Линклар

Сўғдда террорчиликда гумонланган шахс ушланди

  • Гулнора Равшан

Эрон Ислом жумҳуриятида ҳарбий таълим олиб, сўнгра уюшган жиноий гуруҳ ташкил қилганликда гумонланмиш тожикистонлик фуқаро 16 январ куни Сўғдда қўлга олинди.

Бу борада Тожикистон ҳуқуқ-тартибот органлари 25 январ куни оммавий ахборот воситаларига маълум қилди.

Сўғд вилоятининг Мастчоҳ туманига қарашли Обурдон қишлоғида яшаган Ғайбулло Файзиев, ҳуқуқ-тартибот идоралари масъулларининг айтишича, сўнгги ўн йил давомида халқаро қидирувда бўлган.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармасидаги ишончли манбанинг Озодликка маълум қилишича, Тожикистон Бош прокуратураси 90 - йиллар бошида Сўғд вилоятининг тўрт фуқаросини ўлдирганликда гумонланган Файзиевга нисбатан 2002 йили жиноят иши очган.

Вилоят ички ишлар бошқармасининг исми ошкор этилишини истамаган ходими Ғайбулло Файзиев шу йилнинг 16 январ куни ўз уйида қўлга олинганини маълум қилди.

- Файзиев Ғайбулло Исломович 1992 ва 1993-йилларда Эроннинг Қум шаҳрига борган. Ўша ерда аввалига диний таълим олган. Кейинчалик эса жанговар таълим олган, ўқув-амалий машқлардан ўтган. Бир қанча вақтдан кейин қишлоғига қайтган ва асосан Сўғд вилояти ҳудудидаги рус зобитларига таҳдид қилиб, улардан пул ундириш билан шуғулланган. Бир гал унинг Тожикистонга қайтгани ҳақида маълумот олиб, Обурдон қишлоғига бордик, лекин у қочиб улгурди. Бу гал маълумот олгач, эрта тонгда бориб, Файзиевни уйида ҳибсга олдик, - деди аноним суҳбатдош.

Сўғд вилоят ички ишлар бошқармаси масъулларининг айтишича, дастлабки тергов-суриштирув жараёнида Файзиев ҳақиқатан 1994 йил октябрида сохта Эрон паспорти билан диний ва жосуслик дарсларини олиш учун ноқонуний йўл билан Тожикистонни тарк этгани аниқланган. Етти ойлик таҳсилдан сўнг у юртига қайтган.

Сўғдлик терговчиларнинг гапига қараганда, Ғайбулло Файзиев Мастчоҳга қайтгач, икки қишлоқдошининг кўрсатмаси билан ўта оғир жиноятлар содир қилган. Айни пайтда бу шахслар шахси эълон қилинганича йўқ.

- Уларнинг бири уюшган жиноий гуруҳ тузганликда гумонланиб, аввалроқ қўлга олинган ва узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган. Иккинчиси эса халқаро қидирувга берилган, - деди Сўғд вилоят Ички ишлар бошқармаси масъулларидан бири ўзаро суҳбатда.

Маълум бўлишича, мазкур ишни Тожикистон Ҳарбий прокуратураси олиб бормоқда. Ғайбулло Файзиевга нисбатан мамлакат Жиноят кодексининг 187-моддаси 2-қисми ёки уюшган жиноий гуруҳ тузганлик бўйича айблов эълон қилинган.

Шунингдек, Сўғд вилоят ҳуқуқ-тартибот органларига кўра, Файзиев 1994 ва 1995 йилларда Хўжанд ва Чкаловскда яшаган тўрт фуқарони тўппонча билан отиб ўлдирганликда ҳам айбланмоқда.

Ғайбулло Файзиев ва унинг қидирувда бўлган яна бир шериги ҳамда уларнинг қурбонига айланган шахсларга оид тафсилотлар тергов иши якунланганидан сўнгг эълон қилиниши айтилди.

Эрон Ислом жумҳуриятининг Қум шаҳрида диний таълим олиб қайтган тожикистонлик ва хусусан, сўғдлик ёшлар аввал ҳам “жосуслик”да гумонланиб, ҳибсга олинган эди.

Бир неча йил олдин Сўғд вилоят маҳкамаси бир нечта сўғдлик йигитни уюшган жиноий гуруҳ тузганликда айблаб, турли йилларга озодликдан маҳрум қилганди. Бироқ суд жараёнида судланувчилар ва уларнинг яқинлари бу айбловларни рад қилиб, Эронга фақат Ислом асосларини ўзлаштириш учун сафар қилганларини айтган эдилар.

Тожикистон Бош прокуратураси 2011 йил натижаларига бағишланган матбуот анжуманида ўтган йили биргина Сўғд вилоятида фаолияти таъқиқланган диний-экстримистик ташкилотларнинг 135 аъзоси ҳибсга олинганини маълум қилганди. Мазкур идора маълумотларига кўра, қўлга олинганларнинг аксарияти сўғдликлардир.
XS
SM
MD
LG