Линклар

Петербургда 6 ўзбек муҳожири заҳарланди


23 январ куни Санкт-Петербургнинг Пушкин туманидаги “Славянка” қурилиш мавзесида 5 нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасадлари аниқланди.

Бу ҳақда Озодликка маълум қилган Санкт-Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитоновга кўра, ҳозирда исмлари ошкор қилинмаётган ўзбеклар 19, 20, 26, 34 ва 53 ёшда бўлган.

- Аниқланган 5 та жасад Ўзбекистон фуқаролари бўлган мардикорларга тегишли экани аниқланди, яна бир киши жуда оғир аҳволда заҳарланиш диагнози билан Жанелидзе номидаги Илмий тадқиқот институтининг “Тез ёрдам” бўлимига ётқизилди. Улар Пушкин туманидаги “Славянка” мавзеси қурилишида ишлаган, деди Сергей Капитонов.

Жанелидзе номидаги Илмий тадқиқот институти ходимларининг Озодликка айтишича, шифохонага ётқизилган ўзбекистонлик 20 ёшдаги йигит бўлиб, айни пайтда у комада ётибди.

Сергей Капитоновга кўра, меҳнат муҳожирлари спиртли ичимлик ичиб заҳарланганлиги тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бошқармаси томонидан ўзбекистонлик фуқароларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Озодликнинг бу масала юзасидан Ўзбекистон элчихонасига қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди.
XS
SM
MD
LG