Линклар

logo-print

Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалиги 2011 йилда 110 миллион доллар зарар кўрган


 ЎзТВ репортажларида президент Каримовнинг вилоятларга қилган сафарлари чоғида фермерларга деҳқончиликка оид маслаҳатлар бераётганини намойиш қилиш одат тусига кирган.

ЎзТВ репортажларида президент Каримовнинг вилоятларга қилган сафарлари чоғида фермерларга деҳқончиликка оид маслаҳатлар бераётганини намойиш қилиш одат тусига кирган.

Кучли ҳукумат назорати остида қолаëтган Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги таназзулни мамлакат президенти ҳам эътироф қилди.


Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида маъруза қилган президент Ислом Каримов қишлоқ хўжалиги юз тутган таназзулга алоҳида тўхталди.

Каримовга кўра 2011 йилда, 3800 фермер пахта ва дон сотиш мажбуриятини бажармаган.

Ўзбек фермерлари ўз зиммаларига олган мажбуриятда кўзда тутилганидан 162 минг тонна кам пахта топширган.

- Бу пахтани фақат толасини экспорт қилганимизда ҳам 100 миллион доллар олар эдик. Кунжара, пахта ëғи ва ғўзапояни ҳисобга киритмаган тақдирда шунча зарар кўрдик, деди 19 январ куни Вазирлар Маҳкамасининг навбатдаги мажлисида маъруза қилган президент Ислом Каримов.

Шунингдек ўз маърузасида Каримов, 1500 деҳқон фермер ширкати режадагидан 62 минг тонна кам дон маҳсулотлари топширганидан таассуф билдириб, бу ҳолат ҳукумат ғазнасини 10 миллион АҚШ долларидан мосуво қилганини таъкидлади.

Озодлик суҳбатлашган фермер ва қишлоқ ҳўжалиги мутахассислари Ўзбекистон президентининг бу гаплари бозор иқтисоди тизимига номувофиқ эканини таъкидлашди.

Мутахассислар кечган йилда ҳукумат фермерлар фаолиятини ўта қаттиқ назорат остида ушлагани ва пахта теримига мактаб болаларини жалб қилганини айтишди.

Плеханов номли Россия иқтисод академияси Тошкент филиалида дарс берадиган ва исми айтилмаслигини сўраган Қишлоқ ҳўжалик фанлари номзоди, Озодлик билан суҳбатда эркин бўлмаган қишлоқ ҳўжалиги самара келтирмайди, дея фикр билдирди:

- Ўзбек фермерларининг ҳукумат кучли назорати остида экани, уларнинг нима экиши расмийлар томонидан белгиланишини кўзда тутсак, бу ерда айб фермерларда эмаслиги аëн бўлади. Айб Ўзбекистонда қишлоқ ҳўжалиги тизимининг эркин эмаслигида, дейди Плеханов номли Россия иқтисод академияси Тошкент филиалида дарс берадиган ва исми айтилмаслигини сўраган Қишлоқ ҳўжалик фанлари номзоди.

Мутахассисга кўра, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги Совет давридаги режа-мажбурият услубидан халос бўлмаган.

- Худди чор Россияси даврида крепостной деҳқон қандай самарасиз бўлган бўлса, бугунги ўзбек фермери ҳам ана шундай. Россияда крепостной тузум бекор бўлганидан кейин қишлоқ хўжалиги ўта самарадор бўлганига тарих гувоҳ, дейди фан номзоди.

Тошкент вилоятининг Эски Қовунчи қишлоғидаги 56 яшар фермер Сотволди ака Қосимов Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда йил бўйи даладан бери келмасдан пахта етиштиргани ва бири икки бўлмаганини айтади.

- Ҳар доим хокимиятдан ëки прокуратурадан бир вакил келиб текшириб турган бўлади, кейин ярим кечагача селектр совешания. Фермер шуча меҳнат қилиб фақат дашном эшитмоқда, дейди Сотволди ака.

Хоразмнинг Питнак, Намаганнинг Косонсой туманларидаги фермерлар ҳам Озодлик билан суҳбатда меҳнатига яраша ҳақ олмаëтгани, экин-тикин соҳасида мутлақо ҳақ-ҳуқуқсиз эканлигини гапиришди.

Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалигини яхши билган ва исми айтилишини истамаган Бекобод пахта қабул қилиш пункти ходими Озодлик билан суҳбатда Каримовни ташвишга солаëтган асосий омилни шарҳлаб берди:

- Ўзи ўтган йили пахтани тўла топширган фермер бўлмади. Ҳамма қўшиб ëзиш билан шуғулланди. Масалан, режани бажар деб ҳоким бува дағдаға қилади. Фермер эса пахта пункти билан келишиб қўшиб ëздиради. Тарозидан урилган, пахта намлиги ва чанг-тўзон ҳисобидан пахта пунктида доимо қўшиб ëзиш имкони бўлади. Лекин бутун республика қўшиб ëзадиган бўлса, ғалвир сувдан кўтарилганида барака учгани маълум бўлади, дейди Бекобод пахта қабул қилиш пункти ходими.

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон ичкарисидаги ëзув-чизувлардагина мавжуд пахтанинг йўқлиги ташқаридан харидор келган пайтда маълум бўлади.

Уйнинг гапи кўчага тўғри келмайди.

Ўзбекистон расмийларига кўра, жорий йилда 3,5 миллион тонна пахта, 6 миллион 800 минг тонна ғалла етиштирилган.

Бу маҳсулотнинг қанчаси қоғозда экани муфаттишларга ҳавола.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG