Линклар

2011 йилда 1600 ўзбек тадбиркорининг ҳуқуқлари бузилди


2011 йил Ўзбекистонда савдогарлик билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг кўпчилиги учун омадли бўлмади.

2011 йил Ўзбекистонда савдогарлик билан шуғулланадиган тадбиркорларнинг кўпчилиги учун омадли бўлмади.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ўтган йили тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари бузилиши юзасидан ўтказган текширувлари бўйича ўтган ҳафта эълон қилган ҳисоботида шундай дейилади.


"Кичик бизнес ва тадбиркорлик йили" шиори остида ўтган 2011 йилда ҳуқуқлари бузилган ўзбек тадбиркорлари орасида самарқандлик тадбиркор Раҳматулло Насруллоев ҳам бор.

Савдогарлик билан шуғулланувчи Насруллоев ўтган йили Самарқанд шаҳар бозори ҳудудида таъмирлаш ишлари ўтказиш баҳонасида 500 миллион сўмлик дўконини бузиб ташлашганини айтади.

Нусруллоев ўз ҳуқуқлари бузилишидан шикоят қилиб, расмий идоралар, жумладан бош прокуратурага мурожаат қилганини айтади.

- Бизларнинг ҳуқуқларимиз конституцияга ëзилганда, хусусий мулк давлат ҳимоясида, давлатимиз ҳимоясида деб ëзиб қўйилган. Лекин бизларнинг қонунларимизни маҳаллий ҳокимлар писанд қилмайди. Бизларнинг конституциявий ҳуқуқимизни бузган ҳисобланади. Мана 500 миллионга ҳам бунақа магазинни қуриб бўлмайди. Бирор тийин бермадилар. Бутун оиламнинг маблағи кетган эди бу магазинга. Прокуратурага мурожаат қилдик, республика судига ҳам мурожаат қилдик. Кейин ҳуқуқларим озгина бўлса ҳам тикланишига муваффақ бўлдим,- дейди Насруллоев.

Тадбиркорнинг айтишича, прокуратура бу ишни кўриб чиққач, унга янги дўкон қуриш учун ер ажратиш тўғрисида қарор чиқарган. Лекин ер Самарқанд шаҳрининг қаеридан ажратилиши ҳам, қарор қачон бажарилиши ҳам номаълумлигича қолмоқда. Бундан ташқари дўконнинг бузиб ташланиши оқибатида кўрилган зарар ҳам қопланмади, дея давом этади тадбиркор.

- Дўконимнинг зарарларини тўламадилар. Бирор тийин бермадилар. Фақат ерга қарор чиқариб бердилар. Ўша ерни ҳам ҳали берганлари йўқ. Бир йил бизлар бекорхўжа бўлиб қолдик. Шу ерда 50 кишидан иборат одам фаолият олиб бораëтган эди,- дейди Насруллоев.

Ўзбекистон Бош прокуратураси маълумотига кўра, ўтган йили Раҳматулло Насрулооев сингари ҳуқуқлари паймол қилинган жами 1600 дан зиёд тадбиркор аниқланган.

Жумладан, 287 та ҳолатда тадбиркорларнинг мурожаатлари муттасадди ташкилотлар томонидан қонунда белгиланган муддатларда кўриб чиқилмаган.

Бош прокуратура ҳисоботида айтилишича, ўтган йили шунингдек, 343 та ҳолатда тадбиркорлардан ортиқча йиғимлар ундирилган, 126 ҳолатда тадбиркорлар фаолиятига ноқонуний аралашилган, 69 та ҳолатда ортиқча ҳужжатлар талаб қилинган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Ислом Жасимовнинг ЎзА агентлигига айтишича, ўтган йили тадбиркорлар ҳуқуқларини бузгани учун 1500 дан зиёд мансабдор шахс огоҳлантириш олган, 971 раҳбар шахс интизомий жазога тортилган, 309 раҳбарга эса маъмурий жавобгарлик белгиланган.
XS
SM
MD
LG