Линклар

logo-print

Қозоғистонда мухолифатчилар уйи ва офиси тинтилди


Мухолифатдаги "Алға" партияси фаоллари Кенже Аденов (чапда), Владимир Козлов (ўртада) ва Айжангул Амирова (ўнгда).

Мухолифатдаги "Алға" партияси фаоллари Кенже Аденов (чапда), Владимир Козлов (ўртада) ва Айжангул Амирова (ўнгда).

Қозоқ расмийлари бу тинтувлар Жанаўзен воқеаларида айбланаётган кишилар устидан қўзғатилган жиноий ишлар доирасида ўтказилаётганини айтмоқдалар.

“2012 йилнинг 6 январ куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов-тезкор гуруҳи фуқаро Амирова Айжангул ва бошқа шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 164-моддаси 3-банди (Ижтимоий, миллий, насабий, ирқий ёки диний низо қўзғаш) бўйича жиноий иш қўзғатилган”, дейилади Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси 24 январ куни тарқатган матбуот варақчасида.

МХҚ маълумотида жиноий иш текширилаётган пайтда бошқа шахсларда мазкур иш учун аҳамиятли бўлган предмет ва ҳужжатлар борлигини тахмин қилиш учун етарли маълумотлар олингани, шу важдан 23 январ куни Жанаўзен шаҳар прокурори санкцияси билан Олмаота шаҳри ва вилоятида яшовчи айрим кишиларнинг уйи ва иш жойида тинтув ва бошқа тергов тадбирлари ўтказилгани айтилади.

“Халиқ майдани” (Халқ жабҳаси) мухолифат ҳаракати фаоли Айжангул Амирова 6 январ куни қўлга олинганди. Унга нисбатан ижтимоий низо қўзғаганлик айби билан жиноий иш очилганди.

23 январ куни эса мазкур жиноий иш сабаб ўлароқ келтирилиб Олмаотада мухолифатчилар, мустақил фаоллар ва мухолиф қарашдаги журналистларнинг уйлари ва офислари тинтилди.

Маълумотларга кўра, кеча Миллий хавфсизлик қўмитаси шаҳар департаменти ходимлари томонидан рўйхатдан ўтмаган “Алға” мухолифат партиясининг Олмаотадаги офисида, партия лидери Владимир Козлов уйида ҳамда унинг ўринбосари Михаил Сизов хонадонида тинтув ўтказилган. Шунингдек, душанба куни “Алға” партияси офиси қўриқчилик хизмати раҳбари Асқар Токмурзин ва ҳисобчи Гулжан Лепесова уйи ҳам тинтилган.

Махсус хизмат ходимларини “Алға” партияси офисидаги компютерларда сақланаётган маълумотлар қизиқтирган.

Владимир Козловнинг хотини Алия Турусбекова хавфсизлик хизмати назаридан мухолифатчиларнинг қариндошлари ҳам четда қолмаганини айтади.

- Ота-онам яшаётган уйда ҳам тинтув ўтказилди. Тинтув учун 16 декабр куни Жанаўзенда содир бўлган воқеаларга алоқадор Айжангул Амирова жиноий иши бўйича Миллий хавфсизлик қўмитасининг Манғистау вилоят департаментидан санкция олинган экан. Уларни Амировага боғлиқ нима бўлса, ўшаларнинг ҳаммаси қизиқтираётган экан, кейин гўё бунга баҳо беришаркан. Офисга паролли компютерларни ёқиб бериш учун фақат тизим маъмуринигина киритишди, Сизов ва Токмурзинни эса Миллий хавфсизлик қўмитасига олиб кетишди, - деди Алия Турусбекова Озодлик радиосининг қозоқ хизматига берган интервюсида.

“Республика” мухолифат нашри хабарига кўра, душанба куни фуқаролик жамияти фаоли, “Рух пен тил” ёшлар ҳаракати аъзоси Жанбўлат Мамай хонадонида ҳам тинтув ўтказилган. Кейин эса Жанбўлат Мамай ва “Халиқ майдани” мухолифат ҳаракати фаоли, режиссёр Бўлат Атабаев миллий хавфсизлик қўмитасига сўроққа чақирилган.

Шунингдек, Озодлик радиоси қозоқ хизматининг “Алға” мухолифат партияси аъзоси Кенже Аденов сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, мухолифатнинг “Взгляд” нашри бош муҳаррири Игор Винявский Миллий хавфсизлик қўмитаси тергов изоляторига олиб кетилган. Унга конституциявий тузумни зўрлик билан ағдаришга чақириш айби қўйилмоқда. Бу модда бўйича айби исботланган шахслар етти йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Кенже Аденов “Алға” лидери Владимир Козлов ҳам МХҚ тергов ҳибсхонасига олиб кетилгани, у ижтимоий низо қўзғаганликда гумонланаётганини айтди.
XS
SM
MD
LG