Линклар

logo-print

"Арманлар геноциди"га доир қонун Анқара-Париж жанжалини авж олдирмоқда


France -- Patrick Ollier (L), Parliamentary relations minister, speaks during the Senate vote session for a bill criminalizing the denial of the genocides, including the Armenian genocide, Paris, 23Jan2012

France -- Patrick Ollier (L), Parliamentary relations minister, speaks during the Senate vote session for a bill criminalizing the denial of the genocides, including the Armenian genocide, Paris, 23Jan2012

Франция Сенати Усмонлилар империяси арманлар геноцид қилганини рад этишни жиноят деб ҳисоблаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Туркия ҳукумати бу қарор ортидан Францияга нисбатан қўшимча чоралар кўриш билан таҳдид қилмоқда.


Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмад Довутўғли Франция Сенати қарорига жавобан қўшимча чоралар кўрилишини баён қилди. Довутўғли Туркия ҳафсаласини пир қилган қарор қандай чораларга олиб келишини аниқлаштирмади.

Франция Парламенти юқори палатаси 23 январ куни бир неча соат давом этган муҳокамалардан кейин Биринчи жаҳон уруши пайтида арманлар Усмонли турклар томонидан оммавий ўлдирилгани геноцид бўлганини инкор қилиш учун жиноий жавобгарликни кўзда тутувчи қонунни қабул қилди.

Мазкур қонун учун сенат аъзоларининг 127 нафари “ҳа” деб овоз берди. 86 сенатор унга қарши чиқди.

“Арманлар геноциди”ни инкор қилишни бир йиллик қамоқ жазоси ёки 45 минг евро миқдоридаги жарима билан жазолашга қаратилган қонун парламент қуйи палатасида маъқулланган эди.

Ўтган ҳафта Франция Сенати қўмитаси мазкур қонун лойиҳаси фикр эркинлигини бузишини айтиб, конституцияга зид келиши ҳақида тавсиявий хусусиятга эга хулосани берган эди.

Қонун қабул қилинишидан аввал сенатдаги муҳокамаларни Франциядаги Туркия ва Арманистон элчилари кузатиб турди.

Франция ҳукуматининг парламент билан алоқалар бўйича вазири Патрик Ольер қонун қабул қилинишидан олдин сенаторларга қилган мурожаатида бундай деди.

- Инкор қилиш умумий хотирамизни ҳақоратлаш билан баробардир. Бу билан одамлар бошдан кечирган азоб-уқубатлар тарихдан ўчирилади ва қурбонлар ёддан чиқарилишга ҳукм қилинади, деди Франция ҳукумати вакили.

Франция Президенти Николя Саркозининг ўз партиясининг парламентда кўпчиликни ташкил қиладиган фракцияси ташаббуси билан қабул қилинган қоннуни имзолаши кутилмоқда.

Ўтган ойда парламент қуйи палатаси мазкур қонун лойиҳасини маъқуллаганида Анқара Франция билан сиёсий ва ҳарбий ҳамкорликни музлатиб қўйган эди.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон Франция парламенти маъқуллаган қарорни “камситувчи ва ирқчи”, дея баҳолади. Турк парламентида қилган чиқишида Эрдўғон мазкур қонун Туркия учун “кучга эга эмас ва ҳеч нарсани англатмайди” дея баён қилди.

Туркиянинг Франциядаги элчиси Улуж Ўзулкер мазкур қарорнинг тарихий ҳақиқатни тиклашга алоқаси йўқли, аслида Франция сиёсатидаги ўйиннинг бир қисми эканини баён қилди.

- Бу сиёсий қарордир ва иккала президент, яъни президентликка номзодларнинг иккаласига қўшимча овозларни беришга қаратилглан. Бу жаноб Саркози, президент Саркозининг иккинчи муддатга сайланиши учун сўнгги имконият эди, дея таъкидлади Ўзулкер.

Туркия ташқи ишлар вазири Довутўғлининг мазкур қонун Европада “инквизициянинг” янги даврини бошлаб беради, деган сўзларидан иқтибос келтирилмоқда.

Анқара билан Париж ўртасида сиёсий мажорога сабаб бўлган қонун, ҳали муҳокама қилиниш жараёнида Франция сиёсатчилари орасида турли қараршларни келтириб чиқарди. Сенат қўмитаси қонунни қабул қилмасликни тавсия қилган бўлса, Франция Ташқи ишлар вазири Алан Жуппе, телевидениеда қилган чиқишида қоннунинг қабул қилингани амалга ошган факт эканини эътироф этган бўслада, уни муҳокама қилиш ташаббуси сиёсий нуқтаи назардан номақбул бўлганини таъкидлади.

- Ташқи ишлар вазири сифатида, менимча, парламентда мазкур ташаббуснинг чиқиши бемаврид бўлди. Лекин бу парламент қароридир. Ҳозир туркиялик дўстларимизни босиқликка чақирмоқчиман, деди Жуппе.

Айни пайтда, Арманистон ҳукумати француз сенаторлари қарорини олқишламоқда. Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Эдуард Налбандян буни тарихий воқеа, дея атади.

- Бу кун нафақат арман ва француз халқлари дўстлиги тарихида, балки бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилади, деди Ереван расмийси.

Франция Усмонлилар империяси даврида арманлар геноцид қилинганини 2001 йил январида қонунан эътироф қилган. Душанба кунги қонун бўйича энди арманлар геноцидини инкор қилган шахслар бир йилга қамалиши ёхуд 45 минг евро миқдоридаги жаримага тортилиши мумкин.

Арманлар ва ғарбдаги тарихчиларнинг кўпчилиги Биринчи Жаҳон уруши пайтида Усмонли турклар 1,5 миллионга яқин арманни систематик тарзда қатлиом қилганини айтади.

Туркия бу иддаоларни рад этиб, 1915-16 йилларда Туркиянинг шарқий минтақаларида рўй берган жангу-жадалларда иккала тарафдан ҳам талафотлар бўлганини айтиб келади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG