Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:12

Costa Concordia ҳалокатидан омон қолган қозоғистонлик ўзбек уйига етиб борди


Лола Агеева Costa Concordia кемасига чиқишдан аввал тушган сурат.
Лола Агеева Costa Concordia кемасига чиқишдан аввал тушган сурат.

13 январ куни Италия соҳиллари олдида ҳалокатга учраган Costa Concordia кемасида бўлган қозоғистонлик ўзбек қизи Лола Агеева эри билан Олмаотага етиб келди.


13 январ куни Италиянинг ғарбий қирғоқларида тошга урилиб чўккан Costa Concordia круиз кемаси бортида эри билан бирга бўлган Лола Агеева Италиядаги Қозоғистон элчихонаси кўмагида Олмаотага етиб келди.

- Элчихонамиз ҳужжатларимиз бўйича ёрдам берди. Биз ҳалокат оқибатида барча ҳужжатларимиз ва юкларимиздан ажралдик. Элчихона ҳужжатларни тайёрлаб берди. Олмаотага қайтиш билетимизни ўзимиз аввал харид қилган эдик,- дейди фарзандлари бағрига қайтганидан хурсанд Лола Агеева.

Кемада қолиб кетгган кийим-кечаги, саёҳат давомида олган совға-саломидан айрилган Лоланинг Озодликка айтишича, Costa Concordia эгалари тўлаши айтилган товон пулидан ҳануз дарак йўқ.

- Бизга ҳали товон пули беришмади. Биз Қозоғистонга энди етиб келдик ўзи. Очиғини айтсам, ҳали товон пули масаласида шуғулланмадик. Энди ҳаракат қилмоқчимиз. Қанча бериши мумкинлиги ҳақида ҳатто тассаввурга ҳам эга эмасман,- дейди Лола.

Аслида Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Тараз шаҳридан бўлган ўзбек миллатига мансуб Лола Агеева тўрт фарзанднинг онаси. У эри, тадбиркор Руслан Агеев ва болалари билан Олмаота шаҳрида яшайди.

Қишки таътилни фарзандлари билан Францияда ўтказиб, кейин болаларини
Эр-хотин Руслан ва Лола Агеевлар денгиз сайрига чиқишни яхши кўришади.
Эр-хотин Руслан ва Лола Агеевлар денгиз сайрига чиқишни яхши кўришади.
Қозоғистонга жўнатган эр-хотин Агеевлар Costa Concordia кемасида саёҳат учун 1300 Евролик йўлланмани харид қилишади.

- Бу саёҳат жуда қизиқарли бўлгани учун танладик. Италия, Испания ва Франция бўйлаб денгиз саёҳати эди. Бу бизнинг иккинчи денгиз саёҳатимиз. Ўтган йили эрим билан Мексика бўғози бўйлаб круизга чиққандик,- дейди суҳбатдош.

Етти кунга мўлжалланган денгиз саёҳатининг бешинчи куни - 13 январда Costa Concordia ҳалокатга учради.

Ўша кунни хотирлар экан, Лола Агеева болаларини Қозоғистонга жўнатганига шукур қилади.

- Кечки овқат пайти эди. Биз овқатланаётган эдик. Кейин қандайдир тушунарсиз тебраниш бошланди. Сал ўтиб кема бир томонга оға бошлади. Дастурхон устидаги ҳамма нарса сочилиб кетди. Одамлар туриб ҳар томонга югира бошлади. Биз ташқарига чиқиб, қутқарув кемалари ёнига бориб, эвакуация бошланиши ҳақидаги буйруқни кутиб турдик. Бироқ капитан ҳеч қандай буйруқ бермади. У охирги дақиқагача “Ҳаммаси жойида” эканини таъкидлаб турди. Лекин ўзи биринчилардан бўлиб кемани тарк этди. Ҳеч ким қутқарув камзулларини ҳам тарқатмади. Биз ўзимиз бир амаллаб топдик. Кема кескин оғишни бошлагач, одамлар ўзлари ҳаракат қила бошлади. Кема экипажи капитаннинг буйруғисиз ҳам одамларни қайиқларга тушира бошладилар,- дея эслайди ўша маъшум кунни суҳбатдош.

Биринчилардан бўлиб қутқарув қайиғига тушган Лола одамлар орасида ваҳима кам бўлганини хотирлайди.

- Қаттиқ ваҳима бўлмади. Ёш болалар йиғлади, қариялар ўзларини ёмон ҳис қилишди. Лекин унақа қаттиқ ваҳима бўлмади. Қичқириқлар бўлмади. Ҳайрон қоларли даражада ҳамма ўзини сокин тутди. Қирғоққа етиб олганлар хурсандликларидан бақириб-чақиришди. Кимдир ётиб ерни ўпди. Одамлар бир-бирини қучоқлашди. Албатта қувончимиз чексиз бўлди,- дейди суҳбатдош.

Лоланинг айтишича, қиғоққа чиққач маҳаллий аҳоли уларга ёрдам берган.

- Ҳамма ўзига тунаш учун жой ахтара бошлади. Кимдир меҳмонхонага кетди. Кимдир Черковга борди. Бировлар мактабга жойлашди. Бизга маҳаллий аҳоли уйидан жой беришди. Эртаси куни Римга бориб, меҳмонхонага жойлашдик. Кейин Қозоғистон элчихонаси кўмагида уйга етиб келдик,- дейди суҳбатдош.

23 январ куни Costa Concordia кемаси ҳалокатга учраши оқибатида ҳалок бўлганлардан яна икки одамнинг жасади топилди.

Айни пайтда кема ҳалокатида ўлганлар сони 15 га етди.

17 одам бедарак йўқолган бўлиб, уларнинг кўпчилиги Германия, Франция ва Италия фуқароларидир.

Costa Concordia кемаси бортида ҳаммаси бўлиб 4220 йўловчи ва экипаж аъзолари бўлган.
XS
SM
MD
LG