилоятига тегишли 298 юк вагони бизгача етиб келгани йўқ. Бу вагонларда ёнилғи, озиқ-овқат маҳсулотлари, ун ва буғдой ҳамда қурилиш материаллари бор, - деди Собкалов.

Аснода Владимир Собкалов Хатлон ва Бадахшон вилоятларида озиқ-овқат тақчиллашаётгани сабабли “Ғалаба-Амузанг” темир йўли тезроқ ишга туширилишини сўраб Ўзбекистон томонига қилинган мурожаатлардан натижа чиқавермагач, Душанбедаги қатор дипломатик корпуслар, жумладан, Ўзбекистоннинг Душанбедаги элчихонаси, бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар, МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлари темир йўллари Кенгашига расмий мурожат қилганини маълум қилди.

“Ғалаба-Амузанг баҳси атрофида шовқин кўтаринг!”

- Аммо, - дея қўшимча қилди Собкалов, - ўша ташкилотлар ҳам “Ўзбекистон темир йўллари” ширкатининг ўтган йил декабр сўнгида бизга юборган телеграммасида билдирилган важни келтирган.

2011 йил поёнида “Ўзбекистон темир йўллари” ширкати Тожикистон томонини “Ғалаба-Амузанг” темир йўлида тергов-қидирув ишлари ҳамон давом этаётгани сабабли бу ҳудудда таъмирлаш ишлари ҳалича бошланмаганидан хабардор қилганди.

Владимир Собкаловнинг айтишича, “Амузанг-Қўрғонтепа” темир йўлининг ҳамон ёпиқлигича қолаётганига яна бир сабаб Ўзбекистон ҳукуматининг “Москва-Кўлоб” пассажир ташувчи поездларининг ўз ҳудудидан ўтишини истамаётганидадир.

“Улар бу поездларимиз ҳаракатини умуман тўхтатишни сўраган эди”, дер экан Собкалов оммавий ахборот воситалари вакилларини “Амузанг-Қўрғонтепа” темир йўли билан боғлиқ муаммо атрофида “матбуотда шовқин кўтариш”га даъват қилди.

- Сиз оммавий ахборот воситалари вакилларидан бу масала атрофида шундай бир шовқин кўтаришингизни астойдил сўранаман. “Нега ва қайси қонунлар асосида Ўзбекистон томони Тожикистонга шундай муносабатда бўлаяпти?” деб шовқин кўтаринг. Сизлардан ўтиниб сўрайман, - деди “Тожикистон темир йўллари” ширкати раисининг биринчи муовини Владимир Собкалов.

Тожик расмийлари сўзларидан маълум бўлишича, ҳозирча бу масала президентлар даражасига кўтарилмаган.

“Тожикистон темир йўллари” ширкатининг йиллик фаолияти натижаларига бағишланган йиғинга якун ясаган мазкур идора расмийси Усмон Қаландаров “Ғалаба-Амузанг” темир йўли халқаро темир йўл саналишини яна бир бор таъкидлар экан, 2010 йилда халқаро ташкилотлар, жумладан, Эрон Ислом жумҳурияти аралашувида ҳал бўлган айни муаммо яқин кунларда ечим топишига умид қилишини айтди.
XS
SM
MD
LG