Линклар

Ўзбекистонда 14 феврал - “Севишганлар куни”га бағишланган концертлар бекор қилиниб¸ ўрнига мумроз шоир Бобур таваллуд кунига аталган шеърият кечалари ўтказиладиган бўлди.


Севишганлар Райҳонсиз қолди

Ўзбекистон пойтахтидаги европалашган ёшлар Ғарбда Авлиё Валентин¸ Ўзбекистонда эса "Севишганлар куни" деб ном берилган 14 феврални поп қўшиқчи Райҳон концертига бориб нишонлашни одат қилган.

Кейинги бир неча йил давомида 14 февралда санъаткорнинг “Севаверарман” номли концерти баҳона “Истиқлол” саройи ошиқ-маъшуқларга тўлиб-тошар эди.

Райҳон

Райҳон

Лекин бу йил 14 февралда Райҳон “Севишганлар куни"га бағишланган анъанавий концертини ўтказмайдиган бўлди.

Норасмий хабарларга кўра, ўзбек санъаткорлари бундан буён “Севишганлар куни”га бағишлаб концерт ўтказмаслик ҳақда оғзаки тарзда огоҳлантирилган ва шу сана муносабати билан режаланган барча кўнгилочар тадбирлар бекор қилинган.


"Ўзбекнаво" инкор қилади...

Давлатга қарашли “Ўзбекнаво” эстрада-санъат бирлашмасининг ўз исмини айтишни хоҳламаган расмийси¸ санъаткорларга бундай буйруқ берилганини инкор эта туриб, Райҳоннинг 14 февралга белгиланган концерти хонанданинг ўз муаммолари сабаб бошқа кунга кўчирилганини айтди.

“Райҳон улгурмагани учун сал чўзди орқароққа. 14 феврал - "Севишганлар куни" ҳақида гапирсак, бу сана Ўзбекистонда тан олинмаган. Бу байрам эмас, ҳар кунги кундай ўтади. Валентин-Палентин бу Россияда, Ғарбда байрам қилинар, лекин бизда бу байрам эмас”, деди “Ўзбекнаво” эстрада-санъат бирлашмаси райсмийси.

Озодлик хонанда Райҳоннинг ўзидан бунга муносабат ола олмади. Санъаткорнинг расмий сайтида 14 февралга белгиланган концерт тайёргарлик ишлари сабаб 19 февралга кўчирилгани ҳақида билдирув қўйилган.

14 феврал куни Райҳон концерти ўрнига Тошкентнинг энг йирик “Истиқлол” саройида ўзбек мумтоз шоири Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёт ва ижодига бағишланган шеърият кечаси ўтказиш режаланмоқда¸ дейди сарой маъмурларидан бири.

- Райҳон концерти 19 февралда бўлади. 14 февралда “Шеър ва қўшиқ кечаси” бўлади, деди "Истиқлол" саройи маъмури.


Севаверамиз....

Ўзбекистонда Валентин кунига бағишланган концертларнинг норасмий буйруқ билан бекор қилиниши ўзбекистонлик кўплаб севишган ëшларни бу байрамни нишонлаш аҳдидан қайторолмайди.

- Халққа севишни тақиқлаб бўлмайди. Менимча бу кунни байрам қилишни ўзбекистонликлар хоҳлайди. Бу байрам қандай нишонланган бўлса, бу йил ҳам шундай нишонланади, дейди 26 яшар тошкентлик Ирода.

Айни пайтда¸ яна бир тошкентлик 23 яшар Дилдора бу байрамни ҳеч қачон нишонламаслигини айтади.

- Ҳеч қайси йилда Валентин кунини нишонламаганман. Ёшлар ўзлари шу кунни ўзларича байрам қилиб олган. Бу мусулмончиликка ҳам тўғри келмаса керак, дейди Дилдора

Sayyod.com Валентин эмас¸ Бобурни танлади

Ўзбекистон расмийлари¸ ўзбек ëшларини ëт маданият таъсиридан ҳимоя қилиш уринишларини давом эттираëтган бир кезда¸ ўзбек шоу бизнес сайтларида бу мавзу қизғин баҳс қилинмоқда

“Рости ҳам русларнинг "святоша"лари билан боғлиқ байрамларни тарғиб этгандан кўра, ўзимизнинг ғазал султонларини ёдга олсак арзир”, - деб ёзди жумладан Sayyod.com нашри.

Newstar.uz нашрида чоп этилган “14 феврал Райҳонсиз” деб сарлавҳаланган мақолада эса:

“2012 йилда наҳотки, суперюлдузнинг “Севишганлар куни"га бағишланган анъанавий тусдаги концертлари бўлмаса? Аслида юртимизда 14 феврални муҳаббат кунига айлантирган, байрам сифатида ёшлар орасига кириб боришига ундаган Райҳонку! Шундай экан, бу байрамни Райҳоннинг концертларисиз нишонлаш татирмикан? Нима бўлган тақдирда ҳам, февралнинг оқ-қора рангда бўлишини истамаймиз”, деган жумлаларни ўқиш мумкин.

Ғарб мамлакатларида “Авлиё Валентин куни” - севишганлар байрами сифатида нишонланадиган 14 феврални, собиқ СССР тарқаганидан бери постсовет ўлкаларида ҳам нишонлаш урф бўлиб қолган.

Марказий Осиё давлатлари орасида бу сана фақат Туркманистонда расман тақиқланган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG