Линклар

Ҳамқишлоқларимиз Россияда баҳордан кузгача ишлаб, кунлар совуганда қишлоққа қайтгач, бошидан кечирган “саргузашт”ларини оғиз кўпиртириб, гапириб беришни хуш кўрар эдилар.

Биз-болалар уларнинг саргузаштларини Митхун Чакраборти ижросидаги кинони кўраётгандай оғзимизни ланг очиб, мароқланиб тинглардик.

Берилиб кетганимиздан боқиб юрган қўйларимизнинг қир ошиб кетганини ҳам сезмай қолардик.

Айниқса, уларнинг рус қизлари билан ишқий саргузаштларини қайта-қайта айтишларини сўрардик.

Ҳамқишлоқлар Россияда ўрганиб қайтган русча сўзларни кўп ишлатишар, биз эса бу сўзларни илиб олгач, мактабда олифтагарчилик қилиб ишлатишни хуш кўрардик.

Вилоят марказига бориб келсак, дунёни кўриб келгандек қувониб юрадиган биз ёшлар учун у олис юртлар эртакнамо бўлиб кўринарди.

Мен ҳам мактабни битиргач, нихоят улар сафига қўшилишдим. Бу осон ҳам бўлмади.

Россияга кетадиган маҳалладошларнинг бир шериги касал бўлиб, унинг ўрнига бошқа одам излаётганликларини эшитиб қолдим.

Ялиниб ёлворганимми ёки икки шиша ароқ билан эритганим сабаб бўлдими, бир амаллаб мени олиб кетишларига уларни кўндирдим.

Тантанали равишда барча қийинчиликларга чидашга, ўзбошимчалик қилмай, уларнинг айтган сўзидан чиқмасликка ичилган қасам изидан бир пиёла ароқ симириб, мен ҳам “сайёҳ” мақомини олдим.

Қишлоқдан Тошкентга келиб, поездга ўтирдик. Поездда икки кун йўл босиб, Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрига етдик.

Аслида Россияга йўл олгандик, бригадиримиз тайёр иш борлиги учун Қозоғистонда қолишимизни айтди.

Вокзалда кутиб олган қозоқ амаки шаҳар четидаги ярми қурилган уйга олиб келди. Шу уйни битказиб беришимиз керак экан.

Бригадир ака таърифини келтирган беш юлдузли меҳмонхонанинг соясини ҳам кўрмай, қурилаётган уй ёнидаги вагончага жойлашдик.

Эртаси кун бўйи ғишт, лой ташиб, кечга яқин романтик кайфиятдан асар ҳам қолмай,тақдирга тан бердим.

Ёмғирли кунларда ҳам ишлаб, бир ой деганда уйнинг томини ёпиб олдик.

Кейинчалик мени ошпазликка қўйишди. Ишим қийин эмас. Усталарга овқат тайёрлаб, уларнинг айтган ишларини бажараман.

Атрофимизда қурилаётган уйлар кўп, кеч киргач қўшни қурилишлардаги ватандошларимиз олдига меҳмондорчиликка борамиз.

Овқатдан камчилик йўқ, уйнинг эгаси ҳар икки-уч кунда келиб туради.

Қозоқ тилини ўн кунда ўрганиб олдим, бизнинг қишлоқнинг жайдари тилига ўхшаркан.

Кечқурунлари томга чиқиб, қўшнининг узун сочли қизига кўз қисиб ўтираман. Исмини укасидан билиб олдим. Қарлиғаш экан. Қалдирғоч дегани бу.

Орадан озгина вақт ўтиб, у ҳам менга ўрганиб қолди. Сал кўринмай қолсам, кўча бошидаги “колонка”дан челаклаб, сув ташийверади, ташийверади. Уйидаги сув бочкаси тешикмикин деб ўйлаб қоламан...
Фақат полиция деганларидан безор бўлдик, ҳафтада икки уч марта келади. Полициянинг қораси кўриниши билан ҳамма тум-тарақай қочади. Кимдир қўшниникига бекинади. Кимдир томга чиқиб яширинади. Бел оғриғидан шикоят қилиб юрадиган, ёши олтмишга яқинлашиб қолган Шокир аканинг икки ярим метрли девордан сакраб ўтганини кўрса Жеки Чан ҳам тан берворарди.

Камина бундай вазиятда ярмига сув тўлдирилган улкан бочкага кириб оламан.

Бунақанги экстремал вазиятларда цементдан бўшаган қоплар тагига ҳам яшириниш мумкин.

Полициячилар излаб-излаб, тополмай қайтиб кетгач, ҳамма бекинган жойидан чиқиб келади.

Лекин “Кўза кунда эмас, кунида синади” дегандек, кунлардан бир куни полициячилар бизни ушлади.

Бу ҳақда кейинги мақолада ҳикоя қилиб бераман…

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG