Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:52

Қирғизистонда маҳбуслар очликни давом эттирмоқда


Қирғизистон қамоқларида 400 дан ортиқроқ маҳбус оғизларини тикиб олди.

Бу ҳақда 24 январ куни Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун маълум қилди. Унинг айтишича, маҳбуслар шундай йўл билан 16 январ куни Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторида сақланаётганларнинг калтакланишига ўз норозилигини билдирмоқда.

Маълумотга кўра, оғзини тикиб олганларнинг 385 нафари Бишкекдаги 1-сонли тергов изолятори, 5 нафари 3-аҳлоқ тузитиш колонияси, 10 нафари эса 8-аҳлоқ тузатиш колониясида сақланаётган маҳбуслардир.

Омбудсмен, айни пайтда 1-сонли тергов изоляторидаги 1371 маҳбусдан фақат 259 тасигина очлик акциясига қўшилмаганинини айтди.

- Жазони ўташ бошқармасига Байзаков раҳбар этиб тайинланганидан кейин қамоқхоналарда тартиб ўрнатиш бўйича кескин чоралар кўрилди. Маҳбусларнинг норозилиги айнан қамоқларда тартибнинг кучайтирилиши билан боғлиқ. Қамоқларда тартиб ўрнатиш ҳаракатини фақат олқишлаш керак. Лекин бу ҳаракат куч қўллаш орқали амалга тадбиқ этилаётгани нотўғри, -деди Турсунбек Акун.

Қирғизистон Жазони ўташ бош бошқармаси эса 1-тергов изоляторида 380 маҳбус, 8-аҳлоқ тузатиш колониясида 61 маҳбус оғизларини тикиб олганини билдирди. Бошқарма тарқатган баёнотда айтилишича, оғиз тикиш ҳақида маҳбусларга 1-тергов изоляторидаги камералардан бирининг эшиги доим очиқ бўлишини талаб қилаётган жиноят олами лидерлари буйруқ берган.

Жазони ўташ бош бошқармаси маълумотида очлик эълон қилган маҳбуслар шифокорлар назоратида экани айтилади. Сўнгги бир сутка мобайнида очлик эълон қилган 115 маҳбусга тиббий ёрдам кўрсатилган.

Қирғизистондаги 17 қамоқхонадан 14 тасида жазо муддатини ўтаётган маҳбуслар 16 январ куни Бишкекдаги 1-сонли тергов изоляторида исён кўтарган маҳбусларнинг аёвсиз калтакланиши ва бир маҳбуснинг ўлиши муносабати билан норозилик сифатида очлик эълон қилган эдилар.

Айни пайтда Бишкек ва Ўшда маҳбусларнинг яқинлари 22 январда Жазони ўташ бошқармаси бошлиғи Шейшенбек Байзақовни лавозимидан бўшатиш талаби билан митинглар ўтказди. Маҳбусларнинг яқинларига кўра, бошқарма бошлиғининг қаттиққўллиги оқибатида қамоқларда маҳбусларга нисбатан муомила салбий томонга ўзгарган.
XS
SM
MD
LG