Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:51

Г. Каримова Ўзбекистон ва Европа ҳамкорлиги истиқболини муҳокамага қўйди


Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ қароргоҳидаги доимий вакили Г.Каримова тадбирида Ўзбекистон Осиё ва Европа ўртасидаги дарвоза ўлароқ тақдим этилди.


Ўзбекистоннинг Женевадаги БМТ идораси ва бошқа халқаро ташкилотлардаги вакили бўлган Гулнора Каримова етакчилигидаги ваколатхона Ўзбекистон ҳамда Европа давлатлари ҳамкорлиги истиқболини халқаро ташкилотлар муҳокамасига қўйди.

Ўзбекистонга оид ярим расмий интернет нашрларининг бугун хабар қилишича, "Ўзбекистон ва Европа: транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари" мавзуидаги анжуман ваколатхона ташаббуси билан 17 январ куни ўтказилган.

Анжуманда Европа иқтисодий комиссияси, БМТ Савдо ва тараққиёт анжумани ташкилоти, ЕИ даги бир қатор ташкилотлар ва шунингдек, Ўзбекистонда Гулнора Каримова етакчилигида ташкил этилган "Фонд Форум" ташкилотидан борган 100 га яқин вакил иштирок этган.

Кун тартибидаги асосан 2 та масала - "Ўзбекистон Европа ва Осиё ўртасидаги дарвоза" ва "Ўзбекистон ва Европа ўртасида энергетик ҳамкорликни ривожлантириш йўналишлари истиқболлари"га оид масалалар қўйилгани хабар қилинмоқда.

Хабарларга кўра, анжуман доирасидаги тақдимот маросимлари чоғида Ўзбекистоннинг энергетика ва транспорт соҳасидаги имкониятлари, жумладан, "Навоий" эркин иқтисодий ҳудуди ва у ерда жадаллик билан буёнд этилаётган инфратузилмалар кўргазма қилинган.

Бундан ташқари, "Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Уммон-Қатар" йўналишидаги халқаро транспорт коридори ҳамда Ўзбекистондаги табиий газ заҳираларига оид маълумотлар тақдим этилган.

Анжуманда иштирок этган халқаро ташкилотлар расмийларининг кўпроқ энергетика ва транспорт соҳаси, шунингдек, янги информацион технологиялар соҳасига сармоя олиб келувчи таклифларга катта қизиқиш билдиргани айтилмоқда.

Гулнора Каримова 2008 йил сентябр ойидан буён Ўзбекистоннинг Женева БМТ қароргоҳидаги доимий вакили ҳисобланади.

2010 йил июн ойидан эса Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси лавозимини ҳам эгаллаган.
XS
SM
MD
LG