Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:04

Ўзбекистонда “сиёсий рокировка” давом этмоқда


24 январ куни Хоразмда ҳоким алмашди. Ҳозирча расман тасдиқланмаган хабарга кўра¸ айни шу куни Ўзбекистон Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов ҳам истеъфога чиқиш ҳақида ариза берган.

24 январ куни президент Ислом Каримов икки фармони билан Хоразм вилоят ҳокимини алмаштирди. 2008 йилдан буён вилоятни бошқариб келган Оллаберган Оллаберганов ўрнига Пўлат Бобожонов Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Пўлат Бобожонов ўтган йилнинг ноябр ойида Хоразм вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланганди. Бунгача эса у Бухоро вилоятининг прокурори вазифасида ишлаганди. Ўзбекистон куч ишлатар тизимларига яқинлиги тахмин этиладиган Узметроном сайтининг ёзишича, Пўлат Бобожоновнинг Бухоро вилояти собиқ ҳокими Самойдин Ҳусеновнинг ишдан олинишида қўли бўлган.

1996 йилдан буён Бухорога ҳокимлик қилиб келган Самойдин Ҳусенов ўтган йил декабрида лавозимидан бўшатилиб, унинг ўрнига Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Муҳиддин Эсонов тайинланди.

2011 йили, шунингдек, Наманган шаҳри ҳокими Илҳомиддин Ботиров, Фарғона вилоят ҳокими Эркин Нуралиев, Қашқадарё вилояти ҳокими Нуриддин Зайниев ҳамда Тошкент шаҳар ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаевлар ишдан олинди.

Сурхондарё вилоят ҳокими Туроб Жўраев эса Қашқадарёга олиниб, унинг ўрнига Сариосиё тумани ҳокими Нормўмин Чориев ҳоким қилиб олиб келинди.

Ўтган йили бир неча йирик вазирлик, бошқарма, қўмита раҳбарлари ҳам ишдан олинди. Жумладан, Ўзбекистон Халқ таълими вазири Аваз Мараҳимов, Ўзбекистон Давлат монополиясидан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Жаҳонгир Исмоилов, Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Қобул Нақибов лавозимларидан бўшатилди.

2011 йилда кузатилган яна бир жиддий кадр алмашинуви Ўзбекистон президенти девонида бўлди.

Ўзбекистон президентига хуқуқ-тартибот, куч ишлатар ва фискал тузилмалар фаолиятини мувофиқлаштириш буйича 9 ой маслаҳатчи бўлган Муиджон Тоҳирий ишдан олинди. Унинг ўрнига келган янги давлат маслаҳатчиси Равшан Муҳиддинов ҳам орадан 3 ой ўтмай ишдан бўшатилди ва қисқа муддатдан сўнг ҳибс қилинди.

Норасмий маълумотларга кўра, 2011 йил давомида ишдан олинган баъзи амалдорлар, жумладан, Равшан Муҳитдинов, Абдуқаҳҳор Тўраев, Эркин Нуралиевлар панжара ортида сақланмоқда.

Булар номи жамоатчиликка ошкор бўлган амалдорлардир.

Номи жамоатчиликка ошкор бўлмаган, аммо ишдан олиниб, панжара ортига ташланган катта-кичик амалдорлар ўтган йиллардаги каби 2011 йил давомида ҳам кўп бўлгани тахмин қилинади.

Ўтган йил якунида Озодлик билан суҳбатлашган, бир вақтлар президент девонида кадрлар масаласи бўйича масъул лавозимда ишлаган Шароф Убайдуллаев мустақилликнинг 20 йилидан сўнг ҳукумат теграсига йиғилаётган раҳбарларнинг кўпроқ куч ишлатар тузилмаларидан келаётганига эътибор қаратганди.

У киши ўшанда кечадан бошлаб Хоразм вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи сифатида ишлаётган Пўлат Бобожонов ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини билдирганди.

- Област прокурори, тасаввур қилинг, шунақа жабр берадики одамларга. Чунки у жами дунëга делолар орқали, жиноят орқали қарайдиган одам. Кўп пайтда ҳокимлар милициядан ҳам қўйиб юрилди. Бу ақлга сиғмайдиган ҳодиса, - деган эди Шароф Убайдуллаев.

Узметроном нашрининг ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, 24 январ куни Ўзбекистон ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбов ҳам истеъфога кетган.

Баҳодир Матлюбов 2005 йил кузида Андижон воқеаларини бостиришда қўли борлиги айтиладиган собиқ ички ишлар вазири Зокир Алматовнинг ўрнига келганди.

Узметроном сайти 60 ни қоралаган Матлюбовнинг шу кунгача соғлиғи туфайли нафақага кетишга бир неча бор урингани, бироқ унинг илтимоси рад этиб келингани ҳақида ёзади.

Баҳодир Матлюбовнинг истеъфога кетган-кетмаганини ҳозиргача на расмий манбалар, на-да бошқа мустақил манбалар тасдиқлагани йўқ.
XS
SM
MD
LG