Линклар

Эронда ўғил ва қиз ўқувчилар учун алоҳида китоб чоп этилади


Эрондаги мактабларда ўғил болалар ва қизлар алоҳида-алоҳида ўқийди. Таълим вазирлиги энди дарсликларни ҳам ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида нашр қилишни режаламоқда.

Эрондаги мактабларда ўғил болалар ва қизлар алоҳида-алоҳида ўқийди. Таълим вазирлиги энди дарсликларни ҳам ўғил болалар ва қизлар учун алоҳида нашр қилишни режаламоқда.

Алоҳида мактабларда ўқийдиган эронлик ўқувчи қизлар ва ўғил болалар энди алоҳида ҳолда чоп этилган китоблардан илм олади.


Эрон Таълим вазирлиги тез орада ўғил бола ва қиз ўқувчилар учун алоҳида ёзилган дарсликларни чоп эта бошлайди.

Таълим вазири Теҳронда ўтказган матбуот анжуманида шуни маълум қилди ва буни Эронда юритилаётган сиёсат доирасидаги ислоҳот, деб изоҳлади.

Эрондаги ярим расмий Fars агентлигининг Таълим вазиридан келтирган иқтибосда мамлакатда ўғил болалар ва қизлар мактаблари ажратилгани боис бунга мос равишда "таълим, касб-ҳунар машғулотлари ва дарсликлар ҳам алоҳида бўлиши лозим" экани айтилган.

Эронлик ўқувчи қизлар компьютер синфхоналарида.

Эронлик ўқувчи қизлар компьютер синфхоналарида.

Эрон Таълим вазирига кўра, кейинги йилдан бошлаб мамлакатдаги таълим соҳаси тўлиқ сегрегация қилинади.

Яъни, қиз ва ўғил бола ўқувчилар учун мўлжалланган мактаблардаги дарсликларга қўшиб, ўқитувчилар ва таълим методи ҳам тўла ажратилади.

Эронлик журналист Денис Ажирий мактаб дарсликларини ҳам алоҳида нашр этиш ташаббуси анчадан буён илгари суриб келинганини айтади.

- Бу ҳақда икки йилдан бери гап боради. Бу ерда гап математика ёки физика каби аниқ фанлар, табиий фанлар ҳақида бораётгани йўқ. Улар алоҳида йўналишлар ҳақида гапирмоқда. Масалан, мен мактабда ўқиб юрган кезларимда ҳам касб-ҳунар бўйича ажратилган китоблар бўлар эди. Масалан, тикиш-бичиш, ошпазлик каби соҳалар қизлар учун. Механик, инженер, техник каби соҳалар ўғил болалар учун каби, - дея хотирлайди Денис.

Эрон Таълим вазирининг ўқувчилар учун китобни жинсига кўра ажратиш кўрсатмаси шу йилнинг август ойида бошланган ислоҳотларнинг давомидир.

Август ойидаги баёнотида Таълим вазири мамлакатдаги мактабга тайёрлов муассасалари, боғчаларни ҳам ўғил ва қиз болалар учун алоҳида қилиш ҳақида кўрсатма берган эди.

Эронлик ўғил болалар мактабида машғулот.

Эронлик ўғил болалар мактабида машғулот.

Эрондаги уламолар ҳайъати пешволари бу икки жинс 3 ёшдан бошлаб бўлиниши керак ва уларга бўладиган муомала ҳам шунга мувофиқ бўлиши кераклиги ҳақида уқдириб келаётган эди.

- Бу ҳам янги воқеа эмас. Бу борада ҳам анчагина дин пешволари чиқиш қилган ва бу каби ташаббуслар президент Маҳмуд Аҳмадийнажот иккинчи муддатга қолганидан буён янада кучайди. Ҳозирча бу тартибнинг қачон жорий этилиши ноаниқ. Аммо, фикримча, улар буни албатта жорий қилади, - дейди эронлик журналист.

Денис Ажирий ҳам аввалига ўғил болалар ва қизлар бирга бўлган боғча, кейин эса улар алоҳида қилинган мактаб ва яна бирга ўқиши мумкин бўлган университетда таҳсил олган.

Унга кўра, бу тахлит ажратишни мамлакат ёшлари аксарият ҳолларда одатий ҳол сифатида кўришади.

- Шахсан мен мактабда ўқиётганимда бунинг ғалатилиги ҳақида ўйламаганман ҳам. Мактабда 8-9 соат алоҳида ўқирдик, кейин яна ташқарида ўғил болалар ва қизлар бирга ўйнар эдик. Лекин диндор оилалардан ўртоқларимиз бўлардики, 20 ёшга киргунича ўғил бола билан гаплашмаган эди, - дейди Денис.

Унга кўра, Эрон жамияти учун ўғил бола ва қизларнинг алоҳида ўқиши, аёл ва эркакларнинг жамоат жойларда алоҳида юриши одатий бўлса-да, аслида кўпчилик буни қувватламайди.

- Албатта, одамларнинг аксарияти буни қувватламайди. Бунга қарши. Чунки, баъзи жойларда сунъий равишда улар ажратилгани билан умумиятла барибир биргалар. Лекин, қаршилар ҳам бу борада фикрни очиқ айтмайди. Бу дарҳол исломга исёндек баҳоланади, - дейди 29 ёшли эронлик журналист Денис Ажирий.

Эрондаги гендер бўлиниш сиёсати 1979 йилдаги исломий инқилобдан сўнг жорий этилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG