Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:39

Мардикорлик - "хозяин", "посредник", "элита"


Озодликнинг мобил мухбирларидан бири Шавкат Муҳаммад Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари ҳаётига оид туркум мақолалар тайёрлаган. Ўзи ҳам мардикорлик нонини еб, унинг заҳматларини бевосита бошидан кечирган Шавкат Муҳаммаднинг биринчи ҳикоясини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Қозоғистондаги ўзбек мардикорларини уч тоифага бўлиш мумкин.

Биринчиси “хозяин”ли (иш берувчиси бор)лар тоифаси. Уларнинг ташвиши оз бўлади. Улар учун иш топиш, ётоқ ва озиқ-овқат, пулни ундириб олиш, ҳужжатлар масаласини “хозяин” ҳал қилади. Одатда улар маошга ишлайди ва ишларининг асл нархини билишмайди. Иш берувчи эса уларни ишлатиб, яхшигина фойда кўради.

Иккинчи тоифа ишчилар “посредник”лар билан бирга ишлайди. Улар асосан гуруҳ-гуруҳ бўлиб яъни “бригада” бўлиб келишади. Уларнинг ётиб-туриши курилишда бўлади. Ўртада турган одам- “посредник” бу “бригада” ишлаб топган пулининг 15-20 фоизини олади. Айрим ҳолларда “посредник” бир ишчининг тўлиқ пулини олади яъни ишлаб топилган пул барчага, жумладан, ўртада турган одамга ҳам тенг бўлинади. Бу икки томонга ҳам маъқул. Мардикорлар иш излаб сарсон бўлмайди, бир ишни битиргунча кейинги ишни “посредник” топиб қўяди. Мижоздан пулни олиб бериш ҳам “посредник”нинг вазифаси.

Учинчиси “элита” тоифасидаги ишчилар. Улар одатда маҳоратли, ўзига ишонган усталар. Улар мустақил иш юритадилар. Эрки ўзида бўлади, ишлаб топган пулини ҳеч ким билан бўлишмайди. Иш нархи бошқа ишчиларникига қараганда анча баланд. Газета-журналдан эълон бўйича, таниш-билишлар оркали иш топишади. Одатда “элита” ишчилари маҳаллий тилни, урф одатларни яхши билишади.

Қозоғистонда ўзбек мардикорларига арзон ишчи кучи ва сифатли ишлаши учун талаб катта. Ўзбек ишчилари тез ва сифатли ишлайди. Улар ишдаги қийинчиликлар ва об-ҳаво инжиқликларига ўта чидамли.

Бир қозоқ мижозимиз “Ўзбекларнинг тепасида туриб, ишини назорат қилиш шарт эмас, улар астойдил ишлайди” деган эди.

Қурилиш материаллари ва озиқ-овқатини таъминлаб турилса бас. Ўзбек ишчиси азонда туриб, қоронғу тушгунча тиним билмайди.

Буни қадрлаган аксар қозоғистонликлар ўзбекка меҳнат ҳақини кўнгилдагидек бериб, жўнатади.

Лекин ўзбек мардикори учун “хавфли” бўлган бир жиҳат борки, ишлатиб пулини бермайдиганлар ҳам учраб туради. Иш битгунча шартлашилган пулнинг ярмидан кўпи ушлаб турилади. Иш битгач, ишдан камчилик топиб, жанжал чикариб, ишчилар ҳайдаб юборилади. Ёки атайлаб полицияга ушлаб беришади.

Шуниси борки, Қозоғистонда қонуний ишлаш қийин, лицензия жуда қиммат (200 000 тенге деб эшитдим) Шу сабабдан деярли барча муҳожирлар ноқонуний ишлашади.

Миграция полицияси тез-тез “облава” қилиб, текширишлар ўтказиб ноқонуний меҳнат муҳожирларини тутиб кетишади. Ишчилар доим полиция ушлашидан хавотирланиб юради. Иш берувчи ёки бригадирлар ушлаб олиб кетилган ишчиларни полицияга пул бериб чиқариб олади. Лекин орадан бироз вақт ўтгач бошқа полициячи келади.

Шунинг учун одатда полициячиларга очиқчасига пул таклиф қилинади. Пул эвазига полиция мардикорларга ўзи “криша” бўлиб, ҳимоясига олади.

Шавкат Муҳаммад.

Қозоғистон. 2012 йил. 19 январ.
XS
SM
MD
LG