Линклар

logo-print

Тошкент шаҳар судида иши кўриб чиқилаётган 206-мактаб директори Хосият Муқимова порахўрлик ва давлат мулкини талон-тарож қилганликда айбланмоқда.


Сешанба куни Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судида ҳакам Г. Тўлашова раислигида пойтахтнинг Ҳамза туманидаги 206-мактаб директори 42 ёшли Хосият Муқимова устидан маҳкаманинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳар прокуратураси судга тақдим қилган айблов хулосасида айтилишича, Хосият Муқимова Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан давлат мулкини талон-торож қилиш), 205- модда (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210- модда (Пора олиш) ва 211-модда (Пора бериш) билан айбланмоқда.

Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича судининг ўзини таништирмаган ходими, Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Хосият Муқимованинг ўқитувчилардан бирига “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” унвонини олиб бериш ваъдаси билан пора олди-бердисида иштирок қилганини айтиб, бошқа тафсилотларга тўхталмади.

Озодликка маълум бўлишича, ўтган йилнинг октябр ойида Тошкент шаҳар прокуратураси Хосият Муқимовани унвон баҳонасидаги пора-олди бердисида айблаб, унга қарши жиноий иш қўзғаган.

Кейинчалик тергов жараёнида Муқимовага нисбатан бошқа айбловлар ҳам илгари сурилган.

Ушбу маҳкамани бевосита кузатаётган тошкентлик журналист Абдураҳмон Ташанов Хосият Муқимовага қўйилаётган айбловларни санайди.

- Бу ерда мактаб мулкларини талон-тарож қилиш, мактаб фондидаги пулларни талон-тарож қилиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш орқали ўзининг таниш-билишларига, коррупцион шерикларига моддий маблағларни ўтказиб бериш ва шу сингари кўплаб жиноятлар бор бу ерда. Рағбатлантириш, ҳар хил мукофотлар йўли билан, ҳар хил баҳоналар билан, ҳомийлик деган йўллар билан ўзлаштириш ҳақида гап бормоқда. Жуда кўплаб ота-оналарнинг Тошкентда пропискалари йўқ. Ўшалардан пора олиб болаларини мактабга ўқишга қўйиш ëки бўлмаса мактабга ҳомийлик қилинглар деган баҳона билан уларнинг пулларини ўзининг ҳисоб рақамларига олиш, бундан ташқари нақд пуллар олиш ҳоллари жуда ҳам кўп,- дейди Ташанов.

Ҳамза туманидаги 206-мактаб ходими Турсунали Абдураззоқовнинг айтишича, ҳозирда Хосият Муқимова директор лавозимидан вақтинчалик четлатилиб, унинг ўрнига Аҳмаджон Турсунбетов тайинланган.

- Хосият Муқимова ҳозир директорликдан четлаштирилган. Ҳали суд тугагани йўқ. Фақат четлаштирилган вақтинчалик суд жараëни тугагунча. Бизлар судда қатнашганимиз йўқ. Энди пора олган, бошқа дейишаяпти. Бизлар ҳам шуни эшитаяпмиз. Лекин унга коллективдан ҳеч ким ишонаëтгани йўқ,- дейди Абдураззоқов.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ахборот бўлимининг ўзини таништирмаган ходим Озодлик билан суҳбатда 206-мактаб директори Хосият Муқимовага очилган жиноий ишдан бехабарлигини айтди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG