Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:15

Ўзбекистонда Интернет трафиги арзонлади


"Ўзбектелеком" ширкати 2012 йил 20 январидан бошлаб Интернет хизмати провайдерларига 1 Мбит/с хизмат нархини 5,8 фоизга камайтириб, 500 долларга туширди.


Infocom.uz сайти хабарига кўра, 2011 йил давомида интернет хизмати провайдерлари учун белгиланган нархлар тўққиз марта камайтирилган.

Ўтган йил январидан 1 Мбит/с Интернет хизмати нархи 849 АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, 12 ой давомида нарх 60,8 фоизга камайтирилиб, 2012 йил 20 январдан бошлаб 500 АҚШ долларини ташкил қилмоқда.

2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг 19 январ кунги мажлисида қилган маърузаси давомида президент Ислом Каримов ҳозир Ўзбекистонда тахминан саккиз миллион одам интернетдан фойдаланаётганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон Алоқа ва ахборот агентлиги 24 октябр куни ўтказган 2011 йил дастлабки тўққиз ойи якунларига бағишланган мажлисда ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар сони 7,9 миллионга етгани маълум қилинган эди.

Бу 2010 йилдан бери глобал тармоққа чиқаётган ўзбекистонликлар ярим миллионга кўпайганини англатади.

Интернетга уланиш хизматларини кўрсатувчи корхоналар 2010 йилда 934 бўлган бўлса, бугунга келиб улар сони 939 тага етган. Интернет-кафелар сони эса 985 дан 1032 тага кўпайган.

Қарийб 8 миллион фуқародан 3 миллион 570 минг киши алоқа линиялари орқали, 4 миллион 327 минг фуқаро уяли телефон алоқаси орқали Интернетдан фойдаланмоқда.

Бошқача айтганда, ҳозир Ўзбекистондаги ҳар минг кишидан 277 нафари Интернетдан фаол фойдаланиб келмоқда.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик фойдаланувчилар асосан кўнгилочар сайтларни ўқишни ёқтирадилар. Шунингдек, рунетга дохил Одноклассники.ру ҳамда Майл.ру порталининг "Мой мир" ижтимоий тармоғи ҳам ўзбекистонлик интернет ишқибозлари орасида маълум ва машҳур. Хусусан, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда Одноклассники.ру тармоғининг 2 миллиондан зиёд, "Мой мир" тармоғининг эса 1 миллион чоғли муштарийси борлиги айтилади.

Айни пайтда Facebook ижтимоий тармоғидан бугунги кунда 106 минг чоғли ўзбекистонлик фойдаланмоқда. Жаҳон бўйлаб Facebook аъзолари сони 900 миллионга яқинлашган.

Бироқ Ўзбекистонда микро-блог хизмати у қадар оммалашмаган. Хусусан, жаҳонга машҳур Twitter микро-блог хизматининг 250 миллионга яқин фойдаланувчиси ичида атиги 3-4 минг чоғли ўзбек борлиги тахмин қилинади.

Интернет бўйича айрим мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда ўртаҳол фойдаланувчи Интернет учун ойига 15-20 минг сўм сарфлайди.
XS
SM
MD
LG