Линклар

logo-print

Душанбе Атоуллоев баёнотини рад этди

  • Гулнора Равшан

Мухолифатчи Додожон Атоуллоев ўзига қилинган суиқасд ортида расмий Душанбе турганига ишонади.

Мухолифатчи Додожон Атоуллоев ўзига қилинган суиқасд ортида расмий Душанбе турганига ишонади.

Тожикистон журналист Додожон Атоуллоев иши юзасидан Россия ҳуқуқ-тартибот тузилмалари билан ҳамкорлик қилишга тайёр.

Бу борада 20 январ куни мамлакат Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов оммавий ахборот воситаларига маълум қилди.

Икки кун аввал Атоуллоев ўзига суиқасд ортида расмий Душанбе турганига ишонишини айтганди.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимов Додожон Атоуллоевнинг бу баёнотидан хабарсизлигини маълум қилди. Рамазон Раҳимов ўз идораси бу жиноятни ҳар томонлама ўрганиш учун Россия ҳуқуқ-тартибот органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилишга ҳозирлигини таъкидлади.

- Агар Додожон Атоуллоевнинг даъвоси асосида Россия томони бизга мурожаат қилса, биз бу жиноятнинг тез фурсатларда фош этилиши учун ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, - деди республика Ички ишлар вазири Раҳимов.

Генерал Раҳимов Додожон Атоуллоевнинг ўзига қилинган суиқасд ортида расмий Душанбе турганига оид айтганларига муносабат билдириб, “бу унинг шахсий фикри, аммо бу борада бирорта ҳам асосли далил йўқ”, деди.

“Ватандор” ижтимоий-сиёсий ҳаракати раҳбари, 56 ёшли Додожон Атоуллоев 13 январ куни Москва шаҳрининг Комсомол проспектидаги рестонарларнинг бирида пичоқлаб кетилганди.

18 январ куни бир қатор хориж мухбирларига интервю берган Атоуллоев бу жиноят ортидан расмий Душанбе турганига ишонишини айтган.

У ўзининг бу фикрини “Охирги вақтлар Душанбедан ва махсус хизматлардан жуда кучли ишоралар олгани” билан изоҳлаган.

Мухолифатдаги журналист Атоуллоев “президент Имомали Раҳмон юргизаётган қонли сиёсатни ҳазм қила олмаслигини ва Тожикистон давлат раҳбарини ҳам араб лидерлари қисмати кутаётгани”ни кўп марта такрорлаган.

Додожон Атоуллоев бир кун келиб тожикистонликларнинг ҳам сабр косаси тўлиши ва мамлакатда “бинафша инқилоби” юз беришига ишонади.

Атоуллоевга қилинган суиқасдни Тожикистон ва Россиядаги медиа ташкилотлар қоралаб чиққан эди. Жумладан, Тожикистон мустақил оммавий ахборот воситалари миллий уюшмаси, республика Ёзувчилар уюшмаси ва Тожикистон Медиа-алянс ташкилоти қўшма баёнотида Россия ҳуқуқ-тартибот органларини Додожон Атоуллоевга суиқасд ва унининг ортида ким турганини ҳар томонлама текширишга чақирилган.

Айни пайтда Додожон Атоуллоев Москвадаги касалхоналарнинг бирида муолажа қилинмоқда.

Озодлик радиосига интервю берган Атоуллоев аҳволи мўътадиллашганини айтган.

- Худога шукур, иккинчи кундан бошлаб ўзимни яхши ҳис қила бошладим. Гарчи одам касалхонада ўзини олий даражада ҳис қилмаса-да, лекин мен Оллоҳнинг қудрати билан бу касофатлар қўлидан тирик қолганим ва гўё иккинчи марта дунёга келганимдан хурсандман, - деди Додожон Атоуллоев.

Журналистга ҳужум бўйича жиноят иши очилганини 13 январ куни хабар қилган Россия ҳуқуқ-тартибот органлари бу жиноятни содир этганликда гумонланаётган Тожикистон фуқароси Бахтиёр Раҳимбердиев ҳибсга олингани ва кейинчалик унинг бу жиноятга алоқаси йўқлиги аниқланиб, у қўйиб юборилагинини хабар қилганди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG