Линклар

logo-print

Ўзбекистон Жиноят процессуал кодексига киритилган янги ўзгартишга кўра¸ нафақат зўрлаш¸ балки туҳмат ва ҳақорат юзасидан жиноий иш фақат жабрланувчи аризаси асосида очиладиган бўлди.


Ўзбекистон Республикасининг 2012 йилнинг 5 январидан кучга кирган янги қонунига кўра¸ мамлакат Жиноят процессуал кодексининг 325 моддаси¸ 333-моддасининг 1-қисми ва 339-моддасининг 1-қисмига ўзгартиш киритилди.

Бундан сўнг Жиноят процессуал кодексининг зўрлаш¸ жинсий эҳтиëжни нотабиий шаклда зўрлик билан қондиришга оид моддалари баробарида баданга қасддан шикаст еткизиш¸ аëлни жинсий алоқага киришга мажбурлаш¸ аëлни никоҳга киришга мажбурлаш¸ туҳмат ва ҳақорат¸ хусусан оммавий ахборот воситалари орқали туҳмат ва ҳақорат тарқатиш ва муаллифлик ҳуқуқларини бузишга оид моддалари юзасидан жиноий иш фақат жабрланувчининг ўзи ариза берган тақдирдагина очиладиган бўлди.

Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова бу ўзгартишлар мамлакатда ярашув институтини янада такомиллаштириш мақсадида киритилганини айтади.

- Шу тоифадаги жиноят ишларининг кўпи ярашув институти билан тугатилаяпти. 105, 109, 110, 111 мана 11 модда бўйича 1-2-қисмларининг мана бу ерда ëзилган матнида, 325-модданинг матнида ярашув институти билан тугатилаяпти. Судлар, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идораларнинг вақтини, кучини оғир турдаги жиноятларга тергов қилишга, кўриб чиқишга жалб этиш учун яна бир бор шу институт кенгаяяпти. Жабрланувчи ўзининг аризасини берсагина айбдорни жиноий жавобгарликка тортинг дегандагина кейин жиноят иши қўзғатилади, дейди сенатор Ортиқова Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда сенатор Ортиқова янги таҳрирдаги Жиноят процессуал кодексида ҳам алоҳида олинган ҳолатларда айни жиноятлар юзасидан иш қўзғатиш ваколати прокурорда қолдирилганига эътибор қаратишни сўради.

- Истисно тариқасида алоҳида ҳолларда жабрланувчи ночор аҳволда бўлса, айбланувчига қарам бўлганлиги туфайли ëки яна бир бошқа сабабларга кўра ўз ҳуқуқини ва қонуний манфаатларини ўзи ҳимоя қила олмайдиган алоҳида ҳолларда прокурор жабрланувчининг шикоятисиз ҳам жиноят ишини қўзғатиши шарт. Бу прокурорнинг масъулиятини яна бир бор оширади. 325-модданинг шу иккинчи жумласи эски таҳрирда ҳам бўлган ва шу таҳрирда қолди¸ дейди Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова.

Озодлик суҳбатлашган мустақил ҳуқуқшунослар Ўзбекистон ЖПКсига киритилган бу ўзгартишлар халқаро тажрибада кўпдан мавжуд экани эътироф этган ҳолда¸ бундай ўзгартиш бир томондан¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларини ортиқча ва кўп ҳолларда самарасиз меҳнатдан халос қилиши¸ иккинчи томондан¸ бадавлат шахсларга содир этилган жиноятларни босди-босди қилишга имкон яратажагини таъкидладилар.

Мустақил кузатувчилар эса¸ Ўзбекистон ЖПКсига киритилган ўзгартишлар ортидан 2012 йилдан бошлаб Ўзбекистонда шахсга қарши амалга оширилган жиноятларга оид статистиканинг кескин камайишини кутиш мумкинлигини қайд этмоқдалар.

Ўзбекистон Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ қўмитаси раиси Светлана Ортиқова Озодлик мухбири билан суҳбат давомида бундай хавотирларга ҳам муносабат билдирди.

Суҳбатнинг тўлиқ қисмини қуйида тинглашингиз мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG