Линклар

Freedom House: Ўзбекистон эркинлик бобида "ëмонларнинг ëмони"


Freedom House ташкилотига кўра, 28 миллион аҳолиси бор Ўзбекистон эркин эмас.

Freedom House ташкилотига кўра, 28 миллион аҳолиси бор Ўзбекистон эркин эмас.

Дунë бўйлаб эркинликлар вазиятини кузатиб келаëтган Freedom House ташкилоти ўз сўнгги ҳисоботида Араб баҳори мустабид режимлар остидаги халқларни илҳомлантирганини ëзди.


Дунëдаги коммунистик режимлар кетма-кет қулаганидан 20 йилдан кўпроқ вақт ўтиб Яқин Шарқда бирин-кетин юзага чиққан халқ исëнлари 2011 йилги энг муҳим демократик жараëнлар йўналишини белгилади ва репрессия остида азоб чекаëтган халқлар учун йилт этган умид чироғини ëқди.

Маркази АҚШда жойлашган нуфузли Freedom House ташкилотининг 19 январ куни жамоатчиликка эълон қилинган янги ҳисоботининг бош хулосаси ана шу мазмунда.

Ҳисобот юзасидан Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Freedom House ташкилотининг тадқиқотлар бўйича вице-президенти Arch Puddington¸ Тунис¸ Миср ва Ливиядаги халқ исëнлари ҳатто дунëнинг энг мустабид жамиятларида ҳам демократия учун кураш мумкинлигини кўрсатганини айтади.

- 70-80-90-йилларда дунëнинг аксар қисмларида рўй берган демократик ўзгаришлардан мутлақ дахлсиз қолган Яқин Шарқ минтақасида бугунга келиб демократия қарор топиши учун имконият пайдо бўлди. Айни пайтда бораëтган воқеалар бу минтақа халқларининг аввалгидек шавқатсиз мустабидлик остида яшашга кўниш фикридан йироқлигини кўрсатмоқда. Шу боис биз 2011 йилни демократия учун тушкунлик эмас¸ балки некбинлик йили сифатида кўрамиз¸ дейди Freedom House вице-президенти Озодлик мухбири билан суҳбатда.

1972 йилдан бери мунтазам чоп этиб келинаëтган “Дунëдаги эркинлик” индекси муаллифлари сўнгги ҳисоботда 195 давлат ва 14 ҳудуддаги сиëсий ва фуқаролик ҳуқуқлари вазиятини яқиндан татбиқ қилади.

2011 йилги ҳисоботда дунëдаги “эркин” деб топилган давлатлар сони ўтган йилгидан ўзгармаган ва жаҳон аҳолисининг 43 фоизи яшайдиган 87 давлат “эркин”лар рўйхатидан жой олган.

Аммо кейинги олти йил давомида кузатилган тамойил 2011 йилда ҳам давом этган ва эркинлик вазияти ëмонлашган давлатлар сони бу вазият яхшиланганлар сонидан кўпроқни ташкил этган. 2011 йилда жаҳоннинг атиги 12 давлатида демократия вазиятининг яхшилангани кўрилгани ҳолда¸ 26 тасида бу аҳвол ëмонлашган.

Freedom House муаллифлари Марказий Осиëни демократия ва сиëсий эркинликлар вазияти ëмонлашган минтақалар сафига киритган.

Ҳисоботда Қозоғистонда ўз ҳаққини талаб қилиб чиққан нефтчилар ва тинч намойишчиларнинг махсус кучлар томонидан ўққа тутилиши¸ Туркманистонда Сапармурод Ниëзов ўрнига иқтидордаги президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов шахсига сиғинишнинг кучайиб кетгани¸ АҚШ билан қайтадан апоқ-чапоқ бўлганЎзбекистондаги вазиятнинг ўзгаришсиз қолаëтгани бу минтақадаги демократия умидларини заифлаштиргани айтилади.

Ғарб харитаси учун муҳим бўлиб қолаëтган Афғонистонга бевосита туташлик бу минтақа¸ айниқса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги танқидлардан асровчи қалқон бўлиб қолмоқда¸ дейди Freedom House вице-президенти.

- Ўзбекистоннинг стратегик жойлашуви Каримов учун АҚШ дан яшил чироқ олиб бермоқда. Мусулмон террорчиларига қарши курашаяпман¸ деган баҳона билан Каримов мамлакатдаги диний эркинликларни тамоман бостириб¸ диний ҳиссëтларни қонуний йўл билан ифодалаш йўлларини бутунлай бекитиб қўйганидан сўнг¸ Ўзбекистондаги мусулмонлар борган сари экстремистик Исломга юз тутмоқда¸ дейди Freedom House вице-президенти.

2011 йилги ҳисоботда ҳам Ўзбекистон дунëда сиëсий эркинликлар ва демократия энг кўп бўғилган давлат сифатида баҳоланган ва бу борада дунëдаги “ëмонларнинг ëмони” сафида қолдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG