Линклар

АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни маъқуллади, аммо мазкур мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини танқид қилди.

Eurasianet.org сайтининг 21 январ куни маълум қилишича, АҚШ Президенти Барак Обама 2011 йилнинг 31 декабр куни Мудофаа ҳақидаги қонун лойиҳасини имзолаган.

Қонунда Давлат департаменти АҚШ манфаатларига хизмат қилишини асосли деб топса, истисно сифатида Ўзбекистонга ҳарбий ёрдамини қайта тиклаш назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида Давлат департаментидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятига бахо бериш ҳам талаб қилинган.

Давлат департаменти ходимининг сайтдаги "The Bug Pit" блогига маълум қилишича, Давлат департаменти қонун лойиҳасида назарда тутилган истиснодан илк бор фойдаланган.

Бундан ташқари Давлат департаменти Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасида юзага келган вазиятига бахо берган.

Америка дипломатик корпуси вакиллар яқинда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият соғломлашаётганига оид баёнотларни берган эдилар. Шунга қарамай, АҚШ давлат департаменти ҳужжатида вазият яхшиланаётганига оид ишоралар қилинмаган.

Ҳужжатда Ўзбекистондаги сиёсий эркинликлар, диний ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги, қамоқхоналардаги вазият аянчли аҳволда экани, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланилиши, пахта етиштиришда катталар ва болалар мажбурий меҳнатга жалб этилиши, “Андижон фожиаси” юзасидан мустақил текширув ўтказишга ҳукумат томонидан рухсат берилмагани қайд этилган.

Ўзини жаҳон оммавий ахборот воситалари билан Ироқ¸ Афғонистон¸ Қувайт¸ Баҳрейн ва Қатарда жойлашган АҚШ ҳарбийлари ўртасидаги ишончли воситачи деб тақдим этган Америкадаги Dvidshub.net нашри 2011 йилнинг 28 ноябр куни АҚШ генерали Брукс Ўзбекистон Мудофаа вазири Қобул Бердиев билан учрашиб, АҚШ қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиш жараёнида ҳарбий техникани қайта тақсимлаш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш масалаларини муҳокама қилганини хабар берган эди.

Шунингдек, Dvidshub.net сайтига кўра, АҚШ пиёда қўшинлари қўмондони “Ўзбекистон АҚШнинг Марказий Осиёдаги энг муҳим ҳамкорларидан биридир”, дея билдирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG