Линклар

2011 йил якунларини юқори баҳолаган Ўзбекистон президенти¸ айни пайтда мамлакат иқтисодининг глобал жараëнларга ҳам боғлиқ эканидан огоҳлантирди.

2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида маъруза қилган президент Ислом Каримов жаҳон¸ хусусан иқтисоди ривожланган давлатларда давом этаëтган бўҳрон мамлакатнинг 2012 йилги иқтисодий кўрсаткичларига салбий таъсир қилажагини эътироф қилди.

- Жаҳон бозорида кечаётган инқироз жараёнлари ўтган давр мобайнида мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиш кўрсаткичларига таъсир кўрсатмасдан қолмади ва Ўзбекистон иқтисодиётининг 2012 йилга мўлжалланган ўсиш суръатлари ва самарадорлигини таъминлашда катта қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Биринчи навбатда, дунё бозорида хом-ашё ва тайёр маҳсулотга эҳтиёжнинг тобора пасайиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай ҳолат мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ва валюта тушумига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди, албатта¸ дейилади Ислом Каримовнинг давлат матбуотида чоп этилган маърузаси матнида жумладан.

Кейинги беш йилда Ўзбекистонда ўсиш суръатлари ўртача 8,5 фоизни ташкил этганини таъкидлаган Каримовга кўра¸ 2011 йилда экспорт маҳсулотлари ҳажми 2010 йилга нисбатан қарийб 15,4 фоизга кўпайган ва 15 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этган. Бу эса¸ президент келтирган қиëсга кўра¸ 2000 йилга нисбатан 4,6 баробар зиёддир.

2011 йил давомида экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 60 фоизни ташкил этганини юқори баҳолаган Ислом Каримов¸ бу улушнинг 12¸2 фоизи Ўзбекистон иқтисодиёти локомотивига айланган машинасозлик ва автомобилсозлик, 9¸4 фоизи кимё ва нефт-кимё саноати, 13.1 фоизи озиқ-овқат саноати ҳиссаига тўғри келганини қайд этди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон ҳукуматидаги айрим гуруҳларга яқин экани тахмин қилинадиган Uzmetronom Интернет газетаси 19 январ куни Ислом Каримов тақдим этган рақамлар¸ президентнинг ўз атрофидаги расмийлар томонидан алданаëтганини фош этганини ëзди.

-“Муборак газни қайта ишлаш заводи” унитар шўба корхонасида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида пропан-бутан аралашмаси қурилмасининг биринчи навбатини бунёд етиш ишлари якунига етказилди¸ дея ҳисоб берди 2011 йил якунларига оид маърузасида президент.

Аммо Uzmetronom газетасининг Муборакдаги завод ичидаги ўз манбасига таяниб ëзишича¸ Каримов тилга олган жами қиймати 244 миллион АҚШ долларига тенг бу қурилмани келаси йилнинг иккинчи ярмида ишга тушириш режаланмоқда.

Ўзбекистондаги стратегик объектлар рўйхатига киритилган Муборакдаги газни қайта ишлаш заводида тилга олинган қурилмани ишга тушириш¸ бу лойиҳа учун маъсул бўлган Zeromax GmbH ширкати 2010 йилда Ўзбекистон ҳукумати томонидан парчалаб ташланганидан бери¸ тўхтаб қолган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG