Линклар

logo-print

Эрим уйланмоқчи

  • Замира Шукур

Ўзбекистонда кўп хотинлилик урф бўлаётганидан ташвиш билдирмоқда кузатувчилар.

Ўзбекистонда кўп хотинлилик урф бўлаётганидан ташвиш билдирмоқда кузатувчилар.

"Эркин микрофон"га қўнғироқ қилган самарқандлик жувон ана шу сўзлар билан ўз дардини айта бошлади. Суҳбатдошларимиз орасида ҳаваскор ўзбек ихтирочилари ҳам бўлди.

Набижон ака дардимни қўзитиб юборди

Наманганлик Набижон аканинг Озодликка берган интервюсини эшитиб, эски дардларим қайта янгиланди. Мен ҳам у кишига ўхшаб, СССР пайтида ўқиган олий маълумотли муҳандисман, мен ҳам қишлоқ хўжалигидаги деҳқонларнинг оғирини енгил қилади, деган муддао билан ўнлаб ихтиролар қилиб, уларнинг кўпи учун патент ҳам олганман. Аммо ихтироларимнинг бирортаси мустақил бўлганимиздан бери амалга кўчмади ва кўчмайди деб қўрқаман, дейди Қорақалпоғистон жумҳуриятининг Манғит туманидан сим қоққан 67 яшар Бозорбоев Сапарбой оға.

- Ўзим қишлоқ хўжалик техникалари таъмирлайдиган устаман. Набижон ака ер ағдариш бўйича техника яратган эканда. Ана шу яратган техникасига ўхшаган техникани бундан 12-15 йиллар олдин яратган эдим. Шу техникасини у киши келиштира олмай қаршиликларга учраб, очлик эълон қиламан дебдида. Кейин менинг ҳам дардим қўзиб кетди.

Мен ҳам кўп ихтиро қилганман. Олий маълумотли инженерман. Союз даврида менинг Москвага, Тошкентга ëзганларимга жавоб келиб, жавоб келмай шундай қилганда. Шунга ҳамдард бўлгим келди. Шу одам билан мени таништирсангизлар. Мен 20тача ихтиро қилганман. Жуда фойдали яхши нарсалар.

Озодлик: Ихтироларингиз амалга ошганми? Патент бериб амалга кўчганми?

- Шу йўналишда мен ожизроқманда. Имконият йўқроқ. Ихтиро қилган нарсаларимдан ўзим фойдаланганман, ишлатганман. Совринлар олганман, кўргазмаларда кўп қатнашганман.

Озодлик: Сиз нима ихтиро қилгансиз?

....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.


Ихтиро керак бўлиб қолди

Манғитлик Сапарбой оға билан суҳбатдан сўнг, у кишига қилинган ваъдага кўра, Наманганнинг Чуст туманида яшайдиган Набижон ака Жунаевга сим қоқдик.

17 январ кунги “Эркин микрофон”нинг қаҳрамонига айланган бу наманганлик олим, ерларни тош ва ажриқдан тозалайдиган машина яратгани ва бу машинанинг экспериментал модели Ўзбекистон Республикаси Конструкторлик бюроси томонидан Тошкентга олиб кетилганча, бедарак кетганини айтиб берган эди.

Йиллардан бери қишлоқ хўжалигида катта ўзгариш қилиб, Ўзбекистон шароитида миллиардлаб куб сувни тежашга хизмат қиладиган ихтиросининг беписанд қолиб кетаëтганига норозилик тариқасида Набижон ака очлик эълон қилиш режасида эканини билдирган эди.

24 январ куни Набижон акага боғланганимизда, у кишини анча некбин аҳволда топдик. Ўтган бир ҳафта давомида йиллардан бери депсиниб турган лойиҳада жонланиш бўлди, дейди хурсандлик билан Набижон ака.

- Авваламбор Озодлик радиостанциясига раҳмат дейман. Сизларнинг ëрдамларинг бўлдими, бошқа бўлдими шу нарса республика президентига ҳам, бошқасига ҳам йўл очилиб кўрилди. Ҳозир амалий лойиҳага топширган лойиҳамиз грантта 71 балл билан ютиб чиқибмиз. Шунга молиялаштиришга астойдил шуғулланиб қолишди.

Озодлик: Ким шуғулланаяпти?

- Республика фан ва техника давлат қўмитаси ҳамда Қишлоқ хўжалик вазирлиги.

Озодлик: Сизга чиқишдими булар?

- Ҳа. Охирига етамиз, Худо хоҳласа.

Озодлик: Қачон иш бошлайсизлар энди?

- Худо хоҳласа, мартдан бошламоқчимиз. Молиялаштириш бошланади. Мартдан иш бошлаймиз. 2013 йилда синаб кўрамиз нусхасини. 2014-2015да производствога қўйишга режалаштирилаяпти, дейди наманганлик ихтирочи олим Набижон ака Жунаев.

Наманганлик ихтирочи олим Набижон Жунаевнинг экин ерларини тош ва ажриқлардан тозалаш орқали, ерни суғоришга сарфланадиган сувни тежашга қаратилган машина лойиҳасининг кейинги ривожини Озодликда кузатиб борамиз.

Бу лойиҳага жамоатчилик диққатини қаратиш Ўзбекистонда тегишли мутасаддилар эътиборидан қолиб келаëтган ўнлаб, балки юзлаб ихтирочиларни руҳлантирса, ажаб эмас.

Мабодо, сиз ҳам шундай ихтирочилардан бўлсангиз, Озодликнинг “Эркин микрофони” , ўз ихтироингизни Озодлик орқали кенг жамоатчиликка тақдим этиш имкони сиз учун ҳам очиқ.

Ажрамай туриб уйланса ҳам бўладими?

24 январ куни “Эркин микрофон”га гапирганлардан яна бири Самарқанд туманининг Даштисухта қишлоғида яшовчи 25 яшар Зебо Ҳамдамова бўлди.
Қонуний никоҳда бўлган эрим икки ëш болам билан мени ташлаб, эртага бошқа қизга уйланмоқчи. Ўзбекистонда бир эркакнинг ажралмай туриб, иккинчисига уйланиши мумкинми, деган саволга жавоб излаяпман, дейди Озодлик билан суҳбатда Зебо Ҳамдамова.

- Икки нафар фарзандим бор. Эрим билан қонуний ажрашмасдан ҳозир ота-онамнинг уйида яшаб юрибман. Яқинда эрим Москвадан келди. Қизини кўришга ҳам келгани йўқ. Эшитишимча, эртага уйланаëтган экан.

Озодлик: Расмий никоҳингиз борми?

- Ҳа. Бизлар ҳали ажрашганимиз йўқ.

Озодлик: Паспортда печат борми?

- Бор. Ҳаммаси қонуний.

Озодлик: Москвадан қайтиб келиб сизга бир оғиз гапирмасдан бошқа хотинга уйланаяптими?

- Ҳа.

Озодлик: Ўзбекистонда кўп хотинлилик тақиқланганку.

- Билмадим.

Озодлик: Болаларингиз неча ëшда?

- Каттаси уч ярим ëшда, кичкинаси икки ойлик.

Озодлик: Неча йил бўлди турмуш қурганингизга?

- Беш йил бўлаяпти.

Озодлик: Эрингизнинг Россияга кетганига қанча бўлади?

....

Суҳбатнинг давомини қуйида тинглашингиз мумкин.




Ўзбекистонда қўш хотинлилик қонунан тақиқланган бўлса-да, бугунга келиб эркакларнинг диний никоҳ орқали бир эмас, бир неча хотинга уйланиб, бирваракайига бир неча оилалик бўлиб яшаши, кузатувчиларга кўра, тобора урфга айланиб бормоқда.

Ҳуқуқ фаоллари бундай никоҳдаги аëллар, айниқса, уларнинг болалари ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳимояланмагани ҳақида бонг уриб келмоқда.

Зебо Ҳамдамова, гарчи қонун ўзи ва болалари тарафида бўлса-да, ана шу урфнинг янги қурбони бўлиши мумкин.

Ўзбек жамиятида кучайиб бораëтган қўш хотинлилик муаммосига келгуси дастурларимизда яна қайтиб, Зебо Ҳамдамованинг кейинги тақдирини кузатишда давом этамиз.

*************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз, бизга қўнғироқ қилинг ëки Skypeда биз билан мулоқотга чиқинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 777 148 199 рақамига йўлланг.

Skypeда Озодликни оzodskype деб қидиринг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG