Линклар

Тақши ишлар вазирлигида қабул қилинган ЕИ мулозими яна бир бор Ўзбекистон билан алоқани мустаҳкамлаш ниятини таъкидлади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги миссияси раҳбари Нобер Жюстен билан учрашув бўлиб ўтди.

ТИВ Матбуот хизмати берган хабарга кўра, учрашув чоғида ЕИ вакили ишонч ёрлиғи нусхасини ўзбек мулозимларига тақдим этган.

Музокараларда томонлар ўртадаги сиёсий мулоқотни Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон манфаатларидан келиб чиққан ҳолда кучайтириш ниятини маъқуллаган.

Томонлар, айниқса, илғор технологиялар кўринишидаги сармоя масаласига катта қизиқиш билдиргани айтилмоқда.

ТИВ маълумотига кўра, ҳозир ЕИ Ўзбекистон ташқи савдосида иккинчи ўринни эгаллайди. Ўтган йил январ-август ойларида ўзаро савдо ҳажми 1,6 миллиард АҚШ долларини ташкил қилган.

Ҳозир Ўзбекистонда 841та қўшма корхона фаолият юритмоқда. Улардан 218таси Европа Иттифоқи давлатлари сармояси ҳисобига ташкил этилган.

ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонаси эса шу йил декабр ойида иш бошлаган ва унга 64 ёшли Белгия фуқароси Норбер Жюстен илк расмий вакил қилиб тайинланган эди.

64 ёшли Норбер Жюстен 1980 йилдан бошлаб Европа Коммиссиясида ишлаган. У комиссиянинг Люксембург, Брюссел, Вена идораларида фаолият юритган.

2001-2004 йилларда Европа Комиссиясининг Украина, Беларус ва Молдовадаги миссияларига раҳбарлик қилган.

2009-2011 йилларда эса ЕИнинг Қозоғистондаги вакили бўлиб ишлаган.

Иттифоқнинг Ўзбекистондаги ваколатхонасини очиш тўғрисидаги келишув шу йилнинг 24 январида Брюсселда имзоланган эди.

Ваколатхона ўтган йили май ойида очилган ва унга вақтинчалик иттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича дипломати, Чехия фуқароси Ондржей Шимек раҳбарлик қилган.
XS
SM
MD
LG