Линклар

Megaupload нега ёпилди?


Ким Дотком 2005 йилда Megaupload сайтига асос солганидан бери 175 миллион доллардан ошиқ пул ишлагани айтилмоқда.

Ким Дотком 2005 йилда Megaupload сайтига асос солганидан бери 175 миллион доллардан ошиқ пул ишлагани айтилмоқда.

Ўтган ҳафта АҚШ Адлия вазирлиги дунёдаги энг йирик файл алмашинуви сайти – Megaupload вэбсайтини ёпиб қўйди. Интернетда муаллифлик ҳуқуқлари бузилишига оид энг йирик жиноий ишнинг асосий фигуранти - Megaupload асосчиси Ким Дотком ўзи киму, унга қўйилаётган айбловлар нимадан ибоарт?


Дунёдаги энг йирик файл алмашинуви сайти асосчиси Ким Дотком АҚШ расмийлари томонидан Интернет қароқчилиги орқали пул ювганликда айбланмоқда.

Асли германиялик Финляндия фуқароси ва асл исми Ким Шитц бўлган компютер программисити Megaupload номли Интернет империясини яратган. 38 ёшли Ким Доткомга қарашли Megaupload Limited ширкати Megavideo, Megapix, Megalive, Megabox каби жами 18 та домейн номларига эгалик қилади.

19 январ куни АҚШ Адлия вазирлиги Megaupload ва унга доҳил барча домейн номларини ҳибсга олиб, виртуал оламдаги файллар алмашинуви бўйича энг фаол бу сайтларни ёпиб қўйди.

Ким Доткомнинг ўзи 20 январ куни Янги Зеландияда ҳибсга олиниб, муаллифлик ҳуқуқларини бузганлик айблови билан судга олиб келинди. Янги Зеландия суди ҳукм чиққунига қадар уни гаров эвазига озод қилиш масаласини кўриб чиқмоқда.

Жума куни Янги Зеландия полицияси АҚШ Федерал қидирув бюроси сўровига кўра уни ҳисбга олгани келганида, Ким Дотком шаҳар четидаги данғиллама уйидаги хоналардан бирида биқиниб олган эди. Полициячилар уни чиқариб олиш учун анча куч сарфлаганини маълум қилди.

Доткомнинг адвокати ўз мижози хонага беркиниб олганини унинг қўрққани ва саросимага тушиб қолганига йўйди. Тинтув пайтида полиция унинг ёнидан турли исмларга олинган жами 45 кредит карта ва учта паспорт топди. Компютер программисти Ким Шмитц, Кимбл ва Ким Тим Жим Вестор исмларидан ҳам фойдалангани айтилмоқда.

Megaupload сайти эгасига қарши 72 саҳифали айблов хулосасида Ким Дотком 2005 йилда сайтни ишга туширганидан бери муаллифлик ҳуқуқларини бузиш орқали 175 миллон АҚШ долларидан ортиқ пул ишлагани айтилади.

Айблов хулосасида икки корпорация – Megaupload Limited ва Vestor Limited ширкатлари номлари келтирилган. Айбловлар орасида “товламачилик фитнасига аралашганлик, муаллифлик ҳуқуқларини бузиш фитнаси, пул ювиш фитнаси” кабилар бор.

АҚШ газеталари бу айбловларга ишора қилиб, бу ишни “the Mega conspiracy”, яъни “Мега фитна”, дея атамоқда.

АҚШ расмийлари томонидан қўлга олинишидан олдин муаллифлик ҳуқуқлари эгалари Megaupload га алоқадор сайтларда қандай файллар жойлаштирилганини аниқлаш имконига эга бўлмаган, чунки бу сайтлард на каталог, ё на қидириш функцияси бўлган. Интернет фойдаланувчилари бошқа қидирув тизимларида муайан компьютер дастури, фильм ёки мусиқа линкини топиб, фақат линк орқалигина Megaupload сайтидан уни юклаб олишлари мумкин бўлган.

Айблов хулосасида, Megaupload ширкати буни муаллифлик ҳуқуқлари бузилиши “кўламини яшириш” учун қилгани айтилади.

Муаллифлик ҳуқуқлари эгалари Megaupload даги муайан линк тўғрисида шикоят қилшиши биланоқ, ширкат бу линкни дарҳол олиб ташлаган. Лекин бу материал Интернетдаги серверларда сақлаб қолинган ва кейинчалик уларни бошқа линклар орқали юклаб олиш имконияти сақланиб қолаган.

Таҳлилчилар Megaupload иши Интернетдаги шунга ўхшаш бошқа “cloud-hosting” деб аталувчи хизматларга қарши преценеднт бўлишини башорат қилишмоқда.

АҚШ расмийлари томонидан ҳибсга олинган Megaupload асосчисига қарашли 50 миллион долларлик активлар орасида 14 Mercedes-Benz, битта Maserati, битта Rolls-Royce ва битта Lamborghini машинаси борлиги айтилмоқда.

Ким Дотком минган Mercedes-Benz машиналардан бирининг давлат рақамида “GUILTY”, яъни “айбдор” деган ёзув бўлган. Бошқа машиналарда эса, "POLICE," “MAFIA”, “STONED”, “CEO”, “HACKER”, “GOOD” ва “EVIL” ёзувлари бўлган.

Дотком 2002 йилда Германияда ширкат ички маълумотларидан ноқонуний фойдаланганликда айбланган.

Бўйи икки метр, вазни 140 кило бўлган бу барзанги йигитнинг қўшнилари унинг қўрс одам бўлганини айтишади.

АҚШ расмийлари эълон қилган айбловда Megaupload ширкатининг бошқа ишчилари ҳам яхшигина ҳақ олгани айтилади. Масалан, словакиялик 35 яшар Юлиус Бенко 2010 йилнинг ўзида 1 миллион доллардан оошиқ пул ишлаган.
XS
SM
MD
LG