Линклар

logo-print

Нина Бекжон: Эрим гаровда қолмоқда


Муҳаммад Бекжоннинг турмуш ўртоғи Нина ва қизлари (чапдан ўнгга) каттаси Ойгул, энг кенча қизи 17 ёшли Иноят ва Комила.

Муҳаммад Бекжоннинг турмуш ўртоғи Нина ва қизлари (чапдан ўнгга) каттаси Ойгул, энг кенча қизи 17 ёшли Иноят ва Комила.

12 йиллик қамоқ жазоси яна 5 йилга узайтирилган сиëсий маҳбус Муҳаммад Бекжоннинг аëли Нина Бекжон шундай ишончда.

Муҳаммад Бекжоннинг турмуш ўртоғи Нина Бекжон Эрк партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ ўз укаси Муҳаммад Бекжоннинг озод этилишига ёрдам бериш учун катта сиёсатдан кетиши керак¸ деган фикрда.

Ўзбек мухолифатчиларига кўра, Муҳаммад Бекжон муҳожиротдаги акаси¸ ўзбек мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳни жиловда ушлаш мақсадида қамоқда сақлаб келинади.

Ўзбекистон расмийлари айни иддаоларни рад этиб келди. Аммо 2011 йил 14 декабр куни қамоқ муддатини тўлиқ ўтаб бўлган Муҳаммад Бекжоннинг қамоқхона тартибини бузганликда айбланиб яна қўшимча 5 йиллик жазога ҳукм этилиши мухолифатчилар иддаоларини мустаҳкамлагандай.

Муҳаммад Бекжоннинг турмуш ўртоғи 59 ёшли Нина Бекжон Ўзбекистоннинг АҚШ даги элчихонасидан Бекжоннинг озод этилаётгани ҳақида мактуб олгач, ўтган ой бошида Вашингтондан Тошкентга етиб келди.

- Бу мактубни мен беш йил олдин олган эдим ва шундан буён болаларим билан шу кунни интизорлик билан кутиб яшаб келганмиз. Турмуш ўртоғимга яна беш йил қўшиб берилгани ҳақидаги хабардан мен карахт бўлиб қолдим. Эримга ачиниб ичим ёниб кетаяпти¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳозирда Тошкентда бўлган Нина Бекжон.

Ҳозирда Муҳаммад Бекжоннинг уч нафар фарзанди АҚШ да яшамоқда. Нина Бекжоннинг айтишича, улар отасини кўргани келиш учун Ўзбекистондан виза ололмай сарсон. Нина Бекжоннинг ўзи эса қамоқхонадаги эрини кўриш имкониятини йўқотмаслик учун АҚШ фуқаролигини қабул қилмаган.

- Мен кутиб яшадим. Энди эса уни озод этишга кимнингдир қўлидан бирор иш келади деб ўйламайман ва ягона умидим Худодан¸ дейди у Озодлик билан суҳбатда.

“Мен турмуш ўртоғимнинг катта акаси (Муҳаммад Солиҳ - таҳр.) билан гаплашмоқчи эдим”, дея гапида давом этади Нина Бекжон.

- У ҳам бошқачароқ позицияни эгаллаши керак. Унинг қилаётган ишлари беҳуда ва фақат зиён етказмоқда. Менинг ҳаётий тажрибам шуни кўрсатаяпти. У катта сиёсатда юрган бўлса, менинг эрим ҳеч қандай сиёсатчи ҳам эмас. У бир гаровга олинган одам сифатида ўтириб азият чекаяпти. Агар Солиҳ ўзини диндор одам деб ҳисобласа, у бутун умрини қамоқда ўтказган укаси учун сиёсатдан кетиши керак деб ўйлайман¸ дейди Нина.

Нина Бекжоннинг ўтган бир ой давомида турмуш ўртоғи билан қамоқда кўришиш учун ёзган аризалари жавобсиз қолди.

Сўнгги бор Нина Муҳаммад Бекжонни икки йил аввал қамоқхонага бориб кўрган.

Муҳаммад Бекжоннинг 17 ёшга кирган кенжа қизи Иноят эса сўнгги бор отасини 5 ёшида кўрган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG