Линклар

Волгограддаги ўзбеклар ёрдамга муҳтож


Волгоград вилоятининг Котельники туманидаги “Нагавское” агрохолдингига қарашли дала хўжалигида қолаётган 190 нафар Ўзбекистон фуқаросига ёрдам керак. Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари аҳволидан хабар олиб турган Волгограддаги "Ватандош" ўзбеклар иттифоқи ўз ҳақини ололмаётган ўзбеклар ночор аҳволда қолганини айтмоқда.


Волгоградда полиз экинларини етиштиришга жалб қилинган, лекин ўз иш ҳақини ололмасдан далада ясалган ўтовларда яшашга мажбур бўлган 200 га яқин ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Россия қишининг айни совуғида озиқ-овқатсиз қолди.

Ўзини Исмоил деб таништирган ўзбек мардикорларидан бири Озодлик билан суҳбатда текширувлар давом этаётганига қарамасдан вазият ўзгаришсиз қолаётганини айтади.

- Озиқ овқатни Рустам ака ("Ватандош" ўзбеклар иттифоқи раҳбари Рустам Жумаев-таҳр.) олиб келиб беряпти, қўлидан келганича, нон-пон, продукталарни. Раҳбарлар бошини қотиргани ҳам йўқ, ўйлагани ҳам йўқ. Судлашсак судлашаверамиз, деб ўтирибди. Ўшанга мен ҳам тушунмай ўтирибман. 28 феврал куни биз Россия территориясидан чиқиб кетишимиз керак, трудовой договорни бекор қилган. Боллар номидан ўзим, хотиним ва иккита-учта болалар қолиб чегарадан ўтиб қайтиб кириб резултатини кутамиз. Одамлар ҳам қийналиб кетди. Уларга тўғри тушунтириб иложи борича берадиган пулларини олиб чиқариб, қолганларини ўшаларнинг номидан ариза ёзиб қолиб шу ерда қолмоқчимиз. Бир кунда илгари 300 нон кетарди, ҳозирда 3-4 кунга 300 нонни эплаштиряпмиз. Рустам ака гуруч, гўшт, ёғ олиб келиб беряпти, шуни пишириб эплаб турибмиз. Раҳбарият томонидан ичимлик сувигача бермай қўйди. Ўзимиз етиштирган полиз экинларини бермасдан, бозордан 15 рублдан сотиб оляпмиз. Ҳозир 20 градусгача совиб кетди,ўша ердаги бор дарахларни кесиб эрталабгача ўт ёқиб иситябмиз. Иложимиз ҳам қолмади,- дейди Исмоил ака.

Эслатамиз, 23 январга ўтар кечаси бу ўзбекистонликлар яшаб келган ўтовлардан бирида ёнғин чиққан эди. Бахтсиз ҳодиса оқибатида уч нафар мардикор жароҳатланиб касалхонага ётқизилган.

Волгограддаги "Ватандош" ўзбеклар иттифоқи раҳбари Рустам Жумаев Озодликка юзага келган вазиятни тасвирлаб берди.

- Кеча вилоят прокуратурасидан, МЧС, Роспотребнадзор, УФМС, Меҳнат инспекциясидан боришди. ОРТ ва Итар-ТАССдан вакиллар борди. Ҳаммаси вазиятни кўришди, суҳбатлашиб интервьюлар олиб яна ҳар томонга тарқалиб кетди. Шунга қарамасдан ватандошларимизнинг яшаш шароитида вазият ўзгаргани йўқ. Иш берувчилар устида прокуратура текшириш олиб боряпти. Текшириш тугаганидан кейин вақтида ойлик бермагани учун жиноий иш қўзғатмоқчи. Бошқа ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Кеча ёнғин бўлиб 3 киши жароҳатланган, куйган боллардан биттаси касалхонада ётибди, қолганларига жавоб беришибди. Кеча пожарнийлар сув олиб бориб беришди - ичишга сувлари йўқ ҳатто болларни. Бугун эрталаб МЧС бошлиғи сув керакми деди, “Албатта!”, дедим.

Рустам Жумаевнинг айтишича, қишнинг айни совуғида мардикорлар жуда оғир шароитда кун кечиришга мажбур, лекин маҳаллий расмийлар вазиятни ҳал этишга мойиллик кўрсатганича йўқ.

- Кечаси – 22 эди. Далада шамол бўляпти. Ёнган палаткани ёнида турган палатканинг бир томонидаги полиэтилен клеёнка эриб, очилиб қолган. Шунга ҳатто полиэтилен олиб беришмади. Ҳозир Волгоград вилояти МЧС бошлиғи олдига боряпман, вазиятни тушунтириб айтаман. Ҳеч қанақа ёрдам йўқ: на озиқ-овқат, на тиббий ёрдам! Ўзбек жамиятлари йиққан пулга 3-4 марта озиқ-овқат олиб бориб бердим, лекин 200 кишини боқиш осон иш эмас. Тем более, боллар ким 1000 сўм, ким 500 сўм юборган, жами бўлиб 9,5 минг сўм пул келган счётга. Қолганига ўзим ёнимдан сарф-ҳаражат қиляпман, дейди Рустам Жумаев.

Унинг айтишича, қиш чилласида ночор аҳволда қолган ўзбекистонлик мардикорлар вазиятидан маҳаллий расмий идораларнинг барчаси хабардо қилинган.

Рустам Жумаев шунингдек, қийин аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликлар тақдирига бефарқ бўлмаган Озодлик мухлисларига ҳам мурожаат қилишни жоиз топди.

- Менининг борадиган бошқа жойим қолмади. Ўзбекистон элчихонаси Юрий Шаҳоббидинович Қутбиддинов билан кеча телефонда гаплашганман. Ўзбекистон элчихонаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали норозилик нотасини ёзишган. Унинг ҳаммаси Москвадан Волгоградга келгунича яна 3-4 кун ўтади. Кеча прокуратура бугунги соат 14:00 гача иш берувчига муҳлат берган. “Қачон, қанча болларга пул берасан ва расчёт қилиб уйига жўнатасан”, дея буйруқ берган. Лекин бу яна 2-3 кунга чўзилади. Ейиш-ичиши керак, дори олиб бериш керак, касаллари бор – тураолмаётган иккита киши бор, куйиб қолган бола касалхонада ётибди - боролганимиз йўқ... Кеча 22,5 совуқ эди, кечаси бундан ҳам совуқ бўлган бўлса керак. Маҳаллийлардан иккита рус киши бензопила билан келиб ўтин кесиб бериб кетди.

Мен ўзбек жамоатларига қўлларидан келганича ёрдам беришларини сўраб мурожаат қиламан. 200 кишини боқиш бир кишига жуда қийин бўляпти. Кунига ноннинг ўзига 4-5 минг кетяпти. Ўзимиз ёрдам қилмасак давлат томонидан ҳеч ким ёрдам кўрмадим. Булар оч-яланғоч, кўпларининг устида кийимлари йўқ, кеча ёниб кетибди. Очиқ эфир орқали ҳамма ўзбекларга “Қўлларингдан келганича, илтимос, ёрдам беринглар” дейман, деди Озодлик орқали мурожаат қилган Волгограднинг Ватандош ўзбеклар иттифоқи раҳбари Рустам Жумаев.

Волгоградда ёрдамга муҳтож ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига ёрдам беришни истаганлар қуйидаги рақамлар бўйича мурожаат қилишлари мумкин:

Волгоградская областная общественная организация "Союз Узбеков - Соотечественники"

400006, Волгоград ш, Дзержинский майдони, 1 уй, 315 кв.

Жамият раиси Рустам Жумаев: тел. +7(964) 551 00 88;
Жамият фаоли Дилбар Жуманиёзова: моб. +7(929) 786 58 88.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG