Линклар

Ортда қолган ҳафтада ҳукумат йиғилишига раислик қилган президент Имомали Раҳмон жойлардаги амалдорларни хушомадгўйликда айблади.

- Бугунги йиғилишда қатнашаётган туман ва шаҳар раислари, бас қилинг хушомадгўйликни. Давлат раҳбари кўзига тупроқ сочишни бас қилинг. Ҳамма нарса аён. У ёки бу шаҳар ва вилоятларга сафарларимда одамлар сизлардан шикоят қилади, “дорожка учун пул, гул учун пул, зиёфат учун пул”, деб чўнтакларимизни қоқиб олишаяпти”, дея шикоят қилишади. Бу нима деган гап? Ортиқча илтифот керак эмас, мен хижолат бўламан, ўзимни ноқулай ҳис қиламан, - деди 21 январ куни ўтказилган ҳукумат йиғилишида президент Имомали Раҳмон.

Тожикистон президенти аввал ҳам бир неча бор шунга ўхшаш гапларни айтган, қўл остидаги амалдорлардан оёқлари остига гул сочишга чек қўйишни талаб қилган. Шунга қарамай, кузатувчиларга кўра, давлат раҳбарининг бу талаби бажарилмай келинади. Бироқ шу кунгача бу буйруқни бажармаган бирор амалдор жазоланмаган.

Президентнинг шаҳар ёки вилоятларга сафари олдидан жойлардаги маҳаллий амалдорлар махсус тайёргарлик кўради. “Президент назарига тушиш” илинжида бўлган раислар бундай тадбирларга бошланғич синф ўқувчилари, деҳқонлар ва тадбиркорларни ҳам жалб қилади.

Бундай тадбирларда узунлиги бир неча ўн метрлик қип-қизил гиламлар ва турли рангдаги гуллардан поёндоз ҳозирлашади.

Ана шундай тадбирларнинг бирида қатнашган Рудакий туманида яшовчи тадбиркорлардан бири Ҳошимжон Бўриев президентни кутиб олиш тадбирлари харажатини асосан оддий одамлар кўтараётганини айтади.

- Ери борлар кўп-ку районларда, ўшалардан олади. Магазини бор, шунақа қўлидан иш келганлардан олади - бошқа кимдан олади? Ўзларининг фонди бўлмаса бунинг учун. Ҳалигига атайлаб жой қилади, у жойлар ҳазилакам пул турадими? Дорожкалари бир километргача чўзилади баъзан. Маън қилиш керак буни, чунки ниҳоятда ошиб кетаяпти. Бу ортиқча харажат-да, - дейди Ҳошимжон ака.

Бироқ исми ошкор этилмаслигини сўраган сўғдлик кичик амалдорлардан бири юқорида гапирган тадбиркорнинг айтганларини инкор қилади.

- “Ўз территориямда уятли бўлиб қолмай” деган маънода қилинади бу ишлар, бунга биров мажбурланмайди. Халқдан умуман пул тўпланмайди бу иш учун. Обрў учун ўзимиз қиламиз. Яъни келишиб оламиз. “Сен уни қиласан, буни қиласан”, деб буюрмайди ҳеч ким. Ўзаро келишиб, ҳар ким қўлидан келган иш билан қатнашади бунга. “Пул кетса кетсин, обрў кетмасин”да бизда, - дейди аноним суҳбатдошимиз.

Мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзо фикрича, “Подшоҳ Оллоҳнинг ердаги сояси” деган тушунча Марказий Осиёдаги барча республикалар аҳолиси, хусусан тожикистонликларнинг қон-қонига сингиб кетган.

- Бу билан жойлардаги амалдорлар давлат раҳбарига ўз садоқатини намойиш этишга уринади. Бошқа томондан, пастки поғонадаги амалдорлар авторитар давлат раҳбарларига бу хил хушомад ёқишини яхши англашади. Шу сабабли улар бу анъанани давом эттириб келмоқда, - дея мулоҳаза билдиради мустақил таҳлилчи Ражаби Мирзо.

Бошқа бир таҳлилчи Раҳматулло Зоиров эса президент Имомали Раҳмоннинг айтганлари амалига зидлигини, кечаги буйруғи эса шунчаки “хўжакўрсин” эканини айтади.

- Агар президентнинг айтганлари қилган ишига тўғри келганида шу вақтгача бир-икки амалдор буйруқни бажармагани учун жазоланган бўларди. Лекин, афсуски, президентнинг бу айтганлари ҳаммаси юзаки ва фақат аҳоли таъсирлансин учун айтилган, - дейди сиёсий таҳлилчи Зоиров.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG