Линклар

logo-print

Ўзбекистоннинг илк муфтийси, тошкентлик имом Эшон Бобохон ушбу туркумнинг илк қаҳрамонидир.


Озодлик таҳририяти таниқли ўзбек имомлари ва дин пешволари портрети туркумини ҳозирлашга қарор қилди.

Имкон қадар кенгроқ даврни олиш ва бу даврда Ўзбекистон халқи орасида озми-кўпми танилган дин пешволарини хотирлашга ҳаракат қиламиз.

Шайх Эшон Бобохон ҳақида қисқача маълумот

Ҳозирча олганимиз илк дин пешвоси, халқ тили билан айтган таниқли қори - собиқ совет иттифоқи даврида Марказий Осиё ва Қозоғистон муфтиятининг илк муфтийси бўлган Шайх Эшон Бобохондир.

Шайх Эшон Бобохон.

Шайх Эшон Бобохон.

1858 йилда туғилган Шайх Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон Тошкентда Бобохоновлар деб танилган зиёли диндорлар сулоласининг илк таниқли вакилидир.

Бу киши узоқ вақтлар мобайнида Тошкентда танилган эшонлардан бири бўлган ва жуда кўп тошкентлик диндорларга устозлик қилган, исломнинг Нақшбандия тариқатида тақво қилган Абдулмажидхон ибн Юнусхоннинг ўғлидир.

Бобохоновлар сулоласининг тарихи ҳақида расмий манбаларда Эшон Бобохон диний таълимни Тошкентда, Бухорода яшаган дин пешволари, шунингдек, ливанлик машҳур муҳаддис Саид Али Зоҳирий ал-Витрий ал-Маданийдан олгани, унинг Нақшбандия тариқати йирик намояндаси экани айтилган.

"Ўзбекистонга Чор истилоси бошланган ва бутун Туркистон аҳли савод ҳамда маданиятдан йироқ "маҳаллийлар" тарзида баҳоланган ўша давр учун "Қалб Оллоҳда, қўл меҳнатда" шиорига амалга қилган бу тариқат кўп жиҳатдан ҳамоҳанг эди", дея эслайди тошкентлик олима Мўътабар Аҳмедова.

Мўътабар Аҳмедова Эшон Бобохон имом-хатиблик қилган Тошкентнинг Тилла Шайх масжидига яқин маҳаллада туғилган. У киши ибодатни канда қилмаган отасидан бу имом ҳақида унча-мунча эшитиб турганини яхши хотирлайди.

Мўътабар Аҳмедованинг айтишича, Бобохоновлар сулоласи Чор истилосига қадар қозилик, истилодан сўнг эса муддарислик билан шуғулланган ва Шайх Эшон Бобохон 1880 йиллардан то 1937 йилга қадар Тошкентда танилган муддарис ва имом бўлган.

Шайх Эшон Бобохоннинг муфтийлик фаолияти

Расмий манбаларга кўра, айнан Эшон Бобохон 1943 йилга келиб собиқ совет ҳукумати томонидан ташкил қилинган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг раиси ҳамда муфтий этиб тайинланган.

- У киши аввалига 1937-, кейин 1941-йилларда қисқа муддатга қамалган. Суҳбатлардан кейин қўйиб юборилаверган. Тарихий маълумотлардан ва эшитганларимдан тушунишимча, бу кишининг русларга муносабати яхши бўлган. Яъни у қадар эътирози бўлмаган, - дея эслайди Мўътабар Аҳмедова.

Унга кўра, 1941 йилда собиқ СССР билан фашист Германияси ўртасида уруш бошлангани, урушнинг икки йили ичида ҳамма эркакларини урушга йўллаб, тинкаси қуриган халқнинг бошқарувини назоратда ушлаб туриш эҳтиёжи ортидан собиқ совет ҳукумати барча республикалар ва ўлкаларда масжидлар, черковлар ва синагогларга кенг йўл беришга қарор қилади.

- Мен ёшлигимдан эшитиб келганим ва ўқиганим маълумотларга кўра, ўша кезда нафақат мусулмонлар, балки насронийлар ва бошқа дин пешволари Сталинга мактуб йўллайди ва: "Динга йўл беринг! Ғалабани сўраб дуо қилайлик!" деб сўрашади. Сталинга бу фикр маъқул тушади ва худди, Горбачёв динга йўл берганидек, Сталин ҳам динга йўл беради, - дея хотирлайди Мўътабар Аҳмедова.

Тошкентда ҳам ҳамма эркаклар урушга йўлланган, мамлакат кексалар ва аёллар қўлида қолган бир кезда оз сонли илмлилардан бири бўлган 79 ёшли Эшон Бобохон собиқ совет ҳукумати раҳбарлари диққатига тушади.

Шайх Эшон Бобохон Англиядан Тошкентда борган Кентербер собори руҳонийси Ҳюлет Жонсон билан. Сурат 1945 йилнинг май ойида Тошкентда олингани айтилади.

Шайх Эшон Бобохон Англиядан Тошкентда борган Кентербер собори руҳонийси Ҳюлет Жонсон билан. Сурат 1945 йилнинг май ойида Тошкентда олингани айтилади.

- Шу тариқа Эшон Бобохон масжидларни бирин-кетин очади ва 1943 йилга келиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини тузиш таклифи билан марказга хат ёзади. Унинг ташаббуси дарҳол қувватланади ва яна ҳамма урушда бўлгани боис, у кишининг ўзи муфтийликка ҳам тайинланади, - дейди Аҳмедова.

Бобохоновлар сулоласи тарихи ҳақида гап борган расмий манбаларда келтирилишича, собиқ совет даврида муфтийликка тайинланган Эшон Бобохон аввалига Тошкентда, кейинчалик республиканинг айрим вилоятларидаги йирик масжидлар ва диний таълим муассаларининг очилишига сабабчи бўлган.

Шунингдек, "муфтий лавозимида 1957 йилга (вафотларига) қадар хизмат қилганлар. Бошқарма фаолият кўрсатиши учун ўз ҳовлиларини топширганлар. 1945 йилдан бошлаб Саудия Арабистони ва бир қатор мусулмон давлатлари билан дўстона алоқалар ўрнатганлар. СССР мусулмонларининг ҳаж сафарига боришига йўл очганлар. Шайх Эшон Бобохоннинг ташаббуслари билан 1946 йилда Бухорода “Мир араб” мадрасаси қайта очилди. Муқаддас Қуръоннинг СССР ҳудудида 1957 йилда чоп этилишига замин яратганлар".

- Ҳозир бу одамни таниган-билганлар жуда озлиги табиий. Мен бу сулоланинг бугунги авлодларини яқиндан танийман ва улар Эшон Бобохон изидан бормаган. Замонавий оила. Лекин бу оила тарихи Ўзбекистондаги Ислом университети ва институтида талабаларга алоҳида ўқитилади. Тошкентда бу сулолага аталган музей ҳам бор, - дейди Бобохоновлар сулоласи тарихи билан қизиққан тошкентлик олима Мўътабар Аҳмедова.

Бу кишининг кузатувларига кўра, Шайх Эшон Бобохоннинг ўзи ҳам, кейинчалик ундан Ўрта Осиё ва Қозоғистон муфтийлигини қабул қилиб олган ўғли Шайх Зиёвуддинхон ҳам собиқ совет ҳукумати билан мутлақ зиддиятга киришмаган.

Тарихий манбалардаги маълумотлар ҳамда бу сулола тарихини ўрганган тарихчилар кузатувига кўра, давр тақозоси билан узоқ муддат - 1943 йилдан 1989 йилга қадар Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раислигида бўлган бу сулола вакиллари, асосий эътиборни диний таълим ҳамда диний меросни тиклашга қаратган.

Ўзбек имомлари ҳақида Озодликка билдиринг

Бу сулола вакиллари диний бошқарма раислигида Ўзбекистонда халқ орасида танилган ўзбек имомлари кўпчилик бўлгани табиий.

Озодлик "Ўзбек имомлари" портретига бағишлаб бошланган ушбу туркум давомида имкон қадар ана шундай таниқли, тарихий дин пешволари ҳақида маълумот йиғишга уринмоқда.

Бу борада бизга озми-кўпми ёрдам бериш истагида бўлганлар таклиф, мулоҳаза ва нодир маълумотлар билан ўртоқлашса, бениҳоя миннатдор бўлар эдик.

Марҳамат, бизга мактуб ёзинг: ozodlikmail@gmail.com,

бизга қўнғироқ қилинг: +420 602 612 713, +420 777 148 199

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG