Линклар

logo-print

Ўзбекистонда қора совуқ пасайди, электр чеклови эса кучайди

  • Барно Анвар

Совуқ кунда электр ва газ тақчиллиги боис аҳоли уйни танча билан иситишдек қўҳна услубларга қайтган.

Совуқ кунда электр ва газ тақчиллиги боис аҳоли уйни танча билан иситишдек қўҳна услубларга қайтган.

Ўзбекистон об-ҳавони кузатиш марказидан олинган маълумотга кўра, 25 январдан бошлаб мамлакатда ҳаво яна илий бошлади.


Ўзбекистон гидрометеорологларидан олинган маълумотга кўра, ўтган йил декабр ойи ўрталаридан мамлакатга кириб келган совуқ ҳаво оқими боис, сўнгги бир ой ичида ҳарорат кескин пастлаб кетган.

- Шарқий Сибир томондан республикага совуқ ҳаво оқими кириб келди. Шунинг учун ҳаво кескин совуб кетди. Мана ўтган тундан бошлаб, яна ҳаво илишни бошлади. Тошкентда кечаси совуқ -2 даража бўлди. Совуқ кунларда -7-8 ҳам кузатилган эди. Бу йил ёғингарчилик миқдори ҳам ўтган йилгидан кўпроқ бўлди, деди Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази ходими.

Озодликка боғланаëтган аксар ўзбекистонликлар мунтазам электр ва газ танқислиги шароитида ҳаво ҳароратининг кескин совушидан қийинчиликлари янада ортганидан шикоят қилмоқда.

Қишлоқ аҳолисининг куни кўмир ва ўтин ёқилаётган қора печкага қолган.

Қишлоқ аҳолисининг куни кўмир ва ўтин ёқилаётган қора печкага қолган.

Ҳаво ҳарорати -20 даражага қадар тушган Андижон вилоятининг Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи Садрохун Сўпиев бу йилги совуқни 1969 йилдаги совуққа қиёслайди.

- 1969 йилда қор ҳам қалин бўлган эди. Бу йил қор кам бўлди-ю, лекин қуруқ совуқ ҳол-жонимизни олиб қўйди. Газ йўқ, свет йўқ бунинг устига. Мен бу йилги совуқдан санчиқни орттирдим қизим, - дейди андижонлик пенсионер.

Ҳаво ҳарорати тунда -7-8 даражага тушган Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи Ботиржон акага кўра, бу ҳудудларда ҳам аҳоли жиддийгина қийналган.

- Кун совуууқ, - 8 даража кечаси. Свет ўчиқ, газ бўлса липиллаб қолди. Декабрни охирларидан бошлаб, ҳар куни 3 соатдан электрни узадиган бўлишди, денг яна. Пойтахтда аҳвол шу бўлгандан кейин нима дейсиз, дейди тошкентлик Ботиржон ака.

Ҳаво совуб кетгани боис, шаҳар кўчаларидаги савдо расталари ҳам камайиб қолгани кузатилди.

Ҳаво совуб кетгани боис, шаҳар кўчаларидаги савдо расталари ҳам камайиб қолгани кузатилди.

Қибрайлик суҳбатдошга кўра, шаҳарларда кун совуганда аҳоли иссиқликни электр мосламалар билан сақлашга уринмоқда.

Ҳаво ҳарорати пастлаб кетган шу кунларда республиканинг турли вилоятларидаги электр токи ва газ таъминоти билан шуғулланувчи мутасадди ташкилотлар ҳар икки йўналишдаги таъминотнинг чекланиши Тошкентдан келган буйруқ асосида бажарилаётганини айтиб келмоқда.

2011 йилнинг декабр ойидан бошлаб электр чеклови Тошкент вилояти ва пойтахтда ҳам кучайтирилди.

Электр таъминоти билан шуғулланувчи корхоналар ҳаво ҳарорати кескин совугани боис¸ Тошкент шаҳридаги аҳоли хонадонлари ва турли ташкилотларга бериладиган электрни жадвал асосида вақти-вақти билан узишга мажбур бўлаётганини тан олди.

Озодликка сўзлаган Тошкент шаҳридаги Электр тармоқлари корхонаси мутасаддиси бунга хонадонларда ишлатилаётган электр токи ҳажми ортиб кетганини сабаб қилиб келтиради.

- Ўтган ойда, масалан, биргина бизнинг туман бўйича 2 - 3 миллион киловатт соатдан ортганда. Айниқса, маҳаллаларда кун совуши билан ҳамма электрга ёпишяпти. Шунга истеъмол ошиб кетяпти, деган эди электр тармоқлари корхонасининг ўзини таништирмаган мутасаддиси январ ойи аввалида.

Шу боис, шаҳар электр тармоқлари корхоналари навбати билан аҳоли уйларига бериладиган электр токи таъминотини икки соатдан — эрталаб соат 9 дан кечки соат 17 га қадар узаётгани расман айтилган эди.

Аммо оддий тошкентликларнинг сўзларига кўра, январ ойи ўрталаридан бошлаб бу муддат уч соатга узайтирилган.

- Эрталаб, тушда ва кечқурун бир соатдан узишяпти. Электросетда телефон қилсангиз, ҳозир суриштирамиз, қараймиз, улаймиз, дейишади. Лекин бир соат ўтмагунча свет ёнмайди. Бугундан совуқ ташлади, балки бу узилишлар ҳам тўхтар, дея умид билдиради тошкентлик Ботиржон ака.

Аммо расмийлар берган маълумотга кўра, электр таъминотининг чекланаётгани фақат кун совугани билан боғлиқ эмас.

Бунинг яна бир жиддий сабаби энергетик ёқилғи - газ ва мазутнинг тақчиллигидир. Бу тақчиллик сабаблари эса ҳануз расман очиқлангани йўқ.

Ўзбекистонда бу йил қор қалин ёғмади, аммо қаттиққина қуруқ совуқ бўлди.

Ўзбекистонда бу йил қор қалин ёғмади, аммо қаттиққина қуруқ совуқ бўлди.

Ўзбекистонда қишки ҳаво ҳароратининг -20 даражага қадар пастлаши сўнгги бор 2006 йилнинг қишида кузатилган эди.

Нафақат Ўзбекистон, балки қўшни республикаларда ҳам қалин қор ёққан ва ўшанда ҳам аҳоли иссиқлик таъминоти ўта оғирлигидан қийналган эди.

"Ўтган 6 йил давомида аҳвол деярли ўзгармади ва совуқ қиш яна одамларни ўта қийин аҳволга солди", дейди Озодлик билан суҳбатда Садрохун Сўпиев.

Унга кўра, бу йилги совуқ об-ҳаво оилалар қарамоғидаги уй ҳайвонларининг ҳам силласини қуритган.

- Молхонага ўт ёқиб бермаймизку энди. Совуқда олиб кириб, боғлаб қўйганмиз, нима бўлса бўлиб ётибди, дея хавотир қилади суҳбатдош.

Кекса ўзбекистонликнинг сўзларига кўра, бу совуқнинг битта яхши тарафи ҳам бор.

- Дов-дарахт, экин-тикин учун жуда фойдали бу совуқ. Табиат ҳали уйғонгани йўқ, шунинг учун музламайди. Лекин, ҳар йили экинни еб битираётган майда-чуйда ҳашоротлар шу совуқда қирилиб кетса, ажабмас. Кейинги йилларда мевани еб бўлмаётган эди қуртидан, дея баҳорга умид билан қарайди андижонлик Садрохун Сўпиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG