Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:51

Журналист Шоди Мардиев оламдан ўтди


Шоди Мардиев
Шоди Мардиев

Ўзбекистонлик журналист Шоди Мардиевнинг ўлими унинг қамоқда орттирган касал оқибати деб қаралмоқда


Журналист ва собиқ сиëсий махбус Шоди Мардиев 14 январ куни 72 ëшида Самарқанддаги уйида оламдан ўтди.

Бу ҳақда Озодликка маълумот етказган Пастдарғомлик тингловчи Шоди Мардиевнинг қамоқда орттирган хасталик оқибатида вафот этганини билдирди.

Самарқанд вилоят телерадиoқўмитасида журналист бўлиб ишлаган Шоди Мардиев 1997 йилда вилоят прокуроридан пора олганликда айбланиб 11 йилга қамалган эди.

Суд ҳукми эълон қилинган куни Озодлик радиосига гапирган Мардиевнинг адвокати бу ҳолат журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқлигини таъкидлаган эди.

Қамоққа олинишидан сал олдин Мардиев Самарқанд вилоят прокурори Талъат Абдуҳолиқзодани вилоят радиосида танқид қилган эди.

Ана шундан кейин Шоди Мардиевга қарши “пора бериш” тадбири ташкил қилинган эди деган эди журналистнинг адвокати.

Мардиевнинг қамоққа олиниши Ўзбекистонда сўз эркинлигининг тазйиқ қилиниши сифатида қаралиб халқаро доираларда танқидга сабаб бўлди.

Чегара билмас мухбирлар, Хьюман Райтс Уотч, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби халқаро ташкилотлар журналистни озод қилишни талаб қилган эди.

АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида Шоди Мардиевнинг қамоққа олиниши сўз ва ифода эркинлигининг поймол қилиниши деб таърифланди.

2002 йилнинг январ ойида Озодлик радиосининг Тошкентдаги мухбири Фурқат Яквалхўжаев Ўзбекистон президентига “Шоди Мардиев қачон озод қилинади?” деб савол берган эди. Президент “бунақа журналистнинг қамоқда эканлигини энди эшитяпман” деб жавоб қайтарган эди.

Бу вақтга келиб Шоди Мардиев Ўзбекистондаги қаттиқ режимли Қизилтепа қамоқхонасида ("Қизил зона") жазо ўтар эди.

Қамоқда у билан бирга жазо ўтганлар Шоди Мардиевнинг юрак ҳуружи ва радикулитдан азоб чекканлигини айтишган.

Шоди Мардиев қамоққа олинганидан кейин унинг рафиқаси Раъноҳон Аминова мухтожлик ва ҳиссий зўриқиш боис кўзи ожиз бўлиб қолди.

Қамоқдаги журналист Шоди Мардиевга озиқ-овқат етказиб туриш вазифаси унинг ëлғиз қизи Дилбар Мардиева зиммасига тушди.

Халқаро босимлар боис Шоди Мардиев 2001 йил охирида қамоқдан озод қилинди.

Бу озодликдан кейин Шоди Мардиев ҳасталик, мухтожлик ва ишсизликдан иборат ҳазин турмуш билан юзма-юз яшади.

Шоди Мардиев билан учрашганлар унинг кейинги пайтда нафақат цензура ва эрксизлик билан, балки юрак ҳуружи, ревматизм каби ҳасталикларга қарши курашаëтгани ҳақида айтишди.

Шоди Мардиев умрининг охиригача журналистик маслакка содиқ қолди. Мардиев ўзи яшаëтган Пастдаршом туманидаги муаммоларни имкон қадар Озодлик радиосига гапириб турди.

Шоди Мардиев собиқ Совет Иттифоқи пайтида ҳам танқидий мақолалар ëзган журналист бўлган. Унинг 350 дан зиëд танқидий мақолалари “Муштум” журналида чоп қилинган.

Озодлик таҳририяти марҳум журналистнинг яқинларига ҳамдардлик билдиради.
XS
SM
MD
LG