Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:42

Санкт-Петербургда беш ўзбек заҳарланиб ўлди


23 январ куни Петербургда спиртли ичимликдан заҳарланиб, беш ўзбек муҳожири ўлди, яна бири шифохонага ётқизилди.


23 январ куни Санкт-Петербургнинг Пушкин туманидаги “Славянка” қурилиш мавзесида беш нафар Ўзбекистон фуқаросининг жасади топилди.

Санкт-Петербург Бош тергов қўмитаси ахборот бўлими бошлиғи Сергей Капитоновга кўра, ҳозирда исмлари ошкор қилинмаётган ўзбеклар 19, 20, 26, 34 ва 53 ёшда бўлган.

- Топилган жасадларнинг Ўзбекистон фуқароси бўлган мардикорлар экани аниқланди, яна бир киши жуда оғир аҳволда заҳарланиш диагнози билан Жанелидзе номидаги Илмий тадқиқот институтининг “Тез ёрдам” бўлимига ётқизилди. Улар Пушкин туманидаги “Славянка” мавзеси қурилишида ишлаган, деди Сергей Капитонов.

Жанелидзе номидаги Илмий тадқиқот институти ходимларининг Озодликка айтишича, шифохонага ётқизилган ўзбекистонлик 20 ёшдаги йигит бўлиб, айни пайтда у комада қолмоқда. Нобуд бўлганлар маййитининг шаҳар ўликхоналаридан бирида сақланаëтгани айтилмоқда.

Сергей Капитоновга кўра, меҳнат муҳожирларининг спиртли ичимлик ичиб заҳарлангани тахмин қилинмоқда.

Ҳозирда Россия Тергов қўмитасининг Санкт-Петербург бошқармаси томонидан ўзбекистонлик фуқароларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Озодликнинг бу масала юзасидан Ўзбекистон элчихонасига кун давомида қилган қўнғироқлари жавобсиз қолди.

Миграция бошқармаси келтираётган маълумотларга кўра, 2011 йилда Петербург ва Ленинград вилоятида 1 миллион 547 минг меҳнат муҳожири миграция қайдига олинган, улардан 14,8 фоизи - ўзбеклардир. УФМС ходимлари ўтган йилда 186 минг муҳожирга ишга рухсатнома ва 46 мингига иш патентлари берган. Жумладан, 100 мингдан ортиқ ишга рухсатнома Ўзбекистон фуқароларига топширилган.

“Петербург.уз” газетаси тарқатган маълумотга кўра, ҳозирда Санкт-Петербургда 850 мингдан ошиқ ўзбекистонлик яшаб меҳнат қилади. Бу эса Россия маданий пойтахти аҳолисининг тўртдан бири¸ деганидир.

“Умид” ташкилоти президенти Алижон Ҳайдаров¸ шаҳарда 500 мингдан ортиқроқ ўзбек доимий яшаëтганини тахмин қилади. Санкт-Петербург Миграция хизмати бошқармаси келтирган маълумотга кўра, шимолий пойтахтдаги ўзбеклар сони 300-400 мингни ташкил этади, аммо улардан фақат 120 минги қонуний меҳнат қилиш ҳуқуқига эга.
XS
SM
MD
LG