Линклар

24 январ куни тожикистонлик бир гуруҳ аёллар қўлларида ёш болалари билан президент Имомали Раҳмон девони рўпарасида норозилик намойишига йиғилди.


Норозиларнинг Озодликка маълум қилишича, улар айни қиш чилласида ёш болалари билан кўчада қолаётир.

Маълум бўлишича, Тожикистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилган тахминан 15 оила бундан ўн йил аввал Душанбе шаҳрига келиб, шаҳар четидаги Гипрозем маҳалласидаги ташландиқ бинони ўзига макон қилиб олган.

- Икки фарзандни отасиз улғайтираяпман. Гипрозем маҳалласидаги ташландиқ бир бинони ахлатдан тозалаб, мана ўн йил давомида яшаб келаяпмиз. Тўғриси, унга давлат учун солиқ ҳам тўлаганимиз йўқ. Чунки бу бино ҳеч кимга, ҳеч қайси идорага тааллуқли эмаслиги айтилганди. Биз бу уйларни сотиб олганимиз йўқ. Биз ҳеч қаердан уй сотиб ололмаймиз,чунки кучимиз етмайди. Шунинг учун ҳам ташландиқ шу бинони топиб, ўзимизга макон қилиб олгандик, - дейди ўзини Майсара Ҳилолиева деб таништирган аёл.

Тожикистоннинг Бадахшон вилоятидан пойтахтга иш ва бошпана ахтариб келган 40 ёшли Майсаранинг гапига қараганда, ўтган йил сўнгида бадавлат бир йигит мазкур бинони сотиб олган ва аксарияти бева аёллар ҳамда етим болалардан иборат жами 15 оилани кўчага ҳайдаган.

“Одамлар уйларини бўшатавермагач, таҳдид қилиб, учта уйни бузиб ташлади”, дея қўшимча қилди Майсара.

- Ёш ва мажруҳ болаларимиз билан қиш чилласида кўчада қолганимиздан кейин президентга шикоят қилишга мажбур бўлдик. Қишлоқда кунимиз ўтмаганидан кейин иш ахтариб, шаҳарга келгандик. Телевизорда ҳукумат одамлари оғиз тўлдириб, “халққа ёрдам бераяпмиз”, дейишади. Аслида эса бизга таҳдид қилишади, кулбамизни тортиб олишади. Бизни ётоқхоналарга жойласин - талабимиз шу президентдан, - дейди тўрт фарзанднинг онаси Зулҳина Абдуллоева.

Суҳбатдан маълум бўлшича, аёлларнинг айримлари сал аввалроқ ҳам давлат раҳбаридан ёрдам сўраб, ёзма тарзда мурожаат қилган, аммо бундан ҳеч қандай натижа чиқмаган.

Президент девони рўпарасида йиғилган норози аёллар билан ярим соатлик суҳбатимиз давомида бирорта масъул шахс аёллар ҳузурига чиқиб, улар арзини сўрамагани гувоҳи бўлдик.

Сўнгги бир неча йил давомида Тожикистоннинг турли ҳудудларида сертификати бўлмаган уйлар давлатнинг тегишли идоралари томонидан бузиб ташланмоқда. Уйлари бузилган одамларнинг кўпчилиги эса бошпанасиз қолаётгани кузатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG