Линклар


Ташкилот пайшанба куни эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукуматидан Муҳаммад Бекжонни озод этишга ва маҳбуснинг 1999 йилда қийноққа солинишига масъуллар жавобгарликка тортишини талаб қилган.

“Қамоқхонада бир кун ҳам ўтирмаслиги керак бўлган Муҳаммад Бекжонга яна беш йиллик қамоқ муддати тайинланиши бу очиқдан-очиқ адолатсиз сиёсий ҳукмдир”, - дейилади Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури раҳбари Нина Огнянова эълон қилган баëнотда.

Шунингдек, мазкур баëнотда Огнянова Ўзбекистондаги режим журналистларни қамаш бўйича Евроосиёда етакчи давлатлардан бири эканини таъкидлайди.

- Агар Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятга интеграциялашишни истаса ўз иши учун қамалган журналистларни озод этмоғи керак, дейилади баëнотда жумладан.

58 яшар Муҳаммад Бекжон Ўзбекистон мухолифати лидерларидан бири Муҳаммад Солиҳнинг укасидир.

Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги қамоқхонада 18 январ куни бўлиб ўтган маҳкама уни қамоқхона ички тартибини бузишда айблаб, жазо муддатини беш йилга узайтириш ҳақида ҳукм чиқарган эди

Бекжон 1999 йил 16 феврал кунги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган.

Маҳкама жараёнида у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва қийноққа солинганини айтган.

Муҳаммад Бекжон муолифатдаги Эрк партияси таъсис этган “Эрк” газетасининг бош муҳаррири бўлган.

Мазкур газетанинг 15 йилга қамалган мухбири Юсуф Рўзимуродов ҳам ҳамон темир панжара ортида қолмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати Эрк партиясининг қамоқдаги фаолларига нисбатан амнистия қўллашдан бош тортиб келади.

Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланган таниқли ëзувчи Мамадали Маҳмудов жазо муддати тугагани ва соғлиги ёмонлигига қарамай, ҳануз қамоқда қолмоқда.
XS
SM
MD
LG