Линклар

logo-print

Ўзбекистон Президенти девони олдида пикет ўтказиш учун кетаётган жиззахлик инсон ҳуқуқи ҳимоячиси Гавҳар Бердиева йўлда ушлаб қолинди.


Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида истиқомат қиладиган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси, “Бирдамлик” ҳаракати фаоли Гавҳар Бердиева 20 январ куни Чиноз туманида ушлаб қолинди.

Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари алянси раҳбари Елена Урлаеванинг айтишича, Гавҳар Бердиева тумандаги қонунбузарликларга президент эътиборини тортиш учун Тошкентга келаётган эди:

- У президент девони олдида пикет ўтказмоқчи эди. Гавҳар Бердиева Ғаллаорол тумани тиббий меҳнат экспертиза комиссияси раиси Умрзоқ Элмуродовнинг ногиронлардан пора талаб қилаётганлиги фактларини ва маҳаллий ҳокимларнинг ғайриқонуний ишларини ошкор қилмоқчи эди. Аслида у 19 январ куни йўлга чиққан. Бироқ милиция ходимлари уни йўлда ушлаб, уйига қайтариб олиб бориб қўйишган. Бугун эрталаб эса яна болалари билан бирга йўлга чиққан. Чиноз туманига етганда уни яна ушлаб қолишган,- дейди Елена Урлаева.

Ҳуқуқ фаолига кўра, Гавҳар Бердиева милиция ходимлари уни ҳибсга олишгани ҳақидаги хабарни етказишга муваффақ бўлган, бироқ шундан кейин алоқа узилган. Елена Урлаева инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари унинг тақдиридан хавотирда эканлигини айтади.

Гавҳар Бердиева Ғаллаоролдаги болалар меҳнати, аҳолининг ижтимоий муаммолари ҳақида Интернетда бир қанча мақолалар ёзган. Елена Урлаеванинг айтишича, 2011 йилги пахта кампанияси даврида туманда ўтказилган йиғилишда туман ҳокими уни “халқ душмани” деб атаган.

Мустақил журналист, Бирдамлик фаоли Малоҳат Эшонқулованинг айтишича, Гавҳар Бердиеванинг қўл телефонига қилинган қўнғироққа жавоб берган номаълум шахс уни Ғаллаоролга қайтариб олиб кетишаётганини айтган.

Гавҳар Бердиеванинг ҳозир қаерда эканлиги номаълумлигича қолмоқда. Озодлик инсон ҳуқуқи ҳимоячисининг тақдирини кузатишда давом этади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG