Линклар

Татаристонда террорчиликда гумонланаётган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди


17 январ куни Татаристонда террорчилик ва портловчи моддаларни ясаганликда гумонланаётган яна икки шахс, жумладан Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани хабар қилинди. Айни пайтда, Татаристон диний бошқармаси мусулмонлар орасида террорчилик ва экстремизмга қарши тарғибот ишларини жадаллаштираётгани айтилмоқда.


Татаристон пойтахти Қозонда террорчиликда гумонланган ва полиция ходимига қаршилик кўрсатгани учун отиб ўлдирилган ўзбекистонлик Рустам Юсуповнинг шериклари деб гумон қилинаётган икки шахс қўлга олингани хабар қилинмоқда.

- Улар террорчилик актига тайёргарлик кўраётганликда ва портловчи мосламаларни ясаш ҳамда сақлашга алоқадорликда айбланмоқда. Улардан бири Ўзбекистон фуқароси, 44 ёшли Радик Валиев, иккинчиси 37 ёшли татаристонлик Рауф Ситдиқов. Айбланувчилар суд қарорига кўра, ҳибсга олинган, дея маълум қилди Озодликка Татаристон Тергов бошқармаси бошлиғи муовини Эдуард Абдуллин.

Бироқ, Тергов қўмитаси расмийси ҳибсга олинганлар полициячилар томонидан 12 январ куни ўлдирилган Рустам Юсуповга қандай алоқаси бўлганини очиқламади.

Шунга қарамасдан, тергов хулосалари эълон қилинмасдан оммавий ахборот воситаларида Рустам Юсупов Қозонда портлаш уюштирмоқчи бўлган жиноий гуруҳ етакчиси бўлган, дея эълон қилинмоқда. Терговчиларнинг дастлабки тахминларига кўра, Радик Валиев ва Рауф Ситдиқов яна бир террорчилик актини уюштиришга тайёргарлик кўрган.

Рустам Юсупов ўлдирилган операциядан кейин олинган видеони Татаристон ИИВси эълон қилди.

“Комсомольская правда”нинг хабар қилишича, Рустам Юсупов, Радик Валиев ва Рауф Ситдиқов махсус хизматлар назарига тушмасдан олдин Қозонда квартиралар ремонти билан шуғулланиб келган.

Айни пайтда, Татаристон Тергов бошқармаси бошлиғи муовини Эдуард Абдуллин Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ-тартибот органлари Рустам Юсуповнинг беваси - террорчиликда гумонланиб қўлга олинган Лениза Тимергалиевани озод қилганини маълум қилди.

- У дастлаб бу воқеаларга алоқадорликда гумон қилинаётган эди, лекин сўроқ қилинганидан кейин, у билан суҳбатлашганимиздан кейин бу жиноятлардан мутлақо бехабар экани аниқланди. Икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ҳисобга олиниб, Лениза эртасигаёқ қўйиб юборилди, деди матбуот маркази расмийси Эдуард Абдуллин.

Озодлик олдинроқ хабар берганидек, Ўзбекистон фуқароси 38 ёшли Рустам Юсупов ва 27 ёшли Лениза Темиргалиева шу йилнинг 10 январ куни Рустамнинг ота-онасига тегишли Мемдел қишлоғидаги уйда чиққан ёнғинни ўчиргани келган ўт ўчирувчилар учта портловчи мослама, жумладан масофадан бошқариладиган бомба аниқлаганидан кейин Татаристон ИИБси томонидан қидирувга берилган эди.

Рустам Юсуповнинг ота-онаси яшаган уй.

Рустам Юсуповнинг ота-онаси яшаган уй.

Россия Тергов қўмитаси расмийси Владимир Маркин Рустам Юсуповни диний-экстремистик оқим аъзоси бўлгани ва террорчилик актига тайёргарлик кўраётгани аниқланганини расман тасдиқлади.

Ўтказилган тергов-суриштирув ишлари натижасида 12 январ куни Рустам Юсупов Қозон шаҳар Химиклар кўчасида топилган. Ўз хонасида полициячига пичоқ билан ташланиб уни яралаган Юсупов, табел пистолетидан отиб ўлдирилган.

Мазкур операция давомида яна бир полициячи – сапёр Марсел Шакирзянов Високогорний тумани Мемдел қишлоғидаги Юсуповлар уйида аниқланган портловчи мосламани зарарсизлантираётганида жароҳат олди. Бомба портлаши оқибатида Шакирзянов ўнг қўлидан айрилди.

Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 30-моддаси, 1-қисми, 205-моддаси, 1-қисми (террорчилик ҳаракати содир этишга тайёргарлик кўриш), 222-моддаси 1-қисми (портловчи мосламаларини ноқонуний сақлаш) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Айни пайтда, Татаристон Мусулмонлар диний бошқармаси республикада радикал ислом ва экстремизмга қарши тарғибот ишларини бошлаганини маълум қилди. Татаристон Бош муфтиятининг Тарғибот-ташвиқот ишлари бўйича раҳбари Ришат Хамидуллин Озодликка Татаристоннинг барча диний муассасаларида тушунтириш ишлари олиб борилаётганини гапиради.

- Бу, биринчи навбатда, туманларда диний фаолият билан шуғулланувчи шахслар билан суҳбатлар, турли минтақаларимизнинг мухтасиблари билан учрашувлар ўтказилишини англатади. Чунки айнан мухтасибларга назорат функцияси юклатилган. Шунингдек, барча масжидларда ғоявий ташвиқот ишлари жадаллаштирилади, мусулмонлар орасида шу мавзуга оид маърузалар қилинади, дея маълум қилди Татаристон Мусулмонлар диний бошқармаси расмийси Ришат Хамидуллин.

Татаристон Диний бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2011 йилнинг биргина баҳор-ёз мавсумида Татаристонда мавжуд 1300 та мусулмонлар диний муассасаларининг аксариятида имомлар алмаштирилган.

Полициячи томонидан отиб ўлдирилган тошкентлик Рустамнинг отаси Абдулла Юсупов ўз ўғлининг террорчиликка мутлақо алоқаси йўқлигини айтмоқда. Рустам Юсуповнинг жасади унинг яқинларига берилмаган.

ProKazan.ru сайтининг хабар қилишича, Мемдел қишлоғи маъмурияти Рустам Юсуповни бу қишлоқда дафн этилишига қарши чиққан.
XS
SM
MD
LG