Линклар

logo-print

“Бунёдкор” футбол клуби Дубайда Швейцариянинг “Ксамакс” жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғолиб бўлди.

Бу ҳақда 21 январ куни Ўзбекистондаги ахборот агентликлари хабар тарқатди. Хабарда айтилишича, “Бунёдкор” ва “Ксамакс” футбол жамоалари “Matchworld Cup 2012” халқаро турнири доирасида Дубайда учрашганлар. “Бунёдкор” учун бу турнирнинг иккинчи туридаги иккинчи матчдир.

"Бунёдкор" билан "Ксамакс" учрашуви 20 январ куни "Аш-Шабоб" стадионида Тошкент вақти билан соат 18:00да бўлиб ўтган. “Бунёдкор” жамоасига Миржалол Қосимов бош мураббийлик қилади.

“Ўйиннинг 73 минутида “Бунёдкор” ўйинчиси Мирабдуллаев сўл флангдан тўпни жарима майдончасида турган Мурзоевга узатган. Мурзоев тўпни Баҳодир Пардаевга берган ва у яқин масофадан туриб “Ксамакс” дарвозасига тўпни киритган”, деб маълум қилди “Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизмати.

“Бунёдкор” расмийларига кўра, Швейцария жамоаси бош мураббийси рақибларини ғалаба билан қутлаган ва айни пайтда ўз жамоаси кўп ўйинларни ўтказиб чарчагани сабабли мағлуб бўлганини билдирган.

“Биз, албатта, ғалаба қилишни истаган эдик. Аммо “Бунёдкор”нинг мудофааси яхши бўлди. “Бунёдкор”ни ғалаба билан табриклайман ва келажакда муваффақиятлар тилайман. Биз жуда кўп мусобақаларни ўтказдик, шунинг учун жамоадаги айри ўйинчилар қаттиқ чарчаган. Бу ўртоқлик учрашуви бўлгани учун ҳам барча имкониятларни ишга солиб, ғолибликни қўлга киритишни ният қилганимиз йўқ., -деди “Ксамакс” бош мураббийси”, деб билдиради “Бунёдкор” футбол клуби матбуот хизмати.

18 январ куни “Бунёдкор” Дубайда “Matchworld Cup 2012” халқаро турнири доирасида Россиянинг “Зенит” футбол жамоаси билан учрашган эди. "Бунёдкор" ва "Зенит" жамоалари ўртасидаги ўйин 2:1 ҳисобида ўзбекистонликлар мағлубияти билан якунланган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG