Линклар

Тожикистоннинг Турсунзода туман маҳкамаси икки ўзбекистонликни 26 йилданга озодликдан маҳрум этди.

Катта миқдордаги наркотик контрабандаси учун судланган Шариф Гулов ва Қурбонбой Назруллоев устидан ҳукм шу йилнинг 13 январ куни ўқиб эшиттирилгани маълум бўлди. Аммо уларнинг Тожикистонда қамалганига оид хабар 24 январ куни Тожикистон давлат телевидениеси орқали эълон қилинди.

Турсунзода туман суди раиси Жамолхон Саидовнинг Озодликка маълум қилишича, ўзбекистонлик фуқаролар ўтган йил 12 октябрида шу туманнинг Коммуна қишлоғида қўлга олинган ва улардан 233 килограмм афюн мусодара қилинган.

- Тергов гуруҳи хулосасига кўра, ўзбекистонлик бу икки фуқаро Тожикистон ва Афғонистон фуқароларидан иборат трансмиллий жиноий гуруҳ ташкил қилиб, анча йиллардан буён афғон қора дорисини Тожикистон орқали Ўзбекистонга ташиш билан шуғулланиб келган. Суд жараёнида бу айбловлар тўла ўз исботини топди, - деди Турсунзода туман суди раиси Саидов

Айтилишича, ўзбекистонлик фуқаролар билан бирга тожикистонлик Юсуф Назруллоев, Икром Каримов, Муҳиддин Саймудинов, Аҳлиддин Нуров ва Баҳриддин Нуровлар ҳам 5 йилдан 24 йилгача кесилган.

Ўзбекистон фуқароларининг Тожикистон ҳудудида судланаётгани аввал ҳам қайдга олинган. Улар кўпинча чегарани ноқонуний кесиб ўтганлик ёки наркотиклар контрабандаси учун жавобгарликка тортилади ва жазоланади. Лекин ўзбекистонликларнинг Тожикистон ҳудудида бу қадар катта муддатга озодликдан маҳрум этилгани шу пайтгача кузатилмаганди.
XS
SM
MD
LG