Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:12

Ҳокимият ва халқ орасида жарлик бор


"Эркин микрофон" суҳбатдошлари орасида Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий аҳвол ҳақида фикр билдирганлардан ташқари муҳожиратдаги ўзбеклар муаммосидан гапирганлар ҳам бўлди.

200 нафар ўзбекистонлик мардикор нажот кутмоқда


дейди Россиянинг Волгоград шаҳридан қўнғироқ қилган Дилбар исмли аёл. Унинг айтишича, Кочельникова номли районда 200 нафар ўзбекистонлик мардикор ишлаган пулини ололмасдан, оғир шароитга тушиб қолган.

- Мен Волгоградда жамоат ташкилотида ишлайман. Исмим Дилбар. Кочельникова деган районда 200 та ўзбек ëтибди. Бизда янги йилдан кейин 15 январгача банклар ëпиқ бўлади. Ҳоким борми, прокурор борми ҳаммаси одамларнинг ëнига келиб забастовкага йиғилган вақтда “Узоғи билан 15 январга чиқиб кетасизлар. Юборамиз” дейишган эди. Пулларини беришмайди, одамларнинг паспортлари йўқ. 13 январдан регистрациядан чиқариб қўйишди. Пулларни бермай турибди. Одамларга 10 миллионча берадиган пули бор.

Озодлик: 10 миллион рубл қарзи борми?

- Ҳа, фермернинг қарзи бор.

Озодлик: Нима иш қилган одамлар?

- Далада қишлоқ хўжалигида ишлаган. Ноябрнинг охирида кетадиган одамлар эди булар. Деярли икки ойдан бери ишни ташлаб ëтишибди. 8-10 одам касал. На доктор кўради буларни, на медкомиссия кўради. Икки кун бўлди умуман питаниени ҳам тўхтатиб қўйишди. Ҳозир биз продукта қилиб бораяпмиз, дейди Россиянинг Волгоград шаҳридан қўнғироқ қилган Дилбар исмли суҳбатдош.

Ушбу мавзуни ҳозир Москвадаги мухбиримиз Умидбек ўрганяпти. Қулликка тушиб қолган ўзбекистонликлар тақдири билан таништириб борамиз.

Бу раҳбарлар давлатни емиряпти


дейди Қашқадарё вилоятининг Миришкор туманидан қўнғироқ қилган шифокор Баҳодир.

- Шундай нарсалар бўлаяптида бизнинг Ўзбекистонда. Давлатнинг раҳбарлари тўғрисида гапирай. Раҳбарларда ҳеч қандай масъулият йўқми дейманда.

Озодлик: Нимага бундай хулосага келаяпсиз?

- Мана ҳозир бизларда электр муаммо бўлаяптида. Бир суткада 15-20 минут свет ëқадида. Свет ëқмасак ҳам ойлик маошимиздан ҳар ой 10-15 минг ўтказамизда. Отамнинг ойлигидан, онамнинг пенсиясидан ҳар ой олиб қолади.

Озодлик: Емаган сомсага пул тўлаяпмиз демоқчисиз.

........

Қуйида суҳбатнинг давомини тинглашингиз мумкин.


Раҳбарлар билан халқ орасида жарлик пайдо бўлган


Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан қўнғироқ қилган тингловчи ҳам миришкорлик Баҳодирнинг гапларига ҳамоҳанг гапларни айтди. Бу тингловчига кўра, Ўзбекистон президенти халқ билан мулоқот қилишда Россия Бош вазири Путиндан ўрнак олса бўларди.

- Мен яқинда Россиядан келдим. Битта нарсага мен жуда нима қилдим. Владимир Путиннинг давлат бошқарувига жуда ҳавасим келди. Россия каналларида ҳар кун кўрамиз. Бир кун болалар уйига боради, бир кун заводнинг нимасинидир очиб келади. Бир жойда ўтирмайди. Жуда ҳавасим келдида. Биздагилар ҳам шунақа бўлса. Биров билан гаплашмасдан, учрашмасдан туриб давлатни қандай бошқариб бўлади? Декабрда бир кун халқ билан очиқ мулоқот қилди. Неча мингтаям саволга жавоб берди. Қани энди ҳамма жойда ҳам шунақа бўлса.

Озодлик: Халқ билан президентнинг, маҳаллий ҳокимиятнинг алоқаси йўқ деяпсиз. Шуни қандай билса бўлади?

- Ҳеч ким ҳеч ким билан ҳисоб-китоб қилмайди, гаплашмайди, биров бировни эшитмайди. Мисол Россияда Путин. Бир кун тўлиқ халқнинг саволларига жавоб берди. Шу нарсага жуда ҳавасим келди. Бир жойда ўтириб давлатни бошқариб бўлмайди демоқчиманда. Чекка қишлоқларга боради, халқ билан учрашади.

Озодлик: Сизларга келмаганми ҳеч президент?

- Йўқ. Фарғонага Бешариққа президент келганини кўрганмисиз? Қўқонга қайсидир йили келган эди. Келиб қолар, дейди бешариқлик суҳбатдош.

Биз Россияда тўқчиликдан юрганимиз йўқ


дейди Москвадан қўнғироқ қилган меҳнат муҳожири.

- Биз ҳам Россияга тўқчиликдан келиб юрганимиз йўқ. Яқинда Озодликда кўриб қолдим. Ўзбекистонда ишсизлик 5,6 фоизни ташкил қилади, деб гапирган эканлар. Ўзбекистоннинг 8-10 миллиони Россияда ишласа керак менимча.

Озодлик: 8-10 миллион бу ҳисоб-китоб қилдингизми ëки атрофдаги кузатишларингизми?

- Мен ҳисоб-китоб қилмадиму эсингизда бўлса президент сайловлари бўлган пайтда президентимиз 99 фоизми овоз олганларида Владимир Жириновскийнинг гапини эшитганманда. “8-10 миллиони Россия территориясида юрса, қолгани яна бошқа чет давлатда. Сайловга бормаган бир қанчаси. Бир қанчаси қамоқда” деганда. Шундан эсимда қолиб кетганда.

Озодлик: Обид Асомовнинг гапи норку. “Илгари мен Москвага келсам ўзбек ахтарардим гаплашай деб. Ҳозир ўрис ахтараман Москвада” дейди. Шу гапда жон борми?

- Тўғри, бу гапда жон бор....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.


Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш йили ҳеч нарса бермади


дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қиладиган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири.

- Бу фақат наҳанг балиқлар учун мўлжалланган. Майда чувалчанглар бу ерда ўрин тута олмайди. Битта заказ топиш учун 40 мингта жойга бораман. 3 миллионлик заказинг бўлса қилай, 10 миллионлик заказинг бўлса қилай, пора бераман, десам, йўқ. Тендер деган нарсаси чиққан бу ерда. Тендерда ютиб чиқади, энг катта пора берадиганлар, энг яқин одамлари. Улар кейин бизга ўхшаган чувалчангларни ишлатиб, хоҳласа пулни беради, хоҳласа акт процентовка деган нарсаси бор қирқиб ташлайди қурилишда тушунаяпсизми? Миллион-миллион ўзбек сўми ишлайди, энди ҳозир долларга ҳам ўтганку.

Озодлик: Мана Ўзбекистон ҳукумати “Биз тадбиркорларга анча енгилликлар яратиб бердик. Бизнесга кенг имкониятлар очиб бердик. Ëрдам берамиз, кредит берамиз” дейди. Асос йўқми бу гапларда?

- Йўқ. 100 фоиз йўқ десам бўлмайдию, лекин кредит олишга ҳам пора бериш керак. Қандайдир нарсаларингизни қўйишингиз керак. Гаров сифатида қўйиш керакда. Процентлари ошиқ. Мен кредит олмаганман. Ўз кучим билан қилганман 5-10 йил олдин. Кредит олгандан кейин эшагидан тўқими қимматга тушади. Кредит олдингиз ҳам дейлик. Қандай тушунтирсам экан, ўйинда, ҳамма ëқ ўйин. Юзаки қараганда ҳамма ëқ зўр, ҳаëтнинг ичкарисига кирганда бойваччаларнинг жойи бўлиб қолдида. Эзилган халққа меҳр-мурувват йўқ. Қоғозда бўлаверади ҳаммаси. Қоғозда ишсизлик камайиб кетаяпти. Ўзбек халқи буюк халқ. Наҳотки ғайридинларга қул бўлса. Мана шу томондан ачинаманда. Билмадим энди гапим тўғрими йўқми, дейди фарғоналик тадбиркорлардан бири.


Талаба билимини бундай баҳолашни биринчи бор кўряпман


дейди қизи Урганч Давлат университетининг математика факултетида ўқиётган урганчлик ота.

- Урганч давлат университети тўғрисида гапим бор эди. Қизимни ўқишга берганман. Математикада биринчи курсда ўқийди. Буларда домлалар бунақа қиларкан. Ўзбек тилида тўлиқ жавоб берса, 3 баҳо қўйишаркан. Агар рус тилида бўлса, 4 баҳо қўйишаркан. Агар инглиз тилида бўлса, 5 баҳо қўйишаркан. Мен тушуна олмадим. Мактабда ўзбек тилида ўқиган. Рус тили факултетида ўқиëтгани йўқ. Лекин домлалар шуни талаб қилишаëтган экан. Қанақа тушуниш керак буни? Бу рус, инглиз тилига ҳурматми ëки ўзбек тилига бўлган ҳақоратми? Ўшани тушуна олмаяпманда. Домланинг ўзи тузукроқ русча ëки ўзбекча билмайди. Лекин талаб қилишни қандай тушуниш мумкин, дейди урганчлик суҳбатдош.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!
XS
SM
MD
LG