Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:43

Масъул лавозимдаги тожик зобитлари бангфурушликда айбланмоқда


Ўтган бир ой ичида Тожикистонда трансмиллий хусусиятга эга бўлган иккита жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган.

Бу ҳақда Тожикистон президенти ҳузуридаги Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раиси Фаттоҳ Саидовмаълум қилди.

Мазкур гуруҳ аъзоларининг қўлга олиниш жараёни тафсилотларига тўхталиб ўтирмаган расмий бу одамлар асосан ноқонуний наркотик савдоси билан шуғулланиб келганини билдирди.

- Биринчи ҳолат бўйича етти киши ҳибсга олинган. Бу гуруҳ ташкилотчиси республика Ички ишлар вазирлигининг наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш бошқармаси бошлиғи майор Зафар Мирзоевдир. У бу гуруҳни ўзи ташкил қилган, уларни наркотиклар билан таъминлаган ва яна ўша курьерларини ўзи жазолаган, - деди Коррупцияга қарши кураш агентлиги расмийси Саидов.

Расмий ўтган бир ой давомида қўлга олинган иккинчи жиноий гуруҳ таркибида мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси муовини Мансур Умаровнинг укаси Фаридун Умаров ҳам борлигини тасдиқлади.

- Бу гуруҳ таркибидаги беш киши ҳибсга олинган ва яна икки кишига нисбатан халқаро қидирув эълон қилинган. Улардан бири шу гуруҳни ташкил қилган тарансмиллий жиноий гуруҳ бошлиғи “Рустам Ҳаммер” лақаби билан танилган Рустам Ҳайитовдир. У аввал икки марта судланган. Айни пайтда унинг Қозоғистон ҳудудида экани тахмин қилинади. Лекин ҳозирча сизларга тўла тафсилот беришдан тийиламан. Фаридун Умаров масаласига келсак, у ҳибсда. Лекин ҳали унга нисбатан айблов эълон қилинганича йўқ. У ҳозирча бу жиноятда қўли бор, дея гумонланмоқда, - деди 24 январ куни кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Фаттоҳ Саидов.


Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги маълумотларига кўра, Фаридун Умаров президент ҳузуридаги Наркотикларга қарши кураш агентлигининг Хатлон вилоятидаги Фархор тумани бўлими бошлиғи вазифасида фаолият юритган.

Маълумотларга кўра, Афғонистонда ишланган наркотик моддаларни сотиш билан шуғулланиб келган бу жиноий гуруҳ таркибида Душанбе шаҳар ички ишлар бошқармасининг наркотиклар ноқонуний савдосига қарши кураш бўлими бошлиғи Тоирхон Шеров ҳам бор.

Бугунги матбуот анжуманида тожик расмийси Саидов наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланаётган жиноий гуруҳлар давлат идораларида ўз ҳомийсига эга эканини ҳам очиқ эътироф этди.

- Ҳомийси бўлмаса, ким наркотик савдоси билан шуғулланади? Бундай жиноят учун 20 йил жазо белгиланган. Бошқа томондан, наркотиклар савдоси билан шуғулланиш учун бир-икки сўм эмас, балки ўн минглаб доллар керак бўлади. Айрим мулозимлар ўз вазифасини суиистеъмол қилиб, буларга: “Мен шу ердаман, сен ишингни қилавер”, дейди, - деди Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш агентлиги раҳбари Фаттоҳ Саидов.

Сўнгги бир йил давомида шунинг билан иккинчи марта Тожикистондаги юқори даражали амалдорларнинг яқинлари наркотиклар савдосида айбланиб, ҳибсга олингани кузатилади.

Ўтган йили Россия оммавий ахборот воситалари президент Имомали Раҳмоннинг яқинларидан бири, “Роҳи оҳан” ширкати раиси Омонулло Ҳукумовнинг ўғли Рустам Ҳукумовнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар тарқатган эди.

Хабарларда Рустам Ҳукумов Россия ҳудудида наркотиклар савдоси билан шуғуллангани айтилганди.

Россия ҳуқуқ-тартибот органларига таяниб хабар тарқатган айрим нашрлар Рустам Ҳукумов ҳибсга олиниш чоғида унинг ёнидан тахминан 10 килограмм героин мусодара қилинганини ёзганди.

Москва вилоятининг Шчёлково шаҳар суди томонидан наркотик контрабандаси учун 9,5 йилга қамалган Рустам Ҳукумов ўтган йил декабр ойи сўнгида Москва вилоят суди қарори билан озод этилганди.

Ўшанда Россия оммавий ахборот воситаларида гўё Рустам Ҳукумов рус учувчилари Владимир Садовничий ва эстониялик Алексей Руденко билан алмаштирилган, деган тахминларни илгари сурганди.

Бироқ Тожикистон ҳукумат расмийлари “учувчилар иши” Рустам Ҳукумовнинг озодликка чиқиши билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

“Россиядаги айрим сиёсий доиралар Тожикистон ҳукумати ва унинг юқори лавозимли шахслари обрўсини тўкиш мақсадида Рустам Ҳукумовни қасддан ҳибс қилган”, дея иддао қилади тожик расмийлари.

Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Комёб Жалилов мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси муовинининг укаси Фариддун Умаровнинг ҳам ҳибсга олиниши мамлакат ичкарисидаги айрим сиёсий доиралар ўйини бўлиши мумкинлигини айтади.

- Мамлакатдаги сиёсий гуруҳлар давлатнинг у ёки бу лавозимдаги одамини вазифасидан четлатиш учун қилган бўлиши мумкин бу ишни. Зеро, давлат ичида ҳам бир-бирига мухолиф гуруҳлар бор. Улар ҳозирги шароитдан фойдаланади. Яъни бир гуруҳ бошқа гуруҳни лавозимдан ёки сиёсатдан четлатиш учун ана шу усулдан фойдаланади. Тажрибадан маълумки, дунёнинг бир қатор давлатларида сиёсий гуруҳлар наркотиклардан ўз мақсадларига етиш ёки сиёсий босим ўтказиш учун кўпроқ фойдаланади, - дея мулоҳаза билдирди таҳлилчи Комёб Жалилов.
XS
SM
MD
LG