Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:13

Душанбе Эрон ширкатини сусткашликда айблаяпти


Тожик расмийларига кўра¸ Эроннинг “Метро” ширкати Тожикистон учун ўта муҳим бўлган лойиҳа бўйича ишни пайсалга солиб келаётир.

Бу ҳақда 24 январ куни журналистларга мутбуот анжумани берган Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири Низом Ҳакимов билдирди.

Вазир Ҳакимовга кўра, “Қошғар-Ҳирот” халқаро темир йўл лойиҳасининг техник асосларини ўрганиш вазифаси бўлган Эрон ширкати турли баҳоналар билан икки ёқлама шартнома шартларини бажармаяпти.

Тожик расмийсининг айтишича, мазкур халқаро темир йўл лойиҳасининг Тожикистон ҳудудига тегишли техник асослари ўтган йил декабр ойигача ўрганилиши лозим эди.

- Аввалига ишни яхши бошлашди. Аммо кейин турли баҳоналар кўпайди. ТЭО учун ажратилган маблағ грант бўлгани сабабли биз “Метро” ширкатига жарима сола олмадик. Биз бу ширкат билан ҳамкорлик шартномасини бир ёқлама бекор қилишимиз ва бошқа ширкатни танлашимиз мумкин. Лекин ҳозирча бу қароримиз амалга кўчгани йўқ, - деди вазир Ҳакимов.

Расмийнинг гапига қараганда, Эронни Қирғизистон, Афғонистон, Тожикистон ва Хитой билан боғлайдиган бу темир йўлнинг стратегик аҳамиятини назарга олган ҳолда, Эрон ҳукумати унинг техник асосларини ўрганиш учун 1 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратган ва бу иш бажарувчисини ҳам ўзи танлаган.

Тожикистон Транспорт ва алоқа вазирлиги Эроннинг “Метро” ширкати билан 2010 йил октябрида Душанбе шаҳрида шартнома имзолаган ва бир ҳафта ўтиб, мазкур ҳужжат Тожикистон парламенти томонидан тасдиқланган.

Вазир Ҳакимовнинг маълум қилишича, “Қошғар-Ҳирот” темир йўлининг техник асосларини ўрганиш ишлари ўтган йил апрелида бошланган эди.

- Айнан ”Метро” ширкати масъуллари турли важлар билан ишни шу кунгача чўзиб келмоқда, - дея қўшимча қилди Тожикистон Транспорт ва алоқа вазири.

“Метро” ширкати билан Тожикистон Транспорт ва алоқа вазирлиги ўртасида воситачилик қилаётган Мансур Саидий аксинча шартнома талаблари тожик расмийлари томонидан бажарилмай қолаётганини айтади.

- Тожикистон томонининг масъулиятсизлиги боис ”Метро” ширкати мактублари кўпинча жавобсиз қолмоқда. Тушунмовчиликлар аслида бу томон айби билан бошланганди. Масалан, “Метро” ширкати Тожикистондан харита талаб қилди, булар эса “харита махфий” эканини айтди. Шу тариқа иш чўзилди, - дейди Саидий жаноблари.

Маълум бўлишича, “Метро” ширкати Эрон ҳудудида фаолият юритади ва янги темир йўл техник асосларини маълум ҳужжатлар асосида ўша ердан туриб ўрганади. Бироқ тожик расмийлари “Метро”нинг Тожикистон ичида ишлашини талаб қилмоқда.

Транспорт вазирлиги масъуллари Эрон ширкати учун махсус иш кабинетлари ва зарур шароитлар ҳозирланганини қайд этмоқдалар.

Маълумотларга кўра, 2260 километрни ташкил қилган бу халқаро темир йўлнинг 392 километри Тожикистон ҳудудида қурилади. Ана шу масофада 16 километрлик туннел ва 47 та кўприк қурилиши лозим бўлади. Буларни қуриш учун эса 10 миллион АҚШ доллари сарфланади. Лойиҳанинг умумий қиймати эса 3,2 миллард долларни ташкил қилади.

Тожикистон ҳукумати Афғонистон орқали ўтиб Тожикистон ва Қирғизистонни Эрону Хитой билан боғлайдиган мазкур темир йўл қурилишини Ўзбекистонга қарамликдан қутилиш учун муҳим, деб билади.

Зеро, расмий Душанбе Ўзбекистон темир йўллари мамлакат учун муттасил муаммо яратаётганини таъкидлаб келади.

- Мазкур темир йўл қурилишининг Тожикистон учун аҳамияти шундаки, биринчи галда, биз Ўзбекистонга қарамликдан қутиламиз. Мана бир неча ойдирки, юзлаб вагон юкларимиз Ўзбекистон ҳудудида қолиб кетмоқда. Агар “Қошғар-Ҳирот” темир йўли қурилса, бу муаммо буткул ҳал бўлади. Бошқа томондан эса, Хитой кўпдан орзу қилган “Замонавий Ипак йўли” барпо этилади, - деган эди янги темир йўл қурилишига ҳозирлик бўйича икки ёқлама шартнома имзоланиши тадбирида қатнашган Тожикистон президенти ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Худойберди Холиқназаров.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2010 йил бошида қўзғалган юк вагонлари билан боғлиқ можаро жорий йилда ҳам давом этди.

Ўзбекистон томони “Амузанг-Қўрғонтепа” темир йўлининг ёпилишини “Ғалаба-Амузанг” темир йўлида портлаш содир бўлгани билан изоҳласа, тожик расмийлари Тошкентни Тожикистоннинг жанубий ҳудудини қасддан иқтисодий қамал қилганликда айбламоқда.

Тожикистон томони Ўзбекистонга қарамликдан тезроқ қутилиш мақсадида муқобил йўллар қурилишига катта аҳамият қаратиб келса-да, аммо ҳозирча бу орзу сароблигича қолмоқда.
XS
SM
MD
LG