Линклар

logo-print

Хитойда Twitter каби микроблог фойдаланувчилари бундан буён Интернет фазосида асл исм-шарифлари билан рўйхатдан ўтишлари шарт бўлади.

Хитой ҳукумати тарафидан қабул қилинаётган янги тартиб-қоида бу мамлакатда блоггерларнинг аноним исмлар билан чиқишларини тақиқлайди.

Хитойда юзлаб миллион одам микроблоглардан аноним исмлар билан фойдаланади.

Бугунги кунда микроблоглар бу мамлакатда ҳукуматни танқид қилишнинг энг қулай ва оммавий усулига айланган.

Хитойда инсон ҳуқуқлари топталиши, ижтимоий норозиликлар ҳақидаги ҳукумат хуш кўрмайдиган хабарлар айнан микроблоглар орқали ёритилади. Ҳукуматдагилар эса бу каби хабарларга жамоатчилик хавфсизлигига таҳдид сифатида қарайдилар.

Хитойлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳукумат тарафидан блоггерларни асл исмлари билан фаолият қилишга мажбурловчи янги тартибни цензура ўрнатишга уриниш, деб таърифламоқдалар. Сабаби жорий этилаётган бу тартиб тармоқда танқидий мақолалар муаллифларини аниқлашни осонлаштиради.

Хитойда ҳукумат Интернет устидан кучли назорат ўрнатган. Бу мамлакатда Twitter ва Facebook каби ижтимоий тармоқлар деярли тақиқлаб қўйилган. Лекин бошқа тур микроблоглар халқ орасида оммалашган.

2011 йилда микроблог юритувчилар сони Хитойда тўрт баравар ошди.

Бу мамлакатда беш юз миллион Интернет фойдаланувчининг деярли ярми микроблогларнинг доимий мижозлари ҳисобланади.

Ўтган йилда Вэнжоуда тезюрар поезд ҳалокати, Даляндаги оммавий норозиликлар каби ҳукумат хуш кўрмайдиган мавзулар микроблогларда фаол муҳокама қилинганди.

Микроблог фойдаланувчилари сони шиддат билан ортиб бораётгани эса Пекин ҳукуматни жиддий хавотирга солади.

Янги тартиб таҳлилчилар томонидан интернет блоггерларни назорат этишга уриниш сифатида баҳоланмоқда.
XS
SM
MD
LG