Линклар

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари душанба куни Брюсселда бўладиган йиғинда Эрондан нефт импортига эмбарго жорий этиш ва Эрон Марказий банкининг Европадаги ҳисобларини музлатиш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жюппе пайшанба куни Парижда австралиялик ҳамкасби Кевин Радд билан музокаралар сўнггида баён қилди.

-Эрон режимини уранни тўйинтириш ишларидан воз кечишга мажбурлаш учун санкциялар кучайтирилмоғи керак. Биз икки соҳада санкция қўллаш ҳақида таклиф киритдик. Эрон нефтига эмбарго ҳамда бу мамлакат марказий банки ҳисобларини музлатиш, - деди Жюппе.

Европа дипломатик доираларидан олинган маълумотга кўра, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳукуматлари Эронни ядровий дастуридан воз кечишга мажбурлашга қаратилган янги санкциялар ҳақида деярли келишиб олганлар.

Ғарб давлатлари Эрон яширинча атом қуролини яратишга уринаётганидан хавотир билдириб келмоқда.

Аммо, расмий Теҳрон ўз ядровий дастури тинч мақсадларни кўзлашини айтиб келади.
XS
SM
MD
LG