Линклар

“Кўза кунда эмас, кунида синади” дегандек, кунлардан бир куни полициячилар бизни ушлаб, машинага “босиб” полиция бўлимига олиб боришди.

Фуқаро кийимида бўлган полициячилар йўлдаёқ барчамиздан мобил телефонларимизни олиб қўйди.

Ярим соатларда полиция бўлимига етиб келдик. Қоп-қора кийимли полициячи барчамизни тинтув қилиб, ёнимизда нимаики бўлса шкафига солиб қўйгач, бизни темир эшикли хонага қамади.

Хонада биздан ташқари яна ўнтача одам бор эди. Кечгача сассиқ хонада ўтиравердик.

Кейин бирма-бир одамларни “танишув” учун чақира бошлашди. Полициячилар билан биринчи бўлиб “танишиб" келган бригадиримиз қайтиб келиб, бизга нима дейиш кераклигини тушунтирди. “Қариндошимизникига тўйга келдик, эрта индин уйга кетамиз” деб айтишни тайинлади.

Ниҳоят менинг навбатим келиб, полициячи ҳамроҳлигида узун коридордан юриб, бир хонага кирдим. Хонада важоҳатли опа билан автомат ушлаб олган полициячи бор эди.

“Кимсан, қаердансан, кимникига келдинг, нима қилиб юрибсан, ҳаммасини айт” деди опа.

Бажонидил дедимда барчасини айтиб бердим. Опа айтганларимни компьютерида ёзиб ўтирди. Кейин “Ўқиб чиқиб, қўл қўй” деб бир варақ қоғоз берди.

“О, боже мой” девордим ўқиб бўлгач. Опа бу фантазияси билан ёзувчи бўлиши керак экан аслида. Шунча талантни хор қилиб юрган экан. Мени “Тоғамникига тўйга келдим, паспортимни уникида қолдириб, тўй ташвишларидан чарчаганимиз сабаб кетиш олдидан дачада бир икки кун дам олаётган эдик. Поездимиз уч кундан сўнг, билетни олиб қўйганмиз” деб айтганларим қолиб, опа ўзича тўқибди.

“Мен палончи пистончиев, палон маҳалда Ақтўбе шаҳрига келдим. Шерикларим билан палон адресда яшовчи Палончининг дала ҳовлисидаги қурилиш ишларини бажариш учун палон минг долларга келишдим. Мени тутиб келтирган полиция ходимлари бу ноқонуний эканлигини тушунтирди. Билиб билмай қонунни бузганимни тан оламан. Полиция ходимларига тергов жараёнида ихтиёрий ёрдам кўрсатганимни инобатга олиб, судда менга нисбатан енгилроқ жазо беришингизни сўрайман” деб ёзибди опа тушмагур.

“Опа, сиз мени яхши тушунмай сал хато ёзиб қўйибсиз. Бунга қўл қўя олмайман. Келинг мен ўзим бошқа қоғозга қайтадан ёзиб берай” деб ялинганимга опа кўнмади.

Важоҳатли опанинг “бехосдан” биқинимга икки марта тегиб кетган муштидан сўнг, қоғозга қўл қўйиб бердим.

Хонада атрофимни шерикларим ўраб олишди. Бригадиримизга “Сиз айтган комедия кино опага ёқмади, у детектив киноларни кўраркан” дедим.

“Танишув”дан чамаси бир соатлар ўтиб, опа хонага кириб, “Ҳурматли меҳмонлар, кеч бўлиб қолди, бегона ерда қоронғуда сарсон бўлиб юрмай, бугунча шу ерда қолинглар” деди.

Биз нимаям дердик, “рухсат мезбондан” дейишади, опанинг таклифига рози бўлдик.

Қорнимиз оч қолганини сезди шекилли полициячи ака овқатга чақиришга кирди.
Биз унга “Акалар сизлар хизматдаги одамсизлар, овора бўлиб, бешбармоққа уннаб ўтирманг. Биз сизга пул берсак, дўкондан нон-пон, қатиқ-матиқми олиб келиб берсангиз кифоя” дедик.

Бунақа хушмуомалаликни кўриб, полициячи ака хизмати учун биз таклиф қилган пулдан воз кеча олмади.

Хонага биздан олдинроқ келган ҳамюртларимиз билан танишиб, базму жамшидни бошлаб юбордик.

Қорин тўйгач, катталар ухлашди. Ёшлар гаплашиб ўтирдик.

Эртасига эрталаб танишимизга қўнғироқ қилиб, паспортларимизни олдирдик.

Тушдан кейин важоҳатли опа келиб, бизга суддагиларнинг “таклифномаси”ни ташлаб кетди.

Бу ҳақда кейинги мақолада ҳикоя қилиб бераман…

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG