Линклар

logo-print
Уч қозоқ полициячиси Жанаўзен воқеаларида намойишчиларга нисбатан қурол қўллашда айбланиб маҳкамага тортилади.

Бу ҳақда кеча маълум қилган Қозоғистон Бош прокурори Ашкат Даулбаевга кўра, яна уч мухолифат вакили ҳам Жанаўзенда тартибсизликлар келтириб чиқаришда айбланиб маҳкамага тортилади.

23 январ куни муҳолифатдаги “Алға” партияси раҳбари Владимир Козлов, “Взляд” газетаси муҳаррири Игор Виновский ва президентликка собиқ номзод Шерик Сапарғали фитна йўли билан Жанаўзенда тартибсизликлар бошланишига сабабчи бўлганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг матбуот эркинлиги масалалари бўйича вакили Дуня Миятович муҳолифатчиларнинг ҳибсга олинишини қоралади.

Human rights Watch ва Freedom House ташкилотлари эълон қилган баёнотларда айтилишича, Қозоғистон ҳукуматининг Жанаўзен воқеалари бўйича текширувлари ортида мухолифат вакилларини таъқиб қилиш мақсади яширинган.

Ўтган йилнинг 16 декабр куни Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳри марказида полиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувда, расмий маълумотларга кўра, 16 одам ҳалок бўлган.

Жанаўзенлик нефтчилар етти ойдан буён маошларини оширилишини талаб қилиб, шаҳар марказида норозилик намойишини ўтказиб келаётган эди.
XS
SM
MD
LG