Линклар

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг 25 январ куни тақдим этилган Матбуот эркинлиги индексига кўра¸ Ўзбекистон ўтган йилги 163 ўриндан¸ 157 поғонага кўтарилди.

Бу кўтарилиш Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги аҳволи яхшиланганидан эмас¸ балки дунëнинг айрим минтақалари¸ хусусан постсовет ҳудуддаги бошқа давлатлардаги вазиятнинг ўта ночорлашгани оқибатидир¸ дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа ва Марказий Осиë бўлими раҳбари Йоҳан Бир (Johann Bihr).

- Дарҳақиқат¸ Ўзбекистон рўйхатдаги ўринлар пиллапоясидан сал юқорилади¸ аммо бу унга яқин давлатлар¸ қолаверса дунë бўйлаб бошқа ҳукуматларнинг демократия тарафдорлари чиқишларини кескин бостириши билан боғлиқдир. Шу боис¸ бу ўзгариш шунчаки автоматик юқорилаш ва бу Ўзбекистонда матбуот эркинлиги аҳволи яхшиланганини англатмайди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳисобот муҳаррирларидан бири.

“Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Матбуот эркинлиги индекси икки асосий жиҳатдан ташкил топган. Биринчиси¸ матбуотнинг умумий манзараси¸ цензура даражаси ва ҳукуматнинг матбуот устидан ўрнатган назорати кўлами бўлса¸ иккинчиси матбуотга нисбатан муайян вақт ичида рўй берган зўравонликлар ҳисобидир”¸ деб шарҳлайди Ўзбекистоннинг¸ масалан¸ 2011 йилги индексда Озарбайжондан тепага кўтарилганини Йоҳан Бир.

- Матбуот эркинлиги вазиятининг умумманзарасидан келиб чиқилса¸ Ўзбекистоннинг Озарбайжондан тепага қўйилиши мутлақ мантиқсиз. Зотан Озарбайжонда¸ мухолифат нашри бор¸ мустақил агентликлар¸ хусусан Озодлик бюроси ҳам ишлаб турибди¸ мамлакатда сиëсий блоггерлар тармоғи бор ва ҳоказо. Ўзбекистонда эса¸ буларнинг ҳеч бири йўқ. Аммо 2011 йилда Озарбайжонда кўплаб журналист калтакланди¸ судланди ва ҳатто бир зўравонлик ўлим билан тугади. Ўзбекистонда матбуот эркинлиги ниҳоятда бўғиқ эди¸ шундай бўғиқлигича қолди. Мустақил матбуот йўқ мамлакатда мустақил мухбирларга зўравонлик ҳам бўлмади¸ шунинг ҳисобига Ўзбекистон автоматик равишда бизнинг индексимизда юқорилади¸ дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа бўлими раҳбари Йоҳанн Бир.

Ташкилот ҳисоботига кўра¸ Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланиш нархи мунтазам суратда арзонлаëтгани тобора кўпроқ аҳолига Интернетдан фойдаланиш имконини бермоқда ва оқибатда ҳар уч ойда Интернет фойдаланувчилари сони 2-3 фоиздан кўпайиб бормоқда. Нархлар тўсиқ бўлмай қолганига қарамай¸
Ўзбекистонда Интернетнинг ҳаммага етиб боришига ҳали кўп вақт керак бўлади¸ дейилади ҳисобот хулосасида жумладан.

Ўзбекистон ҳукумати 2011 йилда ҳам оммавий ахборот воситалари устидан қатъият билан ўз кучли назоратини янада кучайтиришда давом этди ва бу назорат¸ айниқса ўзбекистонликларга нисбатан муқобил ахборот олиш имконини яратган Интернет устидан янада кучайди¸ деб давом этади Интернетдаги ахборот эркинлигига алоҳида тўхталган мустақил тадқиқотчи.

- 2011 йилда Ўзбекистон ичкарисидан очиш мумкин бўлган саноқли ахборот сайлари¸ хусусан Lenta.ru¸ Уруш ва тинчликни ëритиш институти саҳифаси ва ҳатто бизнинг сайтимиз ҳам тўсиб қўйилди. Вазирлар Маҳкамаси қошида махсус комиссия тузилиб¸ унга Ўзбекистонга оид барча ахборот¸ хусусан Интернет ва сунъий йўлдош каналларидаги ахборотни кузатиш ва баҳо бериш ваколати юкланди. Август ойида¸ мамлакат бўйлаб Интернет бир неча кунга бутунлай ëпиб қўйилди. Давлатга қарашли Интернет провайдерлари барча ахборот сайтлари¸ ҳатто ҳукуматпараст ва кўнгилочар ва спорт сайтларини ҳам ëпиб қўйди. Бунга техник сабаб баҳона қилинган бўлса-да¸ биз буни фавқулодда ҳолатлар вазиятидаги ҳаракатга ҳозирлик синови деб баҳоладик. 2011 йилги “Араб баҳори”дан туғилган асабийлик Ўзбекистон ҳукуматининг Интернетни назорат қилиш қатъиятини янада оширди¸ дейди Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Европа бўлими раҳбари.

Ташкилотнинг бу йилги Матбуот эркинлиги индексига жаҳондаги 179 давлат киритилган ва матбуоти эркин давлатлар рўйхат тепаси¸ эркин бўлмаганлар эса¸ энг қуйисидан жой олган.

2010 йилги индексга киритилган 178 давлат ичида Ўзбекистон 163¸ 2009 йилги индексда эса¸ 175 давлат орасида 160 поғонага қўйилган ва дунëда матбуот эркинлиги энг кўп бўғилаëтган қуйи гуруҳ сафига киритилган эди.

Ўзбекистоннинг қўшниси Туркманистон бу рўйхатда йиллардан бери Шимолий Корея ва Эритрея билан биргаликда энг сўнгги учликда қолишда давом этмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG