Линклар

АҚШдан келаётган хабарларга кўра, президент Барак Обамани ўлдиришга уринганликда айбланаётган ўзбекистонлик Улуғбек Қодиров айбига иқрор бўлиш ниятида.


АҚШда чиқадиган “Birmingham News” рўзномасига кўра, чоршанба куни Алабама штати федерал ҳаками Қодировнинг расмий иқрорини тинглаш учун 10 феврал кунига маҳкама тингловларини белгилаган.

21 ёшли Улуғбек Қодировнинг адвокати Ланс Белл ҳам “Birmingham News” мухбирига ўз мижози айбига иқрор бўлиш ниятида эканини тасдиқлаган.

Алабама штати маҳкамаси Улуғбек Қодировга нисбатан айбловларни ўтган йил июл ойида расман эълон қилган эди.

У АҚШ президенти Барак Обамани ўлдиришга қасдланганлик, М-15 автоматик қуроли, гранатага ноқонуний эгалик қилганлик ва Америка ҳудудида ноқонуний яшаб келганликда айбланганди.

Тергов ҳужжатларига кўра, Улуғбек Қодиров 2011 йил 13 июл куни АҚШнинг Алабама штати Бирмингем шаҳри яқинидаги меҳмонхонада ўзини қурол сотувчиси дея танитган полиция ходимидан қурол сотиб олиш жараёнида ҳибсга олинган.

Қодиров 2009 йили талабалик визаси билан АҚШга келгани айтилган.
Лекин 2010 йил апрелига қадар бирорта ҳам ўқув даргоҳида қайддан ўтмаганлиги туфайли Улуғбек Қодировнинг визаси ўз кучини йўқотган ва у АҚШ ҳудудида ноқонуний яшаб келган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG