Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:16

ҲРУ Ўзбекистондаги аҳволни танқид қилди


“Ўзбекистонда инсон ҳақлари билан боғлиқ вазият мутлақо қониқарсизлигича қолмоқда”. Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг 22 январ куни ёйинланган ҳисоботида ана шундай хулоса ўрин олган.

Ҳисоботда Ўзбекистон расмийлари фуқаролик жамияти фаоллари, мухолифат вакиллари, журналистлар ва давлат белгилаб берган қолип ичида ҳаракатланишни истамаган диндорларни таъқиб қилишда давом этаётгани қайд этилади.

Ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларидан бир қанчаси қамоқхоналарда қолаётганини таъкидлаган ҳисобот муаллифлари бу маҳкумларнинг соғлиғи билан боғлиқ жиддий муаммолар кузатилаётгани, уларнинг камида еттитаси қийноқларга дучор қилингани ҳақида ёзадилар. Масалан, Ҳюман Райтс Уотч вакилларига кўра, қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиси Ғайбулло Жалилов билан январ ойида учрашиб қайтган қариндошлари унинг бир неча бор қийноққа солинганини, калтак натижасида ҳуқуқ фаоли эшитиш қобилиятини қарийб йўқотгани ҳақида маълум қилганлар.

Ҳисобот муаллифлари ўтган йили ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари (масалан, Елена Урлаева, Виктория Баженова, Татяна Довлатова, Абдулло Тожибой ўғли) ва мустақил журналистлар (масалан, Елена Бондар) дуч келган таъқиблар хусусида ҳам ёзадилар.

Дин эркинлиги

Ҳюман Райтс Уотч вакилларига кўра, Ўзбекистонда фикр ва эътиқод эркинлиги ҳали ҳам чекланганича қолмоқда.

Ҳисобот муаллифлари 2011 йилда Ўзбекистонда 100 дан зиёд киши диний экстремизмда айбланиб ҳибсга олингани ёки судланганини қайд этадилар. Ҳисоботда бундан уч йил муқаддам бошланган “нурчи ови” ҳали ҳам давом этаётгани, ўтган йили “нурчилик оқими”га мансуб деб қаралган ўнлаб киши ҳисбга олингани ёки судлангани ҳақида ёзилади.

Шунингдек, ҳисоботда ўзбек расмийлари насронийлар ва бошқа диний озчиликлар вакилларига нисбатан қисқа муддатли қамоқ ва жарима каби жазо чораларини қўллаганлари ҳам келтирилади.

Қийноқлар

Ҳюман Райтс Уотч вакилларига кўра, Ўзбекистон диний қарашлари учун судланганларнинг қамоқ муддати ички тартибни бузганлик баҳонаси билан чўздириб қўйилмоқда. Шунингдек, қамоқхоналарда диндорларни хўрлаш амалиёти давом этмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, ноябр ойида Жаслиқ қамоқхонасида жазо муддатини ўтаётган мусулмонларнинг қариндошлари Ҳюман Райтс Уотчга маҳкумлар очлик эълон қилганларидан кейин маъмурият уларнинг бир қанчасига нисбатан қийноқ қўллаганини, жумладан, уларни бошқа маҳкумлар кўзи олдида калтаклаганлари ва жинсий жиҳатдан таҳқирлаганларини айтиб берганлар.

Аснода ҳисоботда Ўзбекистонда қийноқлар ҳали-ҳамон оммавий характерга эга экани, маҳбуслар ва маҳкумлар ҳақ-ҳуқуқлари мунтазам равишда бузиб келинаётгани айтилади.

Андижон воқеалари

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон ҳукумати бундан олти йил муқаддам содир бўлган Андижон воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга ҳали ҳам розилик бермаганини, аксинча бу фожеий воқеа гувоҳларини ҳамон таъқиб қилаётганини таъкидлайдилар.

Болалар меҳнати

Ҳюман Райтс Уотч ҳисоботида Ўзбекистондаги пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳали ҳам жиддий муаммо бўлиб қолаётганига урғу берилади. ҲРУ вакилларига кўра, Ўзбекистон томонидан 2008 йил мартида Халқаро меҳнат ташкилотининг икки конвенцияси ратификация қилинганига қарамай, бу халқаро мажбуриятни бажариш бўйича мамлакат ҳукумати томонидан ҳеч қандай амалий қадам қўйилгани йўқ. Ҳисоботда ўзбек расмийлари ҳали-ҳамон йилда икки ой 9 ёшдан юқори болаларни пахта теримига мажбуран юбораётгани, бу кичкина теримчилар сони бир ярим миллиондан икки миллионгача чиқиши мумкинлиги айтилади. Пахта теримига жалб этилган мактаб ўқувчилари бу ерларда аксилсанитария шароитида яшаётганлари, тез-тез касал бўлаётганлари ва қарийб текинга ишлаётганларини урғулаган ҳисобот муаллифлари ўзбек расмийларининг бу ҳолатларни жамоатчиликка ошкор қилишга уринган фаолларни ҳам таъқиб қилаётганини қайд этадилар. Хусусан, ҳисоботда ёзилишича, ўтган йилнинг сентябр ойида Қашқадарё вилоятида пахта теришга мажбур бўлган болаларни суратга олган Гулшан Қораева ва Нодир Аҳатовни ушлаганлар.

Ўзбекистон ва Ғарб алоқалари

Ҳисобот муаллифлари Ўзбекистон ҳукумати халқаро институтлар билан ҳамкорлик қилишни истамаётган бир пайтда Афғонистондаги амалиётларни таъминлашдан манфаатдор бўлган АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари Тошкент билан тиғиз алоқа ўрнатаётганини писанда қилади ва Ғарб лидерларининг бу хатти-ҳаракатини танқид қилади.
XS
SM
MD
LG